Олтита E-kakashi қурилмаси икки жойга – Ўзбекистоннинг картошка далаларида ушбу экин кўчатларига таъсир этадиган экологик шароитларни мониторинг қилиш учун ўрнатилади. Олинган маълумотларни таҳлил қилиш натижасида ўзбекистонлик фермерлар учун картошка ҳосилдорлигини ошириш ва касалликларга қарши курашиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади, дея хабар бермоқда EastFruit экспертлари.
Ишланма муаллифларининг фикрича, “е-kakashi” деб номланган тизим кибернетик “мия”ни ўзида намоён этади. Бу интернет-буюмлар, маълумотларнинг супермассивлари ва сунъий интеллект каби технологиялардан фойдаланган ҳолда сенсорлар ва маълумотларни қайта ишлаш модулларининг мураккаб тармоғини ўз ичига олган кибер-физик тизимдир. Тизим вазифалари далаларда мониторинг олиб бориш ва маълумотларни йиғиш, агрономик маълумотлар базаси ёрдамида уларни таҳлил қилиш, фермерлар учун тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Бунинг натижасида, фермерлар ўз хўжаликлари самарадорлигини сезиларли даражада ошириб, атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатган ҳолда максимал ҳосил олиш имкониятига эга бўлишади, деб ҳисобланмоқда. Тизим фермер хўжаликлари самарадорлигини оширишдан ташқари, беқарор сув таъминоти ва зарарли газлар эмиссияси каби экологик муаммоларни ҳал қилишга ҳам ёрдам беради.
Шунингдек ўқинг: Ўзбекистонлик фермерлар перилла етиштиришни ўзлаштирмоқда
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 9-13-ноябрь кунлари Bioversity/CIАТ (Колумбия) вакиллари доктор Ишитани Манабу ва тадқиқотчи Мариана Кинтеронинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида «Ривожланаётган мамлакатларда қишлоқ хўжалиги тармоқларини яхшилаш учун маълумотларга асосланган қишлоқ хўжалиги қарорларини қўллаб-қувватлашнинг интеграциялашган тизими (e-kakashi)ни қўллаш бўйича тадқиқотлар” лойиҳасини амалга ошириш учун 2 та дала объекти аниқланди. Танланган экин — картошкадир.
Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад, ушбу технология ёрдамида тўпланган экологик ва агрономик маълумотларни таҳлил қилиш орқали фермерларга ҳосилдорликни ошириш ва касалликларга қарши курашишда ёрдам беришдир, дея хабар берилган Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати материалида.
“Биз Тошкентга е-kakashi технологиясини олиб келдик ва картошка экинларига таъсир этувчи экологик шароитларни мониторинг қилиш мақсадида иккита жойга 6 та қурилма ўрнатмоқчимиз. Таҳлилий воситалар ёрдамида ҳосилдорликни оширишга ёрдам берамиз. Е-kakashi лойиҳалари Япония Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланади”, деди BIOVERSITY\CIАТнинг илмий ходими Мариана Кинтеро Ўзбекистон Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон-Венгрия картошкачилик илмий маркази ходимлари учун ташкил этилган ўқув семинарида.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!