Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларҚуёш панеллари остидаги мева ёки резавор боғи — у қай даражада истиқболли ва даромадли?
ДолзарбТехнологияларЯнгиликлар

Қуёш панеллари остидаги мева ёки резавор боғи — у қай даражада истиқболли ва даромадли?

Тадқиқотчилар фикрича, энергия ва озиқ-овқат ишлаб чиқарадиган, шунингдек, сув тежовчи янги авлод қуёш парклари қуёш энергиясини ишлаб чиқариш ва ишлатишда ердан унумли фойдаланиш муаммосини ҳал этишга ёрдам бериши мумкин.

Колорадо штати университети тадқиқотчиси Женнифер Бусело шундай дейди: “Қуёш энергиясини олиш учун ердан фойдаланишга нисбатан уни қишлоқ хўжалигида қўллаш самарадорлиги бўйича кўплаб мунозаралар мавжуд. Ва менинг ишончим комил – танловга ҳожат йўқ. Уларни фақат бирлаштириш мумкин«.

«Бу энергетика саноатининг келажаги учун жуда муҳим«, дея қўшимча қилади Шеффилд университети ходими Ричард Рэндл-Боггис, «Буюк Британия каби ердан барқарор фойдаланиш асосий муаммо бўлган жойларда, бу айниқса, аҳамиятлидир».

Ўсимликлар ва панеллар «симбиозда» мавжуд бўлиши мумкин

Агроэлектрик қуёш паркларида фотоэлектрик (PV) панеллар қуёш нури ерга кўпроқ етиб бориши учун бир-биридан узоқроқ жойлаштирилади ва экин етиштириш ёки ҳатто майда чорва молларини боқиш учун ҳавога баландроқ кўтарилади. Бу ҳақида EastFruit Agritech Future ҳаволасига таяниб ёзмоқда.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, агар фотоэлектрик панеллар тўғри жойлаштирилган бўлса, бу ёндашув, аслида, қўшимча фойда келтириши мумкин.  Масалан, панеллар ўсимликларни ҳаддан зиёд иссиқ, совуқ ва ультрабинафша нурларидан ҳимоялайди ва шу билан муайян экинларнинг ҳосилдорлигини оширади.

«Ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, қалампирнинг айрим турларини етиштириш уч баробар юқори бўлади. Бу ҳайратланарли рақам«, дейди Буссело.

Глобал ҳарорат кўтарилаётганда панеллар ҳам, ўсимликлар ҳам тупроқдаги буғланишни камайтириш орқали камайиб бораётган чучук сув захираларини тежашга ёрдам беради.

Рэндл-Боггиснинг сўзларига кўра, панеллар остида содир бўладиган буғланиш фотоэлектрик панелларнинг совуши ва электр ишлаб чиқариш ортиши ўлароқ қўшимча самара беради.

Натижада, агроэлектр энергетика нафақат ердан  барқарор фойдаланиш, балки инсоният тараққиёти учун зарур энг муҳим ресурслар — озиқ-овқат, сув ва энергия захирасини оширишга кўмак беради.

«Бизга керак бўладиган уч ресурсни агроэлектр тизимида самаралироқ бошқариш мумкин«, дейди Буссело.

Агроэнергетика қуввати қарийб 3000 баробар ошди

Париж келишувига кўра, жаҳонда 2050 йилга бориб,  чиқиндини нолга тенглаштириш мақсад қилинган, Европа эса Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатларидан сўнг углеводородларига қарамликни камайтиришга интилар экан, мамлакатлар қуёш қувватини ошириш учун ҳаракат қилмоқда.

Буюк Британия 2035 йилга бориб, бу борада ўз қувватини беш баробар оширишни мақсад қилган, Европа Иттифоқи эса сўнгги уч йил ичида  имкониятларини икки баробар кўпайтиришга интилмоқда.

Айни пайтда агар АҚШ чиқиндини ноллаштиришга эришмоқчи бўлса, бутун Ғарбий Виржиния штатини қамраб оладиган қуёш фермаларини қуриши керак бўлади.

Бироқ қуёш энергияси лойиҳалари қурилишига рухсат бериш тобора кўпроқ рад этиляпти ва улар фотоэлектрик батареялар маҳаллий ландшафтни «бузиши», унумдор қишлоқ хўжалиги ерларини маҳсулот етиштириш учун яроқсиз қилиб қўйишидан хавотир олаётган қишлоқ жамоалари ва фермерларнинг қаршиликларига дуч келмоқда.

«Қуёш энергияси, айниқса, ҳозирги пайтда жуда кўп норозиликларга сабаб бўляпти«, дейди Ричард Рэндл-Боггис.

