Чилининг жанубий ҳудудларида ўсадиган оқ қулупнай замонавий қулупнай навининг генетик илдизларини жамлаган экиндир. Афсуски, маҳаллий, ўзига хос ушбу нав йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. Бу ҳақида Fruit-inform freshfruitportal.com сайти ҳаволасига таяниб хабар бермоқда.
Ушбу ғайриоддий рангдаги резавор экиладиган майдонлар камайиб бормоқда. Маҳаллий оч пушти рангли қулупнайни етиштириш учун билимга эга бўлган фермерлар жуда камчиликни ташкил этмоқда.
Ушбу резавор йиғим-терими беш ҳафта давом этади. Бу даврда Чилида фестиваль ўтказилади. Байрамда чилиликлар мазкур резавордан турли таомлар – ширинликлар, мураббо ва ҳатто «клери» деб аталадиган ноалкоголь ичимлик тайёрлашади.
«Оқ қулупнайнинг ўтмишимиз билан боғлиқ жиҳатлари бор», дейди Чилида ушбу маҳаллий резавор экилган энг кўп майдонларга эга бўлмиш Пурен муниципалитетининг иқтисодий ривожланиш бўйича директори Кристиан Монсальве.
Ҳозирги вақтда оқ қулупнай фақат икки минтақада етиштирилади ва у йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди.
Шунингдек ўқинг: АҚШда оқ қулупнай – Pink-А-Boo Pineberries®нинг тарғибот кампанияси бошланди
Оқ қулупнай (Fragaria chiloensis)ни 1714 йили француз миллатига мансуб киши – Амедей Франсуа Фрезье Европага олиб келган. Кейин резавор АҚШнинг шарқий қисмидаги Виржиния қулупнайи (Fragaria virginiana) билан чатиштирилиб, ҳамма жойда мавжуд асосий тижорий қулупнай (Fragaria ananassa) яратилган.
Қизиғи шундаки, ушбу қулупнай 1830 йили Чилига қайтиб келди ва аста-секин кўп асрлик оқ қулупнайга соя сола бошлади.
Анъанавий резаворлар етиштиришга биринчи зарба 1985 йилда Чилининг учинчи йирик шаҳри – Консепсьонга ҳосил етказиб берувчи Лебу-Лос Соусес темир йўлининг ёпилиши бўлган эди. Аграр провинцияларда ёғочга ишлов бериш ривожланиши фермерларнинг далаларни ташлаб, юқори маошли саноатдан иш излашига олиб келди. Ҳозир “қулупнай” провинциясида йигирматадан камроқ оила ҳали ҳануз эски даврлардагидек оқ қулупнай етиштирмоқда.
Шуни қайд этиш жоизки, қишда камдан-кам қор ёғиши, ёзда қурғоқчилик шаклида намоён бўладиган иқлим ўзгаришлари ҳам резавор етиштиришнинг камайишига олиб келди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!