Картошкани йиғиб-териб олиш мавсум авж паллага кирди, пиёз йиғиштириб олинди, сабзи ва лавлаги ўз навбатини кутмоқда. Бу даврда махсус сақлаш жойларига эга бўлмаган ёки омбори технологик жиҳатдан эскирган хўжаликлар раҳбарлари ушбу ёки келаси мавсум учун янги махсус омборларни жиҳозлаш имкониятлари ҳақида ўйлай бошлайдилар. Омборларнинг қанақа турлари мавжуд ва уларни жиҳозлашда нималарга эътибор қаратиш жоиз? “Alternative Technologies PF” компаниясининг лойиҳалар менежери Даниил Харченко SEEDSга берган интервьюсида ана шу саволларга жавоб қайтарди.
“Сабзавот омборлари, уларда қандай сақлов режалаштирилаётганига қараб, икки хил бўлади – фаол ва табиий вентиляцияли омборлар. Табиий вентиляцияли омборларда атроф-муҳит билан ҳаво алмашинуви бино ичидаги ва ташқарисидаги ҳаво ҳарорати ўртасидаги тафовут ҳисобига юз беради. Бунда вентиляция туйнук люклари, эшик оралиқлари ва бошқалар орқали амалга оширилади. Фаол вентиляцияли иншоотларда эса ташқаридаги совуқ ҳаво омборга вентиляторлар ёрдамида вентиляция тизимининг каналлари орқали киради”, дейди мутахассис.
“Мажбурий вентиляция деб номланувчи вариант энг яхшиси ҳисобланади. Бунда марказий, ёнбош ва тақсимловчи каналларга эга вентиляция тизими пол остига ўрнатилади. Бу каби омборларда маҳсулотларга совуқ ҳаво пастдан тепага қараб берилади”, – “Alternative Technologies PF” компаниясининг лойиҳалар менежери.
Шунингдек ўқинг: Мевалар «нафас олади» – нима учун бу жараённи секинлаштириш керак?
Турли маҳсулотларни сақлашнинг ўзига хос томонлари ҳақида гапирар экан, Даниил Харченко шуларни қайд этди: “Масалан, картошка яшикларда ҳам, қутиларда ҳам сақланиши мумкин. Агар картошка қалаштириб тўкилган бўлса, бундай омбор учун ташқаридан ҳаво ҳайдовчи йўналтирувчи вентиляция талаб этилади. Бунда вентиляция жараёни каналлар орқали юз беради. Бу фаол вентиляция саналади. Ҳаво оқими ҳарорат ва йил фаслига қараб бошқарилади. Сабзи учун бундай вентиляция талаб этилмайди. Сабзи омборида намликнинг юқори даражасини (95%га яқин) ва омбор ҳароратини 2 даражада сақлаш муҳим.
Омборларни жиҳозлашда ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
“Агар, дейлик, сабзи омборларида катта ўлчамдаги камералардан фойдаланган маъқул. Чунки омборга кунига ўнлаб тонна маҳсулот тўкилади. Катта ҳажмлардаги сақловга мўлжалланган камералар қуриш мақсадга мувофиқдир. Масалан, омборни 800 тонналик сиғимга мослаб жиҳозлаш мумкин. Картошка борасида эса вазият бироз бошқача. У ерда юклаш ҳажмлари у қадар муҳим эмас”, дейди мутахассис.
Кичик ва ўрта фермерлар учун иқтисодий нуқтаи назардан омборлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқми? Бу борада Даниил Харченко шундай дейди: “Бу саволга жавоб фермер хўжалиги етиштирган маҳсулотини келгусида нима қилмоқчи эканлигига боғлиқ. Бироқ, асосан, улар ўз маҳсулотини йиғиштириб олганидан кейиноқ сотмайди ёки қайта ишлашга йўналтирмайди. Шу боисдан, уни қаердадир сақлаш керак бўлади. Маҳсулот сифати ва миқдорини йўқотмаслик учун эса уни тўғри сақлаш лозим.”
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!