Турли соҳалардаги профессионалларнинг ҳамкорлиги ҳар доим янги тажриба орттириш ва янги, яхшироқ ечимлар яратишга хизмат қилган. Aгар биз мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва уларни сақлаш учун ускуна етказиб берувчиларнинг биргаликдаги иши ҳақида гапирадиган бўлсак, унда иккала бозор иштирокчиси ҳам фойда кўради. Ишлаб чиқарувчи маҳсулотни сотиш муддатини узайтиради, техник компания эса янги навлар ҳамда янги шартлар билан ишлаш тажрибасига эга бўлади. Бу симбиоз ҳозирги кунда картошка сақлашда ҳамкорлик қилаётган «Aгрико Украина» ва «ВанДайк Техникс» компаниялари ўртасида шаклланди. Компаниялар директорлари Николай Гордийчук ва Aндрей Марушак SEEDS муштарийларига ўз тажрибаларини бўлишишди.
Картошкани сақлаш жараёни
«Aгрико»дан кечки навларнинг аксарияти узоқ муддатли ором ёки яхши сақланиш хусусиятига эга. Бу шуни англатадики, «Пикассо», «Рудольф» ва бошқа навларнинг ором даври эртаги картошка навларига қараганда узоқроқдир. +4 – +6 даража ҳароратда кечки навларни майгача, ҳатто июнгача сақлаш мумкин. Албатта, бунга вентиляция орқали эришилади, яъни омборхоналар шундай тизимлар билан жиҳозланган бўлиши керак. Вентиляция фаол бўлмаган омборхоналарда бирорта ҳам картошка нави яхши сақланмайди – йўқотишлар катта бўлади», дейди Николай Гордийчук.
Вентиляция нима учун зарур?
«Сақлаш пайтида картошка» «нафас олади «, яъни ўзидан карбонат ангидрид ажратади. Уни омбордан чиқариб ташлаш учун шамоллатиш тизими зарур. Вентиляциясиз картошка ичида қора доғлар пайдо бўлади – у «бўғилади». Бу эса маҳсулотнинг ташқи кўринишига таъсир қилади. Табиийки, бундай маҳсулот истеъмол қилинмайди. Вентиляция бўйича тўғри техник ечимлар минимал йўқотишлар билан ҳосилни сифатли сақлаш имконини беради. Aгар юқори сифатли шамоллатиш тизими мавжуд бўлмаса, бу йўқотишларнинг кўпайишига олиб келади – намликни йўқотиш, турли касалликлар ривожланиши ва ҳоказолар шулар жумласидандир”, дейди «Агрико Украина» директори.
Маҳсулотни сифатли сақлашга яна қандай омиллар таъсир қилади?
«Биринчидан, картошка яхши жиҳозланган омборхонада қуруқ сақланиши керак. Aгар ҳосил йиғиб олингандан кейин нам бўлса, уни, албатта, қуритиб олиш зарур. Кўпгина замонавий сақлаш жойларида «қуритиш» режими ёки «даволаш» даври мавжуд. Бу даврда картошка қуритилади ва ундаги механик шикастланишлар, юзасидаги яралар битади. Aгар бу босқич ўтказиб юборилса, жароҳатлар очиқ қолиши натижасида картошка ичига касалликлар киради. Кейин эса маҳсулот ёмон сақланади ёки йўқотишлар миқдори ортади”, дейди жаноб Гордийчук.
Мутахассис картошкани қути ёки контейнерларда сақлашни маслаҳат беради. Бундай ҳолатда, сақлаш жойида муаммо бўлса ҳам, сиз уни локализация қилишингиз мумкин. Мунтазам текширувлар давомида муаммолар аниқланади. Картошкаси шикастланган идишлар олиб ташланади ва сараланади. Кейин ушбу картошкани зудлик билан сотиш керакми ё яна қуритиб сақлаш мумкинми – бу борада қарор қабул қилинади.
Шунингдек ўқинг: Украиналик картошка етиштирувчилар юқори ҳароратли кунлар келгунча ҳосили етиладиган ўта эртаги ва эртаги навларни танламоқдалар
Ҳар бир маҳсулотга турлича ёндашув зарур
«Маҳсулотларни омборхонада сақлаш шартлари (ҳарорат ва намлик)ни ҳар бир экин учун алоҳида белгиланадиган параметрларга қараб, автоматик равишда ускуналар тартибга солади. Лекин мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга тайёрлаш жараёнлари турлича, чунки, ҳар хил майдондан, ҳар хил шароитдан йиғиб олинган ҳар бир маҳсулотга алоҳида ёндашув керак бўлади. Бу сақлаш технологиясидир. «ВанДайк Техникс» ускуналарни шунчаки сотадиган бошқа кўплаб компаниялардан фарқлидир. Бизда ёндашув бошқача: мижозга барини батафсил тушунтирамиз ва илк сақлаш муддати жараёнида унга ҳамроҳлик қиламиз. Ҳозир бу хизмат бепул. Биз, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар маҳсулотни тўғри сақлашни ўрганиб олишларини истаймиз, улар шунчаки асбоб-ускуналарнинг параметрларини ўрнатиб, объектни тарк этмасликлари керак», дейди Aндрей Марушак.
«Катта иш тажрибаси бизга минтақавий ўзига хосликларни четлаб ўтиш имконини беради. Биз мижозларга нафақат Украинада, балки Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларда ҳам маслаҳат берамиз. Минтақавий шароитлар маҳсулотни тўғри сақлашга таъсир этади. У ёки бу экин қайси тупроқда етиштирилгани ҳам муҳим. Тўплам ва тупроқ ҳарорати, экиш ҳарорати ва бошқалар ҳисобга олинади», дейди «ВанДайк Техникс» компаниясининг тижорат директори.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!