Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларГолубика ва гилосни саралаш: бизнесда энг яхши натижага эришиш учун ускуналарнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида нималарни билиш керак?
ВидеоТехнологиялар

Голубика ва гилосни саралаш: бизнесда энг яхши натижага эришиш учун ускуналарнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида нималарни билиш керак?

Янги узилган голубика ва гилосни саралаш муайян технологияларга амал қилишни талаб этади. Бунга эса фақатгина резавор меваларнинг сифати, калибри ва ранги каби кўрсаткичларига қараб саралаш имконини берувчи ва юқори самарадорликка эга махсус ускуналарни тўғри танлаш орқали эришиш мумкин. Бу ҳақда “Толсма Текник” компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Наталия Зеленская “АПК –Информ: сабзовотлар ва мевалар” томонидан ташкил этилган Ftrade Berry Club 2021 конференциясидаги чиқишида айтиб ўтди.  EastFruit халқаро мева-сабзовот таҳлилий платформаси ва Sapienza агромедиа агентлиги ушбу тадбирнинг ахборот ҳамкори бўлди.

Наталия Зеленская янги узилган голубика ва гилослар учун саралаш ускуналарини ишлаб чиқарувчи Elifab компанияси номидан иштирок этди. Унинг айтишига кўра, ушбу компания ҳали ёш бўлишига қарамасдан саралаш машиналарини ишлаб чиқариш соҳасида жуда кучли тажрибага эга, деб ёзади  Agri-gator.

Толсма Текник” компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери қайд этганидек, голубикадан фарқли равишда гилосни сараловчи машиналарда кириш-чиқиш жойлари сув ўтказади. “Шунга қарамай, буюртмачининг жойи ёки бюджети кичик бўлса, “қуруқ” (сув ишлатилмайдиган) ускуналар ҳам мавжуд. Бироқ ҳам голубика, ҳам гилос учун яратилган ушбу саралаш машиналари бозорда сотилаётган жиҳозлар орасида ихчамлиги, айни пайтда хомашёни қайта ишлаш қувватининг юқорилиги билан ажралиб туради”, дейди резавор меваларни қайта ишлаш бўйича технологик ускуналар бозори мутахассиси.

Шунингдек, ўз чиқишида Наталия Зеленская сараловчи машиналарни танлашда нималарга эътибор бериш кераклиги тўғрисида ҳам айтиб ўтди.

“Биринчидан, бу самарадорлик. Ушбу машиналар шундай моделдаги бошқа ускуналарга қараганда, ўта юқори самарадорликка эга. Бунга роликни конвейернинг жуда тез ҳаракатланиши эвазига эришилади. Бундан ташқари, машинанинг кам жой эгаллаши ҳамда саралаш биносидаги совитиш майдонининг кичиклиги ҳам ўз навбатида қайта ишлаш харажатларини камайтиради.

Голубикани саралаш машиналари меваларни эҳтиёткорлик билан қайта ишлаш имконини беради. Чунки сингулятор конвейерлари бир хил тезликда ҳаракатланади, чиқишдаги махсус ясалган силикон пардалар ва мевани ўтказиш оралиғининг пастлиги эса голубикада табиий қопламани сақлаб қолиш имконини беради.

Мазкур машиналар ёрдамида ҳосилни калибр, ранг, сифат ва ҳатто юмшоқлик бўйича самарали саралаш, яъни қаттиқ ва юмшоқроқ меваларни ажратиб олиш мумкин. Шу тариқа энг қаттиқ меваларни экспорт бозорига, юмшоқларни эса маҳаллий бозорларга чиқариш мумкин бўлади” деди Наталия Зеленская.

Ускунанинг ўзига хос турлари ҳақида гапирар экан, мутахассис голубикани саралаш машиналарининг энг кичиги иккита йўлакчадан, энг каттаси эса ўн иккита йўлакчадан ташкил топганини айтиб ўтди. Ҳар бир жуфт йўлакчага учта махсус камералар ўрнатилган. Биринчи камера ташқи дефектлар ва рангни аниқловчи рангли камера. Қолган иккитаси эса инфрақизил камералардир. Улардан бири меванинг катталигини, иккинчиси — ички дефектлар ва қаттиқликни ўлчайди. Ҳар бир машинада автоматик ювиш мосламаси бўлиб, у ускуна ишлаётган пайтда роликларни қуруқ буғ билан тозалаб туради.

Машинанинг иш самарадорлиги ҳар бир йўлакча учун 200 кг.ни ташкил этади. Бунда калибр ва ранг бўйича саралаш аниқлиги 98 фоизни, сифат бўйича эса 96 фоизни ташкил қилади. Машинанинг ўзига хос жиҳати шундаки, унга иш жараёнида  аввал дастурлаштирилмаган янгича дефектларни қўшиш мумкин. Натижада ускуна голубикадаги ҳар қандай дефектни саралай олади. Ҳозир Украинада шундай машиналардан иккитаси ишламоқда.

“Гилос сараловчи машиналар ҳам иккитадан ўн иккитагача йўлакчага эга. Уларга тўрт поғонали сингулятор ўрнатилган бўлиб, улар мевани сифатли тақсимлаш имконини беради. Ускуна, шунингдек, бешта камера, автоматик тозаловчи, бункерга йиғувчи мосламага эга.

Ҳар бир йўлакчанинг иш самарадорлиги 277 кг/соатга тенг. Калибр ва ранг бўйича саралаш аниқлиги 98 фоизни, сифат бўйича эса 96 фоизни ташкил қилади” деб аниқлик киритди Наталия Зеленская.

Унинг қўшимча қилишича, беш камерадан иборат блок, гилос сараловчи машинанинг фарқли жиҳатидир. Юқори камерага маҳсулот сифатини текширувчи рангли ва инфрақизил камералар ўрнатилган.

“Бундан ташқари, иккита камера модули 45 градус бурчакда жойлаштирилган. Улар юқори камерадан ўтиб кетган гилос бандида учрайдиган нуқсонларни кўриш имконини беради” деб хулоса қилди Наталия Зеленская.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Маrlena қизил смородина бозорида янги лидерга айланадими?

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Малайзия чакана савдо тармоқларида Ўзбекистон гилослари сотувга чиқади

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин