Украиналик деҳқонлар учун мева ва резавор маҳсулотларини шок усулида музлатиш катта экспорт имкониятларининг олтин калитига айланди. Қайси технологик ечимлар мақсадга мувофиқ ва максимал фойдали бўла олади? Бу ҳақда «Аlternative Technologies PF» компаниясининг дизайн бўлими бошлиғи Сергей Виставной EastFruitга сўзлаб берди.
– Шок усулида музлатишми ёки совутиш – фермерлар бугун қай бирини танлашмоқда?
– Жавоб бериш қийин. Ҳосилни қандай сақлаш кераклигини фермерни ўзи танлайди, бари корхона эҳтиёжлари ва унинг фаолият йўналишига боғлиқ. Шок усулида музлатишни узоқроқ муддат сақлаш ва ташиш учун танлашади. Одатда, бу экспортга йўналтириладиган катта ҳажмдаги маҳсулотлардир.
Шок усулида совутишни эса, асосан, ички бозор учун маҳсулот етиштирувчи фермерлар танлайди. Маҳсулот дала майдонидан олингач, дарҳол кескин совутилади ва шундан сўнггина у дўкон пештахталари ёки бозорларга йўлланади.
– Мева-сабзавот маҳсулотларини музлатиш технологиялари ҳақида қандай нюансларни билиш лозим?
– Агар оддий музлатиш билан шок усулида музлатишни солиштирсак, муҳим омил – бу ускунанинг қуввати ва маҳсулот ҳароратини пасайтириш тезлигидир. Ускунанинг ўзи эса унчалик фарқли эмас. Асосийси, бунинг учун камера, совутиш агрегати, совутгич ва автоматика керак бўлади.
Аммо, агар тўлақонли ишлаб чиқариш цикли ҳақида гапирадиган бўлсак, битта камера етарли эмас – товарни қабул қилиш ва жўнатиш учун рампа вазифасини ўтовчи мажмуа қуриш мақсадга мувофиқдир. У саралаш, қадоқлаш, совутиш, музлатиш, сақлаш камералари билан бўлади. Ва маҳсулотни ташиш вақти бой берилмаслиги учун барини иложи борича дала ёки боққа яқинроқ қилиб жойлаштириш лозим.
– Резавор ёки сабзавотлар орасида шок усулида музлатишнинг «фаворит»лари борми? Бу ускунага қай бири учун кўпроқ буюртма қилинади?
– Ҳозир ҳам шок усулида музлатгич, ҳам туннелли ускуналар голубика учун кўплаб қурилмоқда. Айни пайтда ушбу ускунани ўрнатишга бўлган интилиш ҳаддан зиёд.
Қизиғи шундаки, голубикага, кўпинча, асосий маҳсулот сифатида қаралади. Бироқ, бутун мажмуа мавсумлар оралиғида бўш қолмаслиги учун у ерда бошқа экинлар ҳам сақланади. Масалан, қулупнай. Биз бу борада тажрибага эгамиз ва замонавий камералар бирга қўлланиши бўйича тушунчага эгамиз. Қулупнай голубикадан анча аввал пишади. Унинг мавсуми эрта бошланади.
Агар музлатилган маҳсулотларни сақлаш учун бўш камералар бўлса, қишда улар ҳар хил маҳсулотлар учун ижарага берилади. Бизнинг буюртмачиларимиздан бири ёзда голубика билан ишлайди ва қишда камераларни ижарага олади. Бу жуда истиқболли йўналиш. Шу йил камералари бўш қолмади – уларни оддий музқаймоқни сақлаш учун ижарага олишди.
Бизда яна бир қизиқарли лойиҳа бор. Харидоримизнинг музлатилган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш камералари, асосан, голубика мавсумига мўлжалланган. Бироқ, у тугагач(тахминан сентябрда), совутилган маҳсулотларни сақлаш камераларига 3-5 ой сақлаш учун олма олиб келинади.
Дарвоқе, маҳсулотлар ҳар хил бўлиши шартмас, ҳатто худди ўша олмалар ҳам бир корхонада етиштирилган. Охир-оқибат, олмани сотиб олиш, сақлаш ва вақт ўтиши билан мавсумлар оралиғида анча қимматга сотиш мумкин.
