Қозоғистон Республикаси (ҚР) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги “Миллий аграр илмий-таълим маркази” (МАИТМ) рақамлаштириш ва юқори малакали IT-мутахассисларни тайёрлаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати ҳаволасига таяниб, ElDala.kz хабар бермоқда.
Хусусан, МАИТМ бошчилигидаги аграр йўналиш бўйича олий ўқув юртлари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги жараёнларни рақамлаштириш, ахборот тўплаш ва узатишни автоматлаштириш бўйича замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишни назарда тутувчи ва глобал ахборот билан интеграциялашувга йўналтирилган янги ўқув тизимини ишлаб чиқди.
Шу билан бирга, агросаноат мажмуида рақамли технологияларни ривожлантириш учун аграр йўналиш бўйича олий ўқув юртларида “Биоинформатика ва биотехнология”, “Рақамли агротизим”, “Агроинформатика” сингари таълим дастурлари ишлаб чиқилган.
“Ушбу таълим дастурлари хорижий тажриба инобатга олинган ҳолда “Ахборот технологиялари халқаро университети” АЖ мутахассислари ва олимлари ҳамда IT соҳасидаги иш берувчилар жалб қилиниб, ишлаб чиқилган”, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарида.
Бундан ташқари, ҳукумат қарорига асосан, аграр йўналиш бўйича олий ўқув юртлари учун юқоридаги таълим дастурлари бўйича грантлар ажратиш кўзда тутилган.
Қайд этилишича, жорий ўқув йилида юқорида тилга олинган таълим дастурлари бўйича абитуриентларни ўқишга қабул қилиш режалаштирилган.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!