Бош саҳифаЯнгиликларИталия тажрибаси: иссиқхонада етиштирилган кўкат ва зираворлар бизнеси (видео)
ВидеоДолзарбМахсусЯнгиликлар

Италия тажрибаси: иссиқхонада етиштирилган кўкат ва зираворлар бизнеси (видео)

EastFruit жамоаси минтақамиз фермерлари учун иссиқхона бизнеси турларидан бири ҳисобланмиш кўкат ва зираворлар етиштириш бўйича виртуал-ўқув саёҳат ташкиллаштирди. Ва биз, Италиянинг «Оrto Ricci» компаниясида бўлдик. У Рим яқинидаги Aнцио шаҳрида жойлашган бўлиб, 30 гектар майдондаги иссиқхонада кўкат, салат барги, сабзавотлар етиштирилади.

Италиядаги кўкат ва зираворларнинг кесиб олинадигани ва тувакларда ўстириладиган турлари қандай етиштирилиши ҳақидаги видеорепортажни бу ерда кўришингиз мумкин. Ушбу маълумотлар, айниқса, пазандаликда қўлланадиган кўкат ва зираворлар экспортнинг муҳим тури саналган Грузия ва Ўзбекистон мамлакатлари учун долзарб аҳамиятга эгадир.

«Орто Риччи»да қандай қизиқарли нарсаларни кўрдик? Келинг, бу хусусда батафсил сўзлаб берамиз. Бу ерда биз, гидропоник усулда кўкат етиштириб, гектарига 2 миллион евродан кўпроқ даромад олинишини кўрдик. Субирригация нима эканлигини ўргандик. Субирригация (ёки автосуғориш) гиламчалари ва сузувчи субирригация тизими қандай ишлайди, денгиз иқлимининг афзаллиги нимада, иссиқхона қанча муддат хизмат қилиши мумкин, райҳоннинг селен билан биофортификацияси нима ва бу нима учун керак, интеграллашган ҳимоя тизими маркетингга қандай ёрдам беради? Ана шуларни ўргандик.

Кўкатлар, зиравор ва сабзавотлар ассортименти ҳамда «қирол райҳон»

«Орто Риччи» компанияси кўкатлар, зираворлар ва ҳатто сабзавотларнинг жуда катта ассортиментига эга. Аммо барча даромаднинг тахминан 75%ини биргина экин – райҳон олиб келади. Нега айнан райҳон? Унинг кўп қисми қаерга кетади?

Маълумки, Италия пиццаси билан машҳур ва энг номдор пицца, шубҳасиз, «Маргарита»дир. Уни райҳонсиз тайёрлаб бўлмайди. Шу билан бирга, райҳон бошқа кўплаб таомларга ҳам қўшилади, мисол учун, таниқли песто соуси, балиқли таомлар, шунингдек, пишириқ, салат ва ҳоказоларни тайёрлашда ишлатилади. Дарвоқе, райҳоннинг турлари жуда ҳам кўп. «Орто Риччи» ассортиментида оддий райҳондан ташқари унинг жигарранг, қизил, лимонли ва қизилмияли турлари бор.

Қизиғи шундаки, бу ерда ҳатто қичитқиўт ҳам ўстирилади! Хуллас, қуйидагилар компанияда етиштириладиган кўкат ва зираворлар рўйхатининг айримлари: ялпиз (одатийси ва ботқоқ ялпизи), лимонўт, майоран, мирт, розмарин, маврак, котовник ёки непетелла, жамбил, тархун, тимьян ёки чабрец, кашнич, лаванда, бурачник, орегано, серфония, резанец-пиёз (сибулет-пиёз, шнитт-пиёз, скорода-пиёз), цимбопогон! Шунингдек, ассортиментда салат барги, ошқовоқ гуллари ва бошқалар ҳам бор. Aлоҳида йўналиш – бу черри помидори, қалампир ва тувакда етиштиришга мўлжалланган бошқа сабзавотлардир. Уларни, кўпинча, уй безаги сифатида экишади.

Шивит ва петрушка

Постсовет мамлакатларидаги энг машҳур кўкатлар, масалан, шивит ва петрушка бу ерда деярли йўқ. Петрушкани баъзи рецептларда учратиш мумкин, аммо шивитни Италияда умуман билишмайди. Бу ерда баъзан фенхель учраб туради ва у, кўпинча, шивит билан адаштирилади. Бироқ ҳақиқий шивитни топиш деярли имконсиз. Мазкур мамлакатда постсовет ҳудудидан, хусусан, Украинадан келган бир неча юз минг киши яшайди. Шу сабабли, «Орто Риччи» ҳозирги кунда шивит ва петрушка етиштиришни йўлга қўймоқда. Зеро, талаб бор ва шунга яраша даромад олиш имкони ҳам мавжуд.

