Евроосиё иқтисодий комиссияси мутахассислари ФAО экспертлари билан ҳамкорликда 2021 йил охиригача ЕОИИда мева, резавор ва сабзавотлар бозорининг барқарор ривожланиши бўйича қўшма доклад тайёрлашади. ЕИКнинг агросаноат сиёсати департаменти директори Aрмен Aрутюнян ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО)нинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси бошлиғи, бош директор ўринбосари Владимир Рахманинлар иштирокидаги учрашувда бунга келишиб олинди.
Ҳужжатни тайёрлашда Евроосиё «бешлиги» мамлакатлари экспертлари ҳам иштирок этади, деб хабар бермоқда ElDala.kz.
«Бизнинг Иттифоқ доирасида мева етиштириш потенциали камида 1 миллиард долларни ташкил этади. Бир томондан, ЕОИИ мамлакатлари аҳолисининг мева истеъмоли тавсия этилган меъёрлардан паст, бошқа томондан, 2020 йил охирига келиб, олма ва нок импортининг ўзиёқ 860 миллион доллардан ошди. Ваҳоланки, бизда қулупнай, ўрик, шафтоли ва олхўри етиштиришни кўпайтириш ҳам учун шароит бор. Шу боис, Комиссия секторнинг динамик ривожланишига ҳисса қўшади”, дея таъкидлади Aрмен Aрутюнян.
Ҳамкорликдаги ишлар натижаси бозорнинг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиш, ЕОИИ мамлакатларининг мева-сабзавотчилик секторидаги давлат сиёсати, шунингдек, ўсиш нуқталарини топиш ва уни мустаҳкамлаш учун сектор эҳтиёжларини аниқлаш бўлади. Доклад лойиҳасини тайёрлаш натижаларига кўра, минтақавий давра суҳбатини ўтказиш режалаштирилган.
Томонлар, шунингдек, балиқчилик фаолиятини экологик жиҳатдан барқарор ривожлантириш ва ЕОИИ мамлакатларида ушбу йўналишдаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилишди.
Суҳбатнинг яна бир мавзуси Иттифоқ мамлакатларида уруғчиликни ривожлантириш учун ҳужжатлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар бўлди.
Владимир Рахманин Комиссия ва ФAО ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда ўзаро конструктив шерикчиликни янада жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
«Биз халқаро мева-сабзавот йилида ЕИК билан ҳамкорликни кенгайтирмоқдамиз. Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида мева-сабзавотчиликни барқарор ривожлантириш минтақавий ва глобал озиқ-овқат хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга «, дея таъкидлади у.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!