2023 йилнинг 20 январидан 29 январига қадар Германия пойтахти – Берлин шаҳрида «Green week – 2023» деб номланган йирик халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон маҳсулотлари умумий майдони 240 метр квадратлик «Made in Uzbekistan» стендида тақдим этилди. Ушбу стендда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг 227 тури намойиш этилмоқда, сархил ва қуритилган мева-сабзавотлар, ёнғоқлар шулар жумласидандир, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик ошпазлар ҳар куни палов, сомса, тандирда ёпилган нон ва бошқа таомлар тайёрлаб, тадбирга ташриф буюрувчиларни меҳмон қилишмоқда. Ва албатта, стенд жонли ижродаги миллий мусиқа садолари остида фаолият кўрсатяпти.
Кўргазманинг биринчи иш куни якунларига кўра, Германия дўконларига музлатилган ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш, Германиянинг “Гирлос инжиниринг” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда музлатгичли омбор қуриш ва «Бухерс» компанияси томонидан кооператив асосида мева-сабзавотларни қайта ишлаш бўйича шартномалар имзоланди, дея хабар берди Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг матбуот хизмати.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Нидерландия, Канада, Грузия, Польша, Мўғулистон, Латвия ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлари, шунингдек, Жаҳон банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистонда Нидерландия, Польша, Латвия ва Канада тадбиркорларининг бизнес-миссияларини ташкил этиш режалаштирилди.
Ушбу кўргазмадаги Ўзбекистон стенди фаолияти ҳақидаги видеони қуйида томоша қилинг:
Халқаро Яшил ҳафталик (International Green Week IGW) – «Green week» кўргазмаси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва боғдорчилик бўйича жаҳондаги етакчи савдо ярмаркаси ҳисобланади. Ва бутун жаҳон бўйича ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини ушбу майдонда тақдим этади. Кўргазмада Германия ва бошқа мамлакатлардан қишлоқ хўжалигининг барча соҳалари вакиллари ва мутахассислари иштирок этади. Тадбирда мева-сабзавотлардан ташқари гўшт ва колбаса, денгиз маҳсулотлари, чой, вино, пиво ва турли ичимликлардан иборат озиқ-овқат саноати маҳсулотларининг барча турларини кўриш мумкин. Бундан ташқари, уруғлик, қишлоқ хўжалиги техникаси, иссиқхоналар ва шу билан боғлиқ турли товарлар мавжуд.
2020 йилда Берлин кўргазма марказига ташриф буюрувчилар сони 400 минг кишидан ошган эди, шу жумладан, ушбу тадбирга 75 мамлакатдан 90 мингга яқин мутахассислар борган. Мазкур ярмаркага ташриф буюрганларнинг умумий харажатлари – ярмаркада истеъмол қилинган маҳсулотлар ёки товарлар сотиб олиш учун 52 миллион евродан ошган. Кўргазмада 72 мамлакатдан 129 минг метр квадрат майдонни эгаллаган 1810 экспонент иштирок этган.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!