Энди кўкат етиштириш бўйича иссиқхона бизнесига ўтамиз.

Жойлашув, иқлим, экспорт ҳамда ички бозор

Нега италиялик кўкат етиштирувчилар денгизга яқин ерда жойлашишни афзал билишади? Сабаби оддий – бу ернинг иқлими нисбатан юмшоқ: қишда илиқ, ёзда эса салқинроқ. Ушбу жиҳат қишда иссиқхоналарни иситиш учун маблағни тежаш, турли касаллик ва зараркунандалар билан боғлиқ муаммолардан йироқ бўлиш имконини беради.

«Орто Риччи» Буюк Британияга кўкат экспорт қилишга уриниб кўрди, аммо кесиб олинган экинларнинг аксарияти узоқ муддат сақлашга мўлжалланмаган, тувакдагилари эса кўп жой эгаллайди. Шунинг учун маҳсулотни Италия ички бозори, мамлакатнинг пойтахт минтақаси ҳамда унга қўшни ҳудудларда сотишга қарор қилинди. Чунки, бозор етарлича катта ва тўловга қодир. Логистика харажатлари ҳам паст. Энг муҳими, маҳсулот сифатига путур етмайди, у барра ҳолатида харидор қўлига етиб боради. Умуман олганда, компания шу йўл билан кўплаб муаммоларни четлаб ўтмоқда.

Кўкат етиштирувчи иссиқхоналар турлари

Кўкат етиштиришга мўлжалланган гидропоник иссиқхоналар анча эскириб қолган – ҳозир улар 25 ёшлар атрофида. Биз, шиша иссиқхоналарни назарда тутяпмиз. Мазкур турдаги иссиқхоналарни шамоллатиш (томдаги туйнукларни очиш), ҳаво намлигини назорат остида ушлаб туриш ёзда жуда муҳимдир. Чунки бундай иссиқхоналарда кўкатлар субирригация усулига мосланган махсус сузувчи кассеталарда ўстирилади, яъни намлик, одатда, анча юқори бўлиб, бу ўсимликларни касаллантириб қўйиши мумкин.

Иссиқхоналарда, албатта, тўлиқ рақамлаштириш – иқлим назорати, суғориладиган сув таркиби ва ўсимлик етиштиришнинг бошқа параметрлари компьютер ёрдамида амалга оширилади. Шу муносабат билан иссиқхонага турли хил сенсорлар ўрнатилган.

Қиш мавсумида асосий муаммо ёруғлик етишмовчилиги бўлиб, бу экин ўсиши сустлашувига олиб келади ва касалликлар тарқалишини ҳам кучайтириши мумкин. Иссиқхоналарни иситишда энергия сарфини камайтириш учун тун пайти ўсимликлар устида иссиқлик сақловчи махсус пардалар очилади.

Ёзда, аксинча, экинлар қизиб кетишининг олдини олиш учун шиша ва плёнкали иссиқхоналар ичкаридан оқартирилади. Иссиқ Рим қуёши таъсирида оқартирилган шиша иссиқхона кузгача ўз-ўзидан шаффоф ҳолга келади ва қўшимча харажатларга ҳожат қолмайди.

Компанияда плёнкали иссиқхоналардан ҳам фойдаланилади ва ҳатто ёз фаслида маҳсулотлар очиқ ҳавода етиштирилади.

Суғориш жараёнида сув қандай тежалади?

Кўкатлар, асосан, стерил муҳитда, сузувчи пенопласт кассеталар ёки автоматик суғориладиган махсус гиламчаларда ўстирилади. Бундан ташқари, кўкатларнинг бир қисми ерда етиштирилади.

Гидропоник иссиқхоналарда ўсимликлар оддий енгил пенопласт кассеталардаги озуқавий суюқликда сузиб юради. Ўсимлик илдизи суюқликдан керакли озуқани олади. Шу билан бирга, барглар қуруқ ҳамда тозалигича қолгани боис, касалликлар, зараркунандалар билан боғлиқ ортиқча муаммолар юзага келмайди. Хуллас, ушбу усул маҳсулотнинг юқори даражадаги тозалиги ва бизнеснинг экологик софлигини таъминлаши билан аҳамиятлидир.

Озуқавий моддалар эритмаси доимо шамоллатиб турилади ва компьютер ҳар бир экиннинг идеал “овқатланиши”ни таъминлаш учун унинг кимёвий таркибини назорат қилади.

“Орто Риччи” сув истеъмолини камайтириш мақсадида ёмғир сувини йиғишга мослаштирилган. Бу сув тозалангач, ишлатилади. Экинни ўстириш учун мўлжалланган сузиб юрувчи кассеталар суви йилига атиги бир марта янгиланади.

