“Швейцарияда олма мевалар рейтингидаги мутлақ етакчи ҳисобланади: ҳар бир швейцариялик йилига ўртача 16 килограмм миқдорда хом, шарбат ёки қуритилган ҳолда олма истеъмол қилади. Олма навлари орасида энг кўп истеъмол қилинадигани — «Гала». Ҳар йили швейцариялик боғбонлар ушбу навдан 30 минг тоннадан ортиқ ҳосил йиғиб олишади. Иккинчи ўриндан «Голден Делишес», учинчи ўриндан эса «Бребурн» навлари жой олган. Шарқий Швейцария олма етиштириш учун энг муҳим ҳудуд ҳисобланади. Шарқий Швейцариядан ташқари, Вале кантони ва Женева кўли минтақасида ҳам олма етиштирилади«, дейди Рената Ходель www.lid.ch порталидаги мақоласида.
Маҳаллий етиштирилган олмаларнинг кўпгина навлари йил давомида мавжуд бўлиб, кузги ҳосилни баҳоргача етказиш учун уни тўғри сақлай билиш керак. Ҳарорат, намлик, ёруғлик ва муайян шароитларда тўғри танланган «қўшни мевалар» ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Швейцарияда олма сақлаш технологиялари бугунги кунда идеал ҳолатдадир: музлатгичли катта залларда меваларни навига қараб, бир неча ой ёки ҳатто бир неча йилгача сақлаш имконини берувчи шароитлар яратилган. Бу ҳақида Fruit-inform хабар бермоқда.
Албатта, аслида, олма камдан-кам ҳолларда бир йилдан кўпроқ сақланади, кузги ҳосилга бориб, музлатгичлар бўшатилиши керак. Люцерн кантонидаги Зурзее шаҳрида мева зали мавжуд бўлиб, унда минглаб олмалар назорат остида сақланади. Тизим аниқ ҳисоб-китоб асосида қурилган: йиғим-терим мавсумида ҳар бир мева етиштирувчи боғбон 24 соат аввал қайси навлардан қанча миқдорда ҳосил йиғиб олиниши, “мева цехи”га етказилиши ҳақида ҳисобот беради, сўнгра улар турли музлатгич камераларида сақланади.
Бу иншоотларда паст ҳарорат, паст кислород даражаси ва аксинча, CО 2 нинг юқори даражасини кузатиш мумкин.
Бир фоиздан уч фоизгача камайтирилган кислород миқдори, карбонат ангидриднинг кўпайтирилиши ва нолдан бироз юқори ҳарорат олма пишиб етилиши жараёнини секинлаштиради, демак, у имкон қадар узоқ вақт давомида сақланиши мумкин. Ҳар мавсумда Зурзеедаги мева залида 20 хилдан ортиқ навлардан иборат бир неча минг тонна олма сақланади.
Меваларнинг чуқур уйқусини бузмаслик учун олмаларни қадоқлаш ва сотишда улгуржи ва чакана савдогарларга жўнатишдан олдин музлатгичли камераларни фақат қисқа муддатга очиш керак. Шунинг учун алоҳида навларга бўлган талаб ҳисоблаб чиқилади ва олма тегишли миқдорда алоҳида музлатгичли камераларга жойлаштирилади. Олманинг энг юқори истеъмоли январдан майга қадар давом этади. Чунки йил охирида у апельсин ва мандарин билан рақобатлашади, апрелдан бошлаб эса бозорда биринчи ёзги резаворлар пайдо бўлади.
Швейцария мева ассоциацияси вакили Мэгги Старк қайд этганидек, олманинг энг узоқ сақланадиган навлари юқори технологияли тизимларсиз бир неча ой давомида салқин, қоронғи ва ўта қуруқ бўлмаган ертўлада нисбатан яхши туриши мумкин. Булар — «Гала», «Жонаголд», «Глокенапфель», «Бребурн» ва «Боскоп» навларидир. Бироқ, олмаларни одатий шароитда сақлашда «ўзаро муносабатлар муаммоси»ни ҳисобга олиш керак: олма ўзидан пишиб етилишга хизмат қилувчи этилен газини ажратади, «қўшни»ларнинг пишиб етилиши тезлашуви, масалан, карамнинг чиришига олиб келиши мумкин. Аммо бу баъзан ижобий натижа ҳам беради, яъни, киви ёки мангонинг табиий усулда пишиб етилишига хизмат қилади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!