Грузиядаги биринчи онлайн бозор декабрь ойида иш бошлади ва энди ҳар ким қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини воситачисиз, тўғридан-тўғри фермернинг ўзидан сотиб олиши мумкин бўлади.
Ebazaar.ge – фойдаланувчиларга соғлом, экологик тоза, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бевосита ишлаб чиқарувчининг ўзидан осон сотиб олиш имконини берувчи Грузиядаги биринчи онлайн платформадир.
“Грузияда онлайн савдо тобора жадал тус олмоқда ва пандемия ушбу йўналиш ривожига сезиларли туртки берди. Сўнгги беш йил давомида мен Грузияда электрон тижорат ривожи йўлида ҳаракат қилдим ва шунинг учун аввалги ҳамда кейинги вазиятни солиштира оламан. Пандемиядан аввал онлайн савдо суст эди, аммо, кейин – биринчи локдаун пайтида аҳоли ҳатто минерал сувга ҳам онлайн буюртма бера бошлади», дейди ebazaar.ge ҳаммуассиси Тамар Буадзе EastFruit нашрига берган эксклюзив интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, грузиялик истеъмолчи майда харидларни онлайн шаклда амалга оширишга кўпроқ мойил – ўртача чек ҳозирча 10 долларни ташкил қилмоқда, кўпинча, электроника каби стандартлаштирилган товарлар сотиб олиняпти. “Ўртача камтарона харидларга қарамай, шуни эътиборга олиш лозимки, Тбилисида рўйхатдан ўтган 1,1 миллион уй хўжалиги ҳар куни озиқ-овқат сотиб олади ва мева-сабзавотлар Грузия ошхонасининг ажралмас қисмидир”, дейди Буадзе хоним.
“Бизнинг платформа истеъмолчи учун ҳам, ишлаб чиқарувчи учун ҳам бир-бирига яқинлашиш имконини беради. Бу фермерлар чекловларсиз рўйхатдан ўтишлари, маҳсулотларни электрон савдо расталарига жойлаштиришлари ва уларни тўғридан-тўғри якуний истеъмолчиларга сотишлари мумкин бўлган классик marketplaceдир.
Лойиҳадан кўзланган мақсад Грузия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг замонавий технологиялар орқали янада қулайроқ харид қилинишини таъминлаш, шунингдек, маҳаллий фермерларни қўллаб-қувватлашдир.
“Биз мева-сабзавотлардан ташқари, ишлаб чиқариш чекланганлиги сабабли, кўпинча, супермаркетларга етиб бора олмайдиган маҳсулотларни таклиф қиламиз. Улар мамлакатнинг турли ҳудудларида етиштирилган бўлиб, истеъмолчилар энди бундай маҳсулотларни уйга етказиб бериш хизматидан фойдаланган ҳолда сотиб олишлари мумкин», дейди Тамар Буадзе.
Жойларда фаолият юритувчи консуллар маҳсулотнинг юқори сифатини назорат қилишда ва фермерларнинг порталда рўйхатдан ўтишида кўмаклашади, шунингдек, логистикани ташкиллаштиради. Мижоз ҳар бир фермер учун веб-сайтда маҳсулотнинг таъми ҳақида шарҳ қолдириши мумкин.
ebazaar.ge – ўзи маҳсулот ишлаб чиқариб сотмайдиган, лекин ишлаб чиқарувчига қулай савдо хизматини таклиф қилувчи ноёб бизнес моделидир. Унга фермернинг ўзи таклифларини жойлаши, нарх белгилаши, акцияларни бошқариши ва савдо жараёнида воситачиларсиз тўлиқ иштирок этиши мумкин.
Лойиҳанинг вазифаси фермерлар ва истеъмолчиларга қулай тўлов хизмати ҳамда маҳсулот буюртма қилинган пайтдан то якуний истеъмолчига етиб боргунига қадар автоматик кузатувни таъминлашдан иборат.
Шунингдек, компания тўловнинг мослашувчан шартларини таклиф қилади, унга кўра, маблағ буюртма бериш вақтида эмас, балки уйга етказиб берилганида мижознинг ҳисобварағидан ечиб олинади ва фермернинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади. Минтақавий хусусиятлар ҳисобга олиниб, қолаверса, қулайлик учун нақд пулда ҳам, банк ўтказмаси орқали ҳам тўловни амалга ошириш мумкин.
Ҳозирча платформа орқали Кахети ва Квемо Картли минтақаларида етиштирилган сархил сабзавот ва меваларни фақат Тбилисида харид қилиш мумкин. Аммо келгуси йили компания бошқа минтақалардаги йирик шаҳарлар – Кутаиси, Батумигача етказиб бериш хизматини кенгайтирмоқчи.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!