Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Фарғона водийси ирригация тизимларини модернизациялаш учун 199,96 миллион долларгача бўлган миқорда суверен кредит ажратади. Ушбу лойиҳа сув йўқотишларни сезиларли даражада камайтириб, CО2 чиқиндиларини қисқартиради, суғориладиган ерлар майдонини кенгайтиради ва шу орқали янги иш ўринлари яратилишига имкон беради, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари ЕТТБнинг тегишли баёнотига таяниб.
ЕТТБ Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп ҳудуди — Ўзбекистондаги Фарғона водийсида суғориш тизими самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Банк маблағлари, асосан, глобал исиш натижасида юзага келган музликларнинг эриши натижасида озиқланадиган Сирдарёдан чучук сув олишга боғлиқ бўлган Ўзбекистоннинг уч вилояти – Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида зарур муҳандислик ишларини молиялаштиришга йўналтирилади.
ЕТТБнинг суверен кредити ёрдамида Фарғона водийсидаги Совет Иттифоқи даврида қурилган 118 та эскирган насос станциялари модернизациялаштирилади. Ушбу маблағлар энергия тежамкор замонавий насос станцияларини харид қилиш ва ўрнатиш, шунингдек, тегишли инфратузилмани реконструкциялашга сарфланади.
Мазкур лойиҳа суғориш суви транспортировкаси минтақавий тизими самарадорлигини оширади. Эски сув насосларини замонавий жиҳозларга алмаштириш сув оқимини яхшироқ назорат қилиш ва чиқиндиларни камайтириш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, бундай модернизация атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатади. Суғориш тизимини модернизациялаш натижасида йиллик электр энергияси истеъмолининг 277 000 МВт/соатга қисқариши йилига CО2 эмиссиясини 129 000 тоннага қисқартириши кутилмоқда, дейилади ЕТТБ пресс-релизида.
“Бундай «яшил» лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали биз нафақат ушбу ҳудуд учун муҳим бўлган сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширмоқдамиз, балки суғориладиган ерлар майдонини қарийб 32 минг гектарга кўпайтиришга, Ўзбекистоннинг аҳоли зич жойлашган ҳудудда 19 мингга яқин кишини иш билан таъминлашга кўмаклашамиз«, дейди ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича Бошқарувчи директори Жузсанна Ҳаргитай (Zsuzsanna Hargitai).
Ўзбекистонда сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш бўйича стратегик чоралар ишлаб чиқилган бўлиб, у Париж битими бўйича мажбуриятларга асосланган “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси” каби қатор стратегияларга асосланган.
ЕТТБ сайтидаги маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар ЕТТБнинг Ўзбекистондаги инвестицияларнинг умумий миқдори бутун мамлакат бўйлаб 128 та лойиҳа доирасида 3,9 миллиард еврони ташкил этади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!