Суғориладиган гиламчалар деб аталувчи субирригация тагликлари, асосан, шиша иссиқхоналарда ишлатилади. Фақат улар кўкат ва сабзавотларни тувакларда етиштириш учунгина қўлланади: Гиламчага озиқлантирувчи эритма солинади, ўсимлик илдизи идишдаги тешик орқали ушбу гиламчага етиб боради, шу тарзда экин ўзига керакли озуқани олади. Бундай ёндашув сабаб, субстрат ҳам, ўсимлик барглари ҳам қуруқлигича қолади, бу эса табиийки, маҳсулотнинг экологик софлигини таъминлайди. Қолаверса, ушбу усул сув ва ўғитлар исроф бўлишининг олдини олишда  муҳим аҳамиятга эга, чунки сувни ҳам, ўғитни ҳам ўсимликларнинг ўзи кераклигича олади.

Ўсимликларни ҳимоялашнинг яхлит тизими (ЎҲЯТ)

Компания агрономлари ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалардан фойдаланишни камайтириш ёки бутунлай йўқ қилиш бўйича ёндашувларни қидиришмоқда. ЎҲЯТ туфайли кўкатлар, салат барги ва сабзавотларни етиштиришда ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситаларидан минимал фойдаланишни таъминловчи комплекс ёндашув қўлланади. Масалан, бизга, иссиқхонадаги турли экинларнинг яқин жойлашуви улардаги ривожланишга қандай таъсир этиши эксперимент сифатида намойиш этилди. Бу бизнеснинг барқарорлиги ва экологик софликни ошириш учун янги захираларни кашф этиш имконини беради.

Ишчи кучи – рақобатдошликнинг муҳим омили

Автоматлаштиришнинг максимал даражасига қарамай, кўкат етиштириш кўп ҳолларда қўл меҳнатини ҳам талаб этади. Шу боис, меҳнат харажатлари кўкат етиштириш нархида катта улушга эга. Aйтганча, бу, эҳтимол, компанияда барра кўкатларга урғу берилишининг яна бир сабабидир, чунки у ишчи кучи арзон саналадиган мамлакатлардан импорт қилинган маҳсулот билан рақобатдан халос бўлиш имконини беради.

«Орто Риччи»да кўплаб хорижликлар ишлайди. Улар, асосан, Панжоб ва Ҳиндистондан келганлардир.  Шу сабабли, компания иссиқхоналаридаги барча эълон ва хабарлар итальян ҳамда панжоби тилларида чоп этилади. Иш билан таъминлаш юз фоиз расмий бўлиб, ишчи кучи, солиқларни ҳисобга олганда, компания учун соатига 10 еврога тушади.

Кўкатлар йиғим-терими

Кўкатлар ўсимлик жойлашган кассетани тутиб олиш ва уни кесувчи махсус машинага жойлаштириш орқали йиғиб олинади. Кассеталарда қолган илдизлар чайқатилиб, яроқлилари қайта ишлатиш учун тозаланади.

Кесилган кўкатлар супермаркетлар тармоғида сотишга мўлжалланиб, халталарга қадоқланади. Сотув муддатини узайтириш учун маҳсулот обдон ювилмайди, харидорнинг ўзи кўкатларни  уйда ювиши керак.

Тувакдаги кўкатларни тозалаш умуман муаммо эмас. Туваклар субирригация гиламчаларида тургани учун уларни олиш ва қадоқлаш жуда ҳам осон.

Биологик парчаланувчи қадоқ ва туваклар

Компания атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан фахрланади. Зеро, у ерда ишлатиладиган барча қадоқлаш материаллари биологик парчаланиш хусусиятига эга.

Кўкат ва сабзавотларни етиштириш учун био-туваклардан фойдаланиш долзарб масалалардан биридир. Гап шундаки, супермаркетлар бундай кўкатлар биологик парчаланадиган идишларда етказиб берилишини талаб қилади. Бироқ, уларнинг нархи оддийларидан уч баравар қиммат. Маълумки, истеъмолчини кўкат ва унинг нархи қизиқтиради, қандай тувакда ўстирилгани эса умуман аҳамиятсиз. Шу боис ҳам, оддий пластик туваклардаги кўкатлар нарх борасида ютиб чиқади.

Кўкат етиштиришдан тушадиган даромад ҳамда ҳосилдорлик

Субирригацияга мўлжалланган гидропоник иссиқхоналардаги райҳоннинг ҳосилдорлиги бир циклда ҳар бир гектардан 7-10 тоннагача етади. Цикл ёзда тахминан 20 кун ва қишда тахминан 30 кун давом этади. Ўрта ҳисобда йилига 14 та ишлаб чиқариш циклини амалга ошириш мумкин. Демак, ҳосилдорлик гектарига 120 тоннани ташкил этади.