Ердан фойдаланиш борасидаги можароларга қарши курашишда қуёш панеллари остидаги фойдаланилмаган бўш жойларни одамлар ва табиат манфаати учун қайта қўллаш мумкинлигини кўрсатиб берувчи кўплаб тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Масалан, бу чанглатувчилар яшайдиган муҳитни яратиш учун фотоэлектрик батареялар ёнига гуллайдиган ўтларни экиш бўлиши мумкин. Мазкур усул биохилма-хилликни яхшилаши ва ҳатто ён-атрофдаги қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳосилдорлигини ошириши мумкин.

Сўнгги 15 йил ичида континенталь Европа, шунингдек, Шарқий Осиё ва АҚШнинг баъзи қисмларида қуёш батареяларини озиқ-овқат экинлари билан бир қаторда жойлаштириш мумкин бўлган янада ривожланган агроэлектрик тизимлар ишлаб чиқилди ва у ҳозирги кунда кенг тарқалмоқда.

Илмий-тадқиқот лойиҳаларидан тижорат корхоналарига қадар ривожланаётган бу тизимлар яқинда бутун Буюк Британиядаги қуёш қувватига эга бўлиб, 2012-2021 йиллар оралиғида 5000дан 14000 мегаваттгача кескин ошди.

Агроэлектрик майдонлар ҳосилдорлик паст бўлишига қарамай, анча унумдор

Агроэлектрик лойиҳадан қанча озиқ-овқат ва энергия ишлаб чиқариш мумкинлиги кўп жиҳатдан тизимнинг манзили, етиштириладиган экинлар ва панелларнинг жойлашувига боғлиқ.

Германия ёки Дания каби нисбатан қоронғу, совуқ мамлакатлардаги фермерлар экинларни чекланган қуёш нуридан маҳрум қилмаслик учун зичлиги камроқ ва бир-биридан узоқроқ жойлашадиган панеллардан фойдаланишлари керак.

Бу ерда энергия ва ҳосилдорлик фақат қишлоқ хўжалиги ёки қуёш энергияси учун ишлатиладиган ер майдонига нисбатан бироз пастроқ бўлади. Лекин умуман олганда, агроэлектрик майдон барибир самаралироқ, дея ҳисоблайди Рэндл-Боггис, чунки у бир вақтнинг ўзида икки хил маҳсулот етиштиради.

«Ҳосилдорликнинг бироз пасайиши ҳеч нима  ўсмаганидан кўра яхшироқдир«, дейди у.  «Ҳозир гап иқтисодий жиҳатдан мақбул мувозанатни топиш ҳақида бормоқда«.

Тадқиқотчилар, шунингдек, кам ёруғлик шароитида агроэлектр тизимларининг маҳсулдорлигини ошириш учун яримшаффоф қуёш панеллари, вертикал фотоэлектрик «тўсиқлар» ёки анъанавий панелларнинг пастки қисмига ўрнатиладиган ўсимлик ўстиришга мўлжалланган чироқ каби янги технологиялар билан тажриба ўтказмоқда.

Тизим қурғоқчиликдан зарар кўрган ҳудудлар учун муҳим аҳамиятга эга

Ҳозирга қадар агроэлектрик тизимлардан энг яхши натижаларга Аризонадаги каби оғир ва жазирама шароитда эришилди. У ерда қуёш батареялари остида черри помидори ҳосили икки баробар, чилтепин қалампириники эса уч баробар ортди.

Жазирама иссиқда биз қурғоқчиликка ҳам дуч кела бошлаяпмиз. Шундай қилиб, агар сиз ўсимликларга бироз кўпроқ салқинлик бера олсангиз, бу уларга яхшигина ёрдамдир«, дейди Sandbox Solar компаниясидан Томас Хики.

Ричард Рэндл-Боггис Кениядаги синов майдончасида шунга ўхшаш натижаларга эришди. У ерда панеллар экинларни қуёш ва ультрабинафша нурларидан ҳимоялаши учун юқори зичликда жойлаштирилган, бу эса суғоришда зарур бўладиган сув миқдорини 47% га камайтириш ва электр- энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини берди. Ва карам ҳосили 24% га ошди.

Рэндл-Боггиснинг сўзларига кўра, бу, айниқса, Кения сингари глобал исиш туфайли юзага келган кучли қурғоқчилик озиқ-овқат ҳамда сув хавфсизлигига таъсир кўрсатаётган ва миллий тармоқдан электр энергиясини сотиб олиш жуда қимматга тушадиган мамлакатларда жуда муҳим.

«Биз фермерларнинг миллий тармоққа қарамлигини камайтирдик, шу боис, улар ўзини-ўзи таъминлашга кўпроқ қодир бўлиб бормоқда«, дейди у.  «Бундан ташқари, иқлимга чидамлилик учун салоҳият мавжуд, чунки сиз экин ўстириш учун қулай муҳит яратмоқдасиз ва баъзи экстремал шароитларни сақлаб турибсиз«.

