Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев бошчилигидаги делегация Римга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги вазирлик матбуот хизмати ҳаволасига таяниб.
Икки кунлик ташриф давомида Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси иштирокида халқаро ташкилотлар, Италия қишлоқ хўжалиги ассоциацияси, илмий-тадқиқот институтлари ва йирик компаниялар вакиллари билан бир вақтнинг ўзида бир нечта учрашувлар ўтказилди.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош директори Цюй Дунъюем билан музокаралар чоғида ФАОнинг техник ёрдами, қўшимча молиялаштириш, хусусан, Глобал экологик фонд ва Яшил иқлим фонди грантини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, ФАО билан қишлоқ хўжалиги ерлари, ўрмон ва яйловлардан самарали фойдаланишга қаратилган 10 миллион долларлик иккита янги грант лойиҳаси имзоланди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) президенти Жильбер Унгбо, жамғарманинг минтақавий директори Дина Салеҳ ва мамлакат раҳбари Фиди Ражонсон билан ҳам музокаралар ўтказилди. Ўзбекистонда IFAD ваколатхонасини очиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва IFAD ўртасидаги 2023-2027 йилларга мўлжалланган Стратегик имкониятлар дастури (CОSOP) доирасида кичик фермерлар, шунингдек, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалиги ассоциациялари, илмий-тадқиқот институтлари ва йирик агросаноат компаниялари билан учрашувда вазир Жамшид Хўжаев ва Италия қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси (FAGRI) президенти Жанфранко Гречи Ўзбекистонда FAGRI ассоциацияси ваколатхонасини очиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”ни имзолашди.
Италия кўчатчилик ассоциацияси консорциуми (CIVI Italia) президенти Гандоминико Консалво ва Қишлоқ хўжалиги конфедерацияси (Cоnfagricoltura) бош директори Франческо Порсини билан музокаралар чоғида мевали дарахтлар кўчатларини Ўзбекистонда сертификатлаштириш тизимини жорий этиш бўйича қўшма лойиҳанинг келишув тафсилотлари муҳокама қилинди.
ФАОнинг Римдаги бош қароргоҳида “Ўзбекистон” номли лаунж-зонанинг очилиши алоҳида воқелик бўлди. ФАО ходимлари ва меҳмонлари қабул қилинадиган миллий лаунж-зона лойиҳаси бир неча йил давомида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бевосита ташаббуси ва ташкилий-ижодий иштироки билан халқаро доираларда ўзбек мавзусини оммалаштириш мақсадида амалга оширилди.
ФАО штаб-квартирасининг 8-қаватида жойлашган “Ўзбекистон” залида ФАО ходимлари ва ташкилот меҳмонлари ўртасида бизнес-тушлик, учрашувлар, норасмий музокаралар ўтказилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!