Шунингдек ўқинг: Музлаткичли ускуналарга пулни тежаган фермерлар охир-оқибат кўпроқ ютқазадилар
– Голубика мавзусини давом эттирадиган бўлсак, Украинада ушбу резаворнинг плантациялари сони ва майдонлари тез ошиб бормоқда. Бироқ, фермерлар ҳатто хорижга экспорт қилиш учун ҳам голубикани совутишни афзал кўришади. Бу технология мақсадга мувофиқми?
– Албатта, голубикани совутилган ҳолда ташиш мумкин, лекин бу анча қимматга тушади. Қолаверса, бундай жараён жуда заҳматли – кўплаб муҳим меъёрларга риоя қилиш керак. Хусусан, резавор ташиш пайтида исиб қолмаслиги керак.
Ҳозир совутиладиган маҳсулотлар ҳажми ошди. Лекин бу жараёнда резавор ёки мевани йиғиб олгач, ҳар бир соат муҳим аҳамиятга эга. Маҳсулот қанчалик тез совутилса, шунча яхши ва у узоқ вақт сақланади. Бундан ташқари, товар янада сифатли кўринишга эга бўлади.
Яқинда биз бир лойиҳани амалга оширдик. Унга кўра, газ муҳити билан бошқариладиган (ГМБ) кичик камера барпо этиш ҳақида маслаҳатлашилди. Ушбу камерада голубикани сақлаш мумкин. Маълумки, голубика ҳосили тахминан августда йиғиб олинади ва у камерада 3 ой сақлангач, яъни октябрь ойида юқорироқ нархга сотиш мумкин бўлади. Бундай ечим арзон эмас, лекин унинг харажатлари қопланиши даражаси анча юқори.
Аммо ишлаб чиқарувчилар шок усулида музлатиш ҳақида унутишгани йўқ. Боз устига, уни рад этиш имконсиз. Бироқ, тенденциялар бироз ўзгарди – кейинги пайтда маҳсулотлар экспорт қилинаётганда улар учун камералардан кўра, шок усулида музлатиш туннелларидан фойдаланилмоқда. Бунинг ёрдамида резаворлар анча сифатли бўлади.
– Шок усулида музлатиш ва ҳозирги пайтда машҳур газ муҳитида бошқариладиган камералар – ушбу сақлаш усуллари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қиладими?
– Улар мутлақо бошқа-бошқа камералар ва жараён буткул бошқача кечади. Газ муҳитида бошқариладиган камера – бу газ муҳити тартибга солинган камерадир. У ерда ҳавонинг керакли таркиби сақланади. Кислород камерадан чиқарилади, CО2 ва азот кўпроқ берилади. Шундай қилиб, маҳсулот учун барча ҳаётий фаолият даражаси камаяди ва у узоқ вақт сақланади.
ГМБ – маҳсулотни герметик камераларда узоқ муддат сақлаш камераси, лекин у музлатилмаган. Кўпинча, олма, резаворлар учун қўлланади.
Аммо шок усулида музлатиш камераси кўп функцияли. Уни сабзавот ва мевалар учун ҳам, гўшт, балиқ ва бошқа маҳсулотлар учун ҳам ишлатиш мумкин. Шок усулида музлатиш камераси – бу сақлаш эмас. Зеро, маҳсулот юкланади, музлатилади ва музлатилган ёки совутилган маҳсулотлар сақлаш камераларига олиб борилади.
Сақлаш камералари, албатта, катта – маҳсулот у ерда узоқ вақт туради. Шок усулида музлатиш – бу кичик камера, лекин кучли.
– Кичик хўжаликлар учун шок усулида музлатиш камерасини ўрнатишнинг фойдаси борми?
– Менимча, улар учун оддий шок усулида совутиш камераларини ўрнатиш фойдалироқ. Маҳсулот йиғилади, дарҳол совутилади ва сотиш учун йўлланади.
Шок усулида музлатиш эса катта ҳажмлар учун тавсия этилади – кунига камида 10 тоннагача бўлган маҳсулот назарда тутиляпти. Умуман олганда, сақлаш учун резаворлар жойлаштириладиган бутун мажмуанинг сиғими 100 тонна ҳисобланади.
Ўз далалари, қайта ишлаш ва сақлаш мажмуаларига эга бўлган йирик қишлоқ хўжалиги корхоналари учун бундай комплексларни ўрнатиш жуда фойдали. Одатда, улар экспортёр сифатида ҳам фаолият юритишади.
Агар бундай корхоналарда ускуналар етарли бўлса, улар ҳатто ён-атрофларидаги кичик фермер хўжаликларидан ҳам ҳосилни сотиб олиб, катта партия ҳосил қилишлари мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!