Мева-сабзавот етиштиришда об-ҳаво шароити муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳеч бир технология ёхуд замонавий восита об-ҳаво омиллари – аёз, дўл, узоқ муддатли ёмғир ва қурғоқчиликнинг салбий таъсирини бартараф эта олмайди.
Ушбу фикрни «AПК-Информ: Сабзавот ва мевалар» лойиҳаси раҳбари Aлександр Хорев “AгроФМ” эфирида билдирди дея хабар бермоқда AgriGator.
«Ўтган йили май ойи охирига қадар ҳукм сурган совуқ ҳароратли баҳор қулупнай ва гилоснинг эртаги навлари деярли юз фоиз йўқ бўлишига олиб келди. Қиммат резавор – голубиканинг тижорат ишлаб чиқарувчилари ҳам тўқсон фоиз йўқотишдан азият чекишди. Яна қулупнайнинг ўрта навини экканлар ҳам об-ҳаво инжиқлигидан бенасиб қолишмади. Бу “имтиҳон”дан фақат резаворларнинг ремонтант навларини етиштирувчиларгина эсон-омон ўтиб олишди. Зеро, мазкур усулда мева етиштириш уларга совуқ таъсиридан узоқлашиш имконини берди ва ҳосил йиғими озми-кўпми муваффақиятли бўлди», – дейди резавор бозори мутахассиси.
Шунингдек ўқинг: Aввалги йилдан 10 кун кеч: Украинада қулупнай мавсуми бошланди
“AПК-Информ: Сабзавот ва мевалар” лойиҳаси раҳбарининг сўзларига кўра, қиш фаслида паст ҳарорат мевали экинларга салбий таъсир кўрсатди. Аммо май ойи Украинада резаворлар учун ноқулай келмади, яъни ўта паст ҳарорат ҳукм сурмади.
«Бу бизга қулупнай, малина, смородина, қизил смородина ва голубиканинг эртаги навларининг ялпи ҳосили 2020 йилга нисбатан кўпайишини башорат қилиш имконини беради. Шунга қарамай, резавор етиштирувчилар учун бир хил даражада муҳим ой – июнь борлигини ҳам унутмаслик керак. Ушбу даврдаги қурғоқчилик ёки аксинча, узоқ муддатли ёмғир меваларга салбий таъсир этиши мумкин. Бироқ, бугун биз, мевалар кўп эканлигига аминмиз ва нархлар ҳам, шубҳасиз, ўтган йилга нисбатан бир неча баравар арзон бўлади» – дея тахмин қилмоқда Aлександр Хорев.
Ўз навбатида, Украина мева-сабзавот уюшмасининг ривожланиш бўйича директори Катерина Зверева Биринчи миллий радио эфирида таъкидлаганидек, бу йил Украинада иссиқхона қулупнайи мавсуми ўтган йилгидан роппа-роса 2 ҳафта кеч бошланди. Лекин Украинанинг жанубий минтақаларидаги ишлаб чиқарувчилар апрель ойи охирида қулупнайнинг биринчи оммавий партиясини ўртача 7,89 АҚШ доллари (1 кг) нархида таклиф қилишди. 2020 йилда ҳам тахминан худди шу ҳолатда илк резавор бозорга чиққан эди.
Катерина Зверева, шунингдек, голубика Украина бозорида энг катта экспорт салоҳиятини сақлаб қолишини таъкидлади. Бунинг сабаби шундаки, голубика қиммат резавор, шу боис, ҳосилнинг 70%игача экспорт қилинмоқда.
«Бироқ, ўтган йили украиналик голубика экспортчилари бирданига ўз позицияларини қўлдан бериб, экспортни бир ярим баравар – 1,2 минг тоннагача қисқартиришди. Бунга, шубҳасиз, совуқ туфайли ҳосилни бой бериш сабаб бўлди ва ички бозор ҳам ўсишда давом этди. Шунинг учун украиналик резавор етиштирувчилар барча турдаги маҳсулотларини юқори нархларда сотишга муваффақ бўлишди”, дейди Мева-сабзавот уюшмасининг ривожланиш бўйича директори.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!