Одатда, 50 граммлик қадоқларда сотиладиган кесилган райҳоннинг ўртача нархи кг учун 20 евро эканлигини ҳисобга олсак, бундай иссиқхоналарнинг ҳар бир гектаридан тушадиган умумий даромад йилига 2 миллион евродан ошади.

Никелсиз райҳон ва селенли биофортификация

Қизиқарли кузатув: компания айни дамда ўсаётган ва сотилаётганларига қараганда кичикроқ тувак кўкатларини етиштириш истагида. Бу товар айланмаси тезлашувига олиб келар экан. Қолаверса, ушбу кўкатлар истеъмолчи учун фойдали саналади. Аммо харидорлар барқ уриб ўсган кўкатларни афзал билишади, зеро, бу билан улар кўпроқ нарса сотиб оляпман, деб ўйлашади.

Кўкатлар сифатининг жуда муҳим кўрсаткичи улар таркибида никель даражаси пастлигидир. Шундай пастки, маҳсулотни бемалол никелсиз ёки никель-фри деб ҳисоблаш мумкин. «Орто Риччи» жараённи диққат билан кузатиб боради ва стандарт сифатида никель борасида бебаҳо қийматга эга кўкатларни сотади.

Умуман олганда, соғлом турмуш тарзига бўлган талабнинг тобора ортиб бориши доимий равишда янги усулларни излаш ва кўкатларнинг фойдали жиҳатларини кўпайтиришга ундамоқда. Ушбу йўналишлардан бири таркибида селен миқдори юқори бўлган райҳон етиштиришдир.

Селен – инсон саломатлиги учун энг муҳим микроэлементлардан бири. У қалқонсимон без фаолияти ва метаболизм жараёнида муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, селен иммунитетни мустаҳкамлаш, мия фаолиятини яхшилаш ва ҳатто юрак хасталиги хавфини камайтириш орқали ҳужайралар шикастланиши ҳамда оксидланиш стрессидан ҳимоя қилади.

Селен баъзи жигар касалликлари ва оғир металлардан заҳарланишнинг олдини олишга ёрдам беради, деб ҳисоблашади. У йод алмашинувида иштирок этганлиги сабабли, инсон организми учун муҳим микроэлемент дея тан олинади.

Шу боис, «Орто Риччи» икки йилдан буён райҳонни селен билан биофортификациялаш ёки био-тўйинтириш дастурини ишлаб чиқмоқда.

Райҳон селенни барглари эмас, илдизи орқали қабул қилса, унинг таркибида ушбу микроэлемент кўпроқ тўпланади. Бу жиҳат суб-суғориш усули қўлланадиган компания учун жуда мос келди.

Селен энг ёш баргларда кўпроқ бўлгани боис, компания райҳоннинг тез ўсадиган навларини қидирди. Натижада, SAIS Sementi компаниясининг Gemini нави танланди. Бундан ташқари, оддий райҳон ҳосилидан қолишмайдиган ҳосилли биофортификацияланган райҳон етиштириш технологияси ишлаб чиқилди. Компания Италиянинг юксак рақобатбардош барра кўкатлар бозорида бу технология бирмунча афзалликлар беришига умид қилмоқда.

Бозорда рақобат ўсиши давом этмоқда

Кўкат етиштириш ҳар гектар ердан юқори даромад олиш имконини бергани боис, ушбу бозорда рақобат ўсишда давом этмоқда. Бу ҳолат замонавий иссиқхоналарни яратиш учун катта сармоялар зарур эканлигига қарамай юз беряпти. Қолаверса, ҳозирги кунда жаҳон бўйича иссиқхоналар технологиясига, айниқса, вертикал фермер хўжаликларини яратишга инвестициялар жалб қилиш жадал ривожланмоқда. Ва бу ҳар қандай жойда, ҳатто катта шаҳарларда ҳам кўкат етиштириш имконини беради.

Аммо мазкур технологиялар Италияда ҳали кенг қўлланмаяпти. «Орто Риччи» эса кўкатлар сифатини ошириш, атроф-муҳитга зарар етказмаслик ва экологик софликни таъминлашга доимий эътибор қаратгани туфайли ривожланишда давом этиб, бозорда ўзига ишонч билан одимламоқда.

EastFruit жамоаси «Orto Ricci» компаниясига сабоқ олиш имкониятини берганлиги ва  очиқ-ойдин маълумотлар учун миннатдорлик билдиради.

Италияда кўкат етиштириш, йиғим-терим ва қадоқлашга бағишланган видеони қуйида кўришингиз мумкин.

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Тошкентда мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологияларга бағишланган конференция бўлиб ўтди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин