Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларСергей Алба: сув танқислиги шароитида ер ости суғориш тизими — энг мақбул усул
ДолзарбМахсусТехнологияларЯнгиликлар

Сергей Алба: сув танқислиги шароитида ер ости суғориш тизими — энг мақбул усул

Агар XXI асрнинг ўтган йигирма йиллигида Молдова бўйлаб қурғоқчилик ўртача ҳар беш йилнинг икки йилида кузатилган бўлса, 2020 йилдан бошлаб, мамлакатда ҳар иккинчи йил қурғоқчил бўлмоқда. Бундан ташқари, жорий йилда маҳаллий гидрометеорология хизмати ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик тақчиллиги кўп йиллик статистик меъёрга нисбатан 30-55 фоизни ташкил этяпти. Март ойи охирига қадар ёғингарчилик прогнози ижобий характерга эга эмас, фақат апрель ва ундан кейин ёмғир ёғишига умид бор. Шунга қарамай, аниқки, жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида тупроқ намлигининг озми-кўпми меъёрий режимини фақат суғориладиган ерларда таъминлаш мумкин.

Бироқ, Молдовада суғориш учун сифатли сув тақчил ресурс ҳисобланади.  Мамлакатдаги кичик дарёлар, жилғалар ва кўлларнинг сув сифати кўп ҳолларда интенсив суғориш учун яроқсиз, айниқса, Молдова тупроқларида баъзи металларнинг юқори миқдори ва шўрланиш хавфи юқоридир. Суғориш учун етарли миқдорда сув фақат Днестр ва Прутнинг қирғоқбўйи туманларида мавжуд. Аммо у ерда ҳам сув қиммат ресурс ҳисобланади. Днестр ва Прут сувларини қўллаган ҳолда марказлаштирилган суғориш тизимларидан фойдаланиш жойида фермерларга плантацияларда сувни насос билан таъминлаш хизматлари ҳар бир кубометр учун ўртача 5 лей (27 АҚШ центи)га тушади.  Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзон нархларда сотилиши ҳисобга олинса, кўплаб фермерлар, ҳатто сув ва суғориш тизимларига эга бўлганлар ҳам ирригацияда маблағ тежашга мажбур.

15 март куни Кишинёвда FARM Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари федерацияси томонидан  БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАО) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (EБРР) кўмагида ташкил этилган “Молдова боғдорчилиги ва сабзавотчилигида юқори технологиялар” деб номланган семинарда бу масалани янада оқилона ҳал этиш масаласи муҳокама қилинди. Форум маърузачиларидан бири, Молдованинг IM «Expert  Аgroteh» SRL компанияси эксперти Сергей Алба Молдованинг тупроқ-иқлим шароитида ер ости суғориш тизимларидан фойдаланиш ер усти томчилатиб суғориш тизимларига нисбатан сув истеъмолини 30 фоизгача тежаши мумкинлигини қайд этди. Шу билан бирга, конструктив ер ости суғориш тизимлари ўсимликларнинг озиқланиши ва нафас олиши учун энг қулай муҳитни яратишга имкон беради.

Ер усти томчилатиб суғориш тизимларидан фарқли ўлароқ, ер ости томчилатиб суғориш тизимлари тупроққа 25-40 см чуқурликда ётқизилади. Яъни, улар кўплаб экинларнинг илдизлари энг фаол озиқланадиган тупроқ горизонтига сув етказиб беради. Ушбу тизимлар тупроққа минимал ёки ноллаштирилган тарзда механик ишлов беришни таъминловчи қишлоқ хўжалигининг у ёки бу шакллари (мини-тилл, стрип-тилл, но-тилл)га уйғун тарзда бирлаштирилиши мумкин. Шунингдек, янги ташкил этилган плантациялар ҳам, аввалдан мавжуд (кўп йиллик)лари ҳам ер ости суғориш тизимлари билан жиҳозланиши мумкин. Бу тизимлар сувни тежаш билан бир қаторда қиммат минерал ўғитларнинг самарасиз сарфини ҳам камайтиради. Бунинг ёрдамида ер ости суғориш усули қишлоқ хўжалиги экологизациясига ҳисса қўшади, конверсион (ва эҳтимол, органик) қишлоқ хўжалиги матсулотларини етиштириш учун мос келади.

Энг илғор суғориш тизими ер ости импулсли томчилатиб суғоришдир.  Ушбу тизим кун давомида бир неча марта ишга туширилади, лекин қисқа вақтга — намлик датчиклари ва/ёки тензиометрлар тупроқ намлиги, ўсимликларнинг намликка бўлган эҳтиёжини билдирган пайтда.

Молдовада ер ости томчилатиб суғориш тизимларини ўрнатиш харажатлари тахминан 3,5-4,5 минг долларга тенг. Яъни, улар ер усти томчилатиб суғориш тизимларининг харажатларидан бироз юқорироқдир. Бироқ, ер ости ирригацияси узоқроқ муддат — ўн йилга мўлжалланган (баъзи мамлакатларда уларнинг йигирма йил давомида ҳам меъёрида ишлагани ҳолатлари мавжуд).

Ҳозирги кунда экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, Молдовада ер ости суғориш тизимлари 700-800 гектарга ўрнатилган, улардан қарийб 200 гектари узумзор ва 150 гектари мевали боғлардир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин