Грузияда қовун нархи мева-сабзавот секторидаги бошқа маҳсулотларга қараганда анча арзонлашди, дея қайд этмоқда EastFruit таҳлилчилари. 2020 ва 2019 йилларнинг июнь ойи охирида грузиялик деҳқонлар ўзлари етиштирган қовунни 2021 йилга нисбатан икки баравар ёки ундан ҳам қимматроққа сотишган эди. Бугунги кунга келиб, Грузия қовунининг ўртача улгуржи нархи кг учун 0,22 долларга тушиб кетди ва EastFruit таҳлил гуруҳи нархлар ҳали пасайиш чегарасига етиб бормаган бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Жорий мавсумда нархлар ҳам арзон, талаб ҳам суст.
Бу таъминот кўпайгани билан боғлиқ – мазкур комбинацияни биз Грузия мева-сабзавот секторида тез-тез учратамиз. Таъминот ўсиши бу йил қовунларнинг юқори ҳосилдорлиги, шунингдек, импортнинг ортиши туфайли юз бермоқда. Суст талаб эса пандемия сабаб юзага келган иқтисодий таназзул сабаблидир ва бу биринчи навбатда, туристик сектордаги чекловларга бориб тақалади.
2021 йилги қовун импорти нарх белгиланишида ўтган йилга нисбатан анчайин муҳим роль ўйнайди. 2021 йилнинг дастлабки беш ойида Грузия қовун импорти бўйича рекордни янгилади. 2021 йилнинг январь-май ойларида 119 тонна полиз маҳсулотлари импорт қилинди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 65 фоиз кўпдир. 2021 йилнинг май ойида қовун импорти 106 тоннани ташкил этди ва Грузия учун асосий етказиб берувчилар Туркия ҳамда Эрон бўлди.
Шунингдек ўқинг: Грузия тажрибаси: қулупнайдан йил бўйи ҳосил олиш сирлари ва қизиқарли агротурлар
Туркия қовунлари кг учун 0,15 доллардан (CIF), Эрон қовунлари эса ундан арзонроқ – кг учун 0,11 доллардан (CIF) импорт қилинган. Туркияда ҳам, Эронда ҳам нархлар Грузиядаги ўртача нархдан анча паст. Мавсумнинг биринчи ойларида юқори импорт ҳажми ва нархлар пасайиши ҳисобга олинса, бу амалдаги нархларга сезиларли босим ўтказмоқда. Баъзи грузиялик деҳқонлар аллақачон қовун нархини кг учун 0,09-0,15 долларга туширишга мажбур бўлишган. Шу сабабли, ҳозирги ўртача 0,22 доллар нарх яқин келажакда янада пасайиши мумкин, чунки таъминот ўсишда давом этмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!