2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистондан лимон экспорти ҳажми (жисмоний жиҳатдан) 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоиз камайган бўлса-да, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан деярли 6 фоиз кўп бўлди. EastFruit таҳлилчиларининг таъкидлашича, 2020 йилги пандемия даврида ушбу маҳсулотга талаб ортгани ҳисобга олинса, Ўзбекистондан лимон экспорти ҳажми (жисмоний жиҳатдан) пандемиядан аввалги даражага қайтмоқда.
Республика Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь ойи бошидан октябрь ойи охиригача Ўзбекистондан лимон экспорти ҳажми 3,7 минг тоннани, умумий қиймати эса 3,8 миллион долларни ташкил қилди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2020 йилнинг шу даврида экспорт ҳажми жисмоний жиҳатдан 5,9 минг тоннани, 2019 йилнинг январь-октябрь ойларида эса 3,5 минг тоннани ташкил этган. Бошқача айтганда, Ўзбекистондан лимон экспорти ҳажми пандемиядан аввалги йиллардаги даражага қайтмоқда.
EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, бутунбошли 2019 йилда Ўзбекистон 5,7 минг тонна, умумий қиймати 12,9 миллион долларга тенг лимон экспорт қилган, бу ўтган 2018 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 3 баравар ва экспорт тушумлари бўйича 4,5 баробар кўпдир. 2020 йилда экспорт ҳажми жисмоний жиҳатдан 21 фоиз ошганига қарамай, лимон экспортидан тушган даромад 35 фоизга камайди.
2020 йилнинг апрель ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда йилига 30 минг тоннага яқин лимон етиштирилади. Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг август ойида лимон етиштириш ва экспорт қилишда субсидиялар миқдорини ошириш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!