Томлардаги агроэлектр станциялар шаҳар ресурсларини ҳимоялайди

Агроэлектр-энергетика яхши иш берадиган яна бир муҳит — бу томлардаги фермалардир. Улардаги чекланган сув миқдори ва иссиқ ҳарорат панелларнинг ишлашига ҳам, экинларнинг ўсишига ҳам тўсқинлик қилиши мумкин.

Ҳарорат Целсий бўйича 25 даражадан ошганда, қуёш панеллари самарадорлигини йўқота бошлайди, 40 даражадан ошганда эса ўчади. Ёзда томлар жуда тез қизийди ва ҳарорати шу даражага етади. Шундай қилиб, фермалар панелларга буғланиш орқали совитувчи сифатида ёрдам беради«, дейди Женнифер Буссело.

Колорадо каби иқлим шароитида Буссело томлардаги агроэлектр станциялар билан энг дастлабки синов майдонларидан бирини бошқармоқда. Бу ерда панеллар тунда иссиқни сақлаб туриш орқали баъзи экинларнинг вегетация даврини узайтириши ҳам намоён бўлди.

«Бу худди деворсиз мини-иссиқхонадек гап«, дейди эксперт.

Бусселонинг қайд этишича, томлардаги агроэлектр станциялар асосий ресурсларни энг зарур жойга йўналтиришга ёрдам беради. Зеро, 2050 йилга бориб, жаҳон аҳолисининг учдан икки қисмидан кўпроғи шаҳарларда яшаши кутилмоқда.

Ноаниқлик ушбу технологияларни кенг миқёсда жорий қилишга тўсиқ бўлмоқда

Агроэлектр энергетикаси ҳозир дастлабки поғонада ва тадқиқотчилар ҳали-ҳануз оптимал ҳосил олиш учун турли иқлим шароитида қандай конфигурациялар ва экинлардан фойдаланишни режалаштиришнинг бошланғич босқичидадир.

«Номаълум нарсалар билан ривожланиш қийин. Жуда суст кетмоқда«, дейди Хики.

«Биз эришаётган натижаларда жуда кўп фарқлар бор, чунки омиллар кўп ва бу тадқиқотнинг янги соҳаси«, дея қўшимча қилади Рэндл-Боггис. «Бу ҳар қандай шароитда ҳам иш беравермайди. Шундай қилиб, қуёш энергетикаси соҳасида худди аввалгидек, асосий эътибор сизнинг одатий қуёш паркингизга қаратилади«.

Ишга фермерлар ва ишлаб чиқувчиларни жалб қилиш мақсадида Sandbox Solar компанияси ҳозирги кунда Қайта тикланадиган энергия манбалари миллий лабораторияси (NREL) билан ҳамкорликда Spade деб номланган агроэлектрик лойиҳалаш ва моделлаштириш дастурини ишлаб чиқмоқда.

Бу фойдаланувчиларга ўз маҳаллий иқлимида қандай экинлар ва конфигурациялардан фойдаланиш мумкинлигини, шунингдек, мавжуд тадқиқотлар асосида тегишли харажат ва даромадлар ҳақида тахминий тасаввурга эга бўлиш имконини беради.

«Шу йўл билан сиз қуёш энергиясидан ҳам,  потенциал ҳосилдан ҳам қандай харажатлар ва  натижаларга эришишингизни тушуниб олишингиз мумкин. Ва албатта, бу инфратузилмада инвестицияларнинг қопланиши қанча давом этишини ҳам билиб оласиз«, деди Хики.

Агроэлектрик тизимларни ўрнатиш нисбатан қиммат ва мураккаб

Агроэлектр энергетикани кенг жорий этиш билан боғлиқ бошқа амалий муаммолар ҳам мавжуд.

Одатда, панелларни ушлаб туриш учун зарур бўлган катта ва мураккаб монтаж тизимлари туфайли икки томонлама қуёш тизимларини ўрнатиш қимматроқ.

Масалан, Бусселонинг сўзларига кўра, томга ускуналар ўрнатиш анъанавий текис томга ўрнатишдан уч баробар қимматга тушиши мумкин.

«Бу юқори бошланғич капитал харажатлар«, дейди у.  «Аммо инвестицияларнинг узоқ муддатли қопланиши жуда ажойиб, чунки сиз якуний натижада, ушбу энергия тизимлари [сув, энергия ва озиқ-овқат]ни ҳимоялайсиз«.

Рэндл-Боггиснинг айтишича, агро электр станциялар анъанавий қуёш панелларига нисбатан ердан баландроқ кўтарилгани сабабли, улар учун чуқурроқ пўлат пойдеворга эҳтиёж бор ва шу боис, унинг углерод изи юқоридир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистонда хўраки узумнинг хориж селекциясига мансуб уруғсиз навлари экиш учун тайёрланмоқда

EastFruit

Андижонда тўрт қаватли бино томида иссиқхона барпо этилди

EastFruit

Грузиядаги вертикал фермада юқори технологиялар жорий қилинмоқда (видео)

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин