Ўзбекистон Республикасининг АҚШ ва Канададаги элчиси Жавлон Ваҳобов Канададаги Британия Колумбияси провинциясининг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва балиқчилик вазири Лана Попхэм билан ҳамкорлик имкониятлари, жумладан, Ўзбекистондан мавсумий ишчиларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақида “Дунё” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Элчи Лана Попхэмни Ўзбекистон агросаноат мажмуи салоҳияти, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш борасидаги ислоҳотларнинг бориши, ҳудудларнинг ўзига хослиги ва аҳолининг малакасини ҳисобга олган ҳолда фермерларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган тизим билан таништирди.
Вазир Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг агросаноат комплексларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни давом эттириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалигига механизмлар ва рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар билан қизиқди.
Вилоят агросаноат мажмуи ҳолатини баҳолар экан, Лана Попхэм Британия Колумбияси фермерлари, ишлаб чиқарувчилари ва қайта ишловчиларининг COVID-19 пандемиясига бардошлилигини қайд этди. Зеро, 2020 йилда умумий даромад миқдори биринчи бор 16 миллиард доллардан ошган, шунингдек, 500 та янги иш ўрни яратилиб, ишчилар сони 68,2 минг кишига етган. Вазирнинг таъкидлашича, Британия Колумбияси 2020 йилда 151 та халқаро бозорга 4,8 миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги ва денгиз маҳсулотларини экспорт қилган.
Саккиз қишлоқ хўжалиги минтақасининг ҳар бири ўзига хос хусусият ва маҳсулот етиштириш шароитларига эга. Уларнинг ҳар бири қатор экинлар, чорвачилик ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириши билан машҳур. Британия Колумбиясида озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчи 1,5 мингдан зиёд корхоналар мавжуд.
Шунингдек, Канада томони билан Британия Колумбияси провинциясига Ўзбекистондан вақтинчалик/мавсумий ишчиларни ишга жойлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилишича, ҳар йили 12 мингга яқин мавсумий меҳнат муҳожири Британия Колумбиясига 5-6 ой муддатга келади. Улар, асосан, Мексика ва Лотин Америкасининг бошқа мамлакатларидан бўлиб, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайди.
Элчихона маълумотларига кўра, яқин кунларда Канада вазири Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари билан онлайн учрашув ўтказиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Ўзбекистондан Британия Колумбиясига мавсумий ишчиларни жўнатиш истиқболларини муҳокама қилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!