EastFruitнинг Тожикистондаги вакиллари хабарига кўра, голубика илк бор ушбу мамлакатдаги супермаркетлар пештахталарида пайдо бўлган. Илгари Тожикистон ўта замонавий ва машҳур ушбу резаворга ҳеч қизиқиш билан қарамасди – голубика етиштириш ҳам, уни истеъмол қилиш ҳам мамлакатда ҳеч бўлмаган.
Тожикистоннинг озиқ-овқат чакана савдоси етакчиларидан бири – “Пайкар” супермаркетлар тармоғи пештахталарида голубика пайдо бўлди. 2021 йилнинг июль ойида мева-сабзавот бўлимлари бўйича аудитимиз маълумотларига кўра, “Пайкар” Душанбедаги бошқа супермаркетлар тармоғини ассортимент бўйича анча ортда қолдирди. Шунинг учун бу резавор айнан мазкур тармоқ дўконларида пайдо бўлганлиги ажабланарли эмас.
Айтганча, голубика пойтахт супермаркети пештахталарига кириш учун узоқ йўлни босиб ўтди. У Перудан Россияга авиатранспорт ёрдамида олиб келинган, у ерда чакана қадоқларга қадоқланган, кейин эса кичик ҳажмда сотиладиган бошқа позициялар билан бирга ер транспорти орқали Тожикистонга етказилган. Шундай бўлса-да, меванинг сифати анча яхши эди.
«Пайкар»даги голубиканинг нархи 160 грамм учун 39,5 сомоний этиб белгиланди. Бу 246 сомоний/кг ёки 21,8 доллар/кг га тенг. Мазкур нарх у қадар қиммат эмас. Айниқса, голубика бадавлат истеъмолчилар орасида машҳур бўлиб улгурган қўшни Ўзбекистон билан солиштирганда нисбатан арзон. У ерда резавор нархи, ҳатто Шимолий Яримшардаги қизғин мавсумда ҳам килограмм учун 30 дан 40 долларгача ўзгариб туради. Бу йил Ўзбекистон биринчи марта Украинадан голубика импорт қилди. Маҳаллий тадбиркорлар эса голубика етиштиришга қизиқиш билдирмоқда, айниқса, бизнинг голубика бизнеси билан боғлиқ қатор семинар ва конференцияларимиздан сўнг.
Тожикистон худди Ўзбекистон каби голубикани муваффақиятли етиштириб, кўплаб мамлакатлар бозорларига, биринчи навбатда, Россияга экспорт қила олади. Россияда голубика нархи жаҳондаги энг юқори нарх ҳисобланади. Шу билан бирга, Тожикистон ва Ўзбекистонда голубика етиштириш ва бозор учун қулай даврларда ҳосилни йиғиб олиш учун шароитлар идеалдир. Мазкур турдаги бизнес ривожига ўсимликни етиштириш технологиялари бўйича билимлар етишмаслиги ва голубика плантацияларини бошқара оладиган кадрлар танқислиги тўсиқ бўлмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!