Британиялик олимлар плантацияларда зараркунанда ва касалликлар мониторинги учун фотоник “бурун” яратиш бўйича янги лойиҳани бошламоқда.
Астон университети тадқиқотчилари Харпер Адамс университети коллежидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда экинларнинг соғлиғини назорат қилиш учун ёруғликдан фойдаланадиган технологияни ишлаб чиқа бошлади, дея хабар бермоқда Fruit-inform Farminguk.com. хабарига таяниб.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, жаҳонда ҳар йили ҳосилнинг 40%игача зараркунандалар таъсирида нобуд бўлади. Ўсимликлар касалликлари ҳар йили жаҳон иқтисодиётига 220 миллиард доллардан кўпроқ, инвазив ҳашаротлар эса камида 70 миллиард доллар зарар келтиради.
Ушбу тадқиқот ва янги технологияни синовдан ўтказишда биринчи экин қулупнай бўлиши айтилмоқда. Ушбу экин Буюк Британия иқтисодиёти учун 350 миллион фунт стерлингга баҳоланади, аммо қулупнай картошка ширасига таъсирчандир. Шира билан жиддий зарарланса, резавор ҳосили деярли йўққа чиқади.
Шунингдек ўқинг: Австралия компанияси иссиқхоналарида помидорни асалари ўрнига роботлар чанглатмоқда (видео)
Ҳозирги вақтда қулупнай ширадан пестицидлар билан ҳимояланмоқда, аммо бу усулнинг атроф-муҳитга таъсири ва истеъмолчиларнинг экологик соф маҳсулотларга бўлган хоҳиши туфайли муқобил вариантларни топиш ёки агрокимёвий моддаларни камайтиришга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Бироқ, ҳар икки ҳолатда ҳам зараркунандаларнинг кўпайиш даражаси кам бўлиши керак. Шунинг учун зараркунандаларга қарши комплекс курашда эрта огоҳлантириш тизими муҳим аҳамиятга эга.
“Бироқ, аксарият электрон «бурун»лар электрокимёвий датчиклардан фойдаланади, уларда сезувчанлик ва сенсорнинг эскириш эффекти муаммолари мавжуд, спецификлик эса йўқ. Биз ёруғлик фани бўлмиш фотониканинг тез ривожланаётган технологиясига асосланиб, бошқа фан йўналишлари бўйича фаолият юритаётган олимлар билан ҳамкорликда бу муаммони ҳал қилиш ниятидамиз”, дейди Астон институтининг Фотон технологиялари (АIPТ) профессори Дэвид Уэбб.
Унинг қайд этишича, янги лойиҳада британиялик олимлар ўсимликлар соғлиғи хавф остида қолганида экинлардан ажралиб чиқадиган учувчи органик бирикмалар (УОБ)нинг паст даражасини таҳлил қиладиган фотоника технологиясининг энг сўнгги ишланмаларидан фойдаланади. Бу, машина ускуналари билан бир қаторда фотоник электрон «бурун»ни сунъий интеллект билан бирга тижорат шароитида қўллаш имконини беради.
Харпер Адамс коллежидан доктор Жо Робертс бу борада шундай дейди: «Жаҳон бўйича аҳолининг прогноз қилинаётган ўсиши қишлоқ хўжалиги секторидан юқори ҳосил олишни талаб қилмоқда. Мавжуд ишлаб чиқариш тизимлари доирасида ҳосил бой берилишини камайтириш ресурслардан фойдаланишни кўпайтирмай туриб озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш имконини беради».
Ўн икки ойлик лойиҳа Биотехнология ва биологик фанлар тадқиқот кенгаши (BBSRC) ҳамда Британия атроф-муҳитни ўрганиш бўйича тадқиқот кенгаши томонидан 200 000 фунт стерлинг миқдорида молиялаштирилади.
Аston University фотосуратлари
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!