Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йили Ўзбекистонда 1,8 миллион тонна узум етиштирилган, бу 2020 йилга нисбатан 11,5 фоизга кўпдир, дея хабар бермоқда EastFruit таҳлилчилари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган маълумотларга таяниб.
Шунингдек, вазирлик маълумотларига кўра, 2021 йилда 50,8 минг гектар янги узумзорлар барпо этилган, бу 2020 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп кўрсаткичдир. 2021 йил якуни бўйича Ўзбекистонда узумзорларнинг умумий майдони 133,7 минг гектарни ташкил қилди.
Шунингдек ўқинг: 2022 йил учун агро-прогноз: нархларнинг рекорд даражада ўсиши, ўғитлар танқислиги, ҳосилдорлик пасайиши ва ишчи кучи етишмовчилиги
EastFruit таҳлилчилари аввалроқ таъкидлаганидек, баҳорда ёғингарчилик нисбатан кам бўлгани, марказий зона ва жанубий вилоятларнинг бир қатор ҳудудларидаги суғориш билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, ёзнинг иссиқ ва қуруқ келиши Ўзбекистонда 2021 йилги узум ҳосилдорлиги пасайишига олиб келди. Шунга қарамай, узумзорлар майдонини кенгайтириш ҳисобига 2021 йилда хўраки узум етиштириш ҳажми 2020 йилга нисбатан юқори бўлди. Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда узумзорлар майдони фаол кенгайтирилмоқда, бир неча ўн минг гектар янги узумзорлар барпо этилди. Сўнгги тўрт йилда ушбу соҳага субсидия сифатида 210 миллиард сўм ажратилди. Натижада, 2021 йилги мавсумда Ўзбекистонда узумнинг ўртача улгуржи нархлари 2020 йилга нисбатан қарийб 25 фоизга паст бўлди.
Ўзбекистонда узумнинг нархлари, уни етиштириш ва экспорт бўйича якуний таҳлил, мамлакатда узумзорлар майдонини янада кенгайтириш режалари ҳақидаги маълумотларни EastFruitнинг «Ўзбекистон – 2021: мева, ёнғоқ, узум – нархлар, маҳсулот етиштириш ва экспорт бўйича якуний таҳлил» сарлавҳали материалида ўқинг. Шунингдек, 2021 йилнинг ўтган ойларида ҳукумат эълон қилган кенг кўламли имтиёзли молиялаштириш, субсидиялар ва Ўзбекистон мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш бўйича янги тизим ҳам мамлакатда узумзорлар кўпайишига хизмат қилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!