Ўтган жума, яъни 19 февраль куни Ҳиндистонда қишлоқ хўжалиги дронларидан фойдаланиш бўйича энг йирик жамоавий машғулотлар бўлиб ўтди. Ҳиндистон далалари узра юзлаб агродронларнинг кўргазмали парвози амалга оширилди.
Бош вазир Нарендра Моди ноёб парвозлар орқали амалга оширилган қишлоқ хўжалиги операциялари намойишини Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги учун муҳим босқич деб атади. Бу хусусда AgroXXI www.hindustantimes.com. порталидаги мақола ҳаволасига таяниб хабар бермоқда.
“Бу ХХI асрнинг замонавий қишлоқ хўжалиги объектлари йўналишидаги янги саҳифадир. Ишончим комилки, айни янгилик учувчисиз ускуналар секторини ривожлантиришда муҳим босқич бўлибгина қолмай, чексиз имкониятлар эшигини ҳам очади”, деб ёзди бош вазир мега-тақдимотдан сўнг Твиттерда.
Таҳлилчиларнинг айтишича, дронлар самарадор ва инновацион ускуна бўлишига қарамай, оддий фермер учун ҳали-ҳануз қимматлик қилмоқда.
Эътиборлиси, интеллектуал интернет-технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлатиладиган қишлоқ хўжалиги дрони пуркашдан тортиб, экин ҳолати мониторингигача бўлган қишлоқ хўжалиги тадбирларини бажариши мумкин.
Шунингдек ўқинг: Тернопол (Украина)да Европадаги энг йирик агродронлар флоти ташкил этилди (видео)
Дронларни Ченнайдаги Garuda Aerospace стартапи ишлаб чиқарган. Бош вазирнинг сўзларига кўра, компания яқин 2 йил ичида 100 минг дона дрон ишлаб чиқаришини айтган. “Бу ёшлар учун янгидан-янги иш ўринлари ва беқиёс имкониятлар яратади”, деди бош вазир.
Ҳиндистонда дронларни ижарага берувчи марказлар ҳам ташкил этилади ва уларга қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиши учун махсус маблағ ажратилади. Яна ҳам аниқроғи, бу дрон ва унинг қўшимча жиҳозлари базавий таннархининг 40 фоизи миқдоридаги компенсациядир.
“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган дронлар ихтисослаштирилган ижара марказлари орқали ҳамёнбоп нархда таклиф қилиниши керак бўлади. Бу маҳаллий фермерларнинг учувчисиз ускуналардан кўпроқ фойдаланишини рағбатлантиради”, дейди Аggrow қишлоқ хўжалиги технологияларига ихтисослашган фирма таҳлилчиси Араньяк Нирверкар.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!