Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларДронлар ва сунъий интеллект америкалик фермерларга картошка етиштиришда кўмак бермоқда
ТехнологияларЯнгиликлар

Дронлар ва сунъий интеллект америкалик фермерларга картошка етиштиришда кўмак бермоқда

Картошка буталарининг ҳисоб-китоби, ўсимлик параметрларини аниқ ўлчаш, тупроқ ва дала шароитларини таҳлил қилиш – буларнинг бари дрон ёрдамида амалга оширилиб, фермерларга картошкадан юқори ҳосил олиш ва энг яхши навларни танлашда кўмак бермоқда.  Бу ҳақида AgroExpert.md agremo.com сайтида экин етиштиришда қўлланадиган дронларни етказиб берувчи Америка компанияси маълумотларига таяниб ёзмоқда.

Картошка жаҳондаги энг муҳим экинлар рўйхатида энг юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Бугунги кунда 156 дан ортиқ мамлакатларда картошка етиштирилади ва миллиарлаб одамлар уни мунтазам истеъмол қилади. Қўшма Штатларда картошка энг муҳим сабзавот экини саналади. 2025 йилга бориб, АҚШ картошка саноатининг даромади 10,6 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Black Gold Farms (АҚШ) картошка етиштирувчи компанияларнинг энг йиригидир. Унинг 8 штатдаги 226 та далаларида картошка ва ширин картошка етиштирилади. Мазкур компанияда ҳар бир дала ҳақида аниқ маълумот олиш учун ўсимликларни ҳисоблашда Agremo’нинг дронлари ва сунъий интеллектидан фойдаланилади.

Деҳқончиликдаги аниқ технологияларга ўтишдан аввал Black Gold Farms жамоаси экинларни анъанавий ҳисоб-китоб қилиш усулларига таянган. Уч йил аввал технологияни синовдан ўтказишга қарор қилинди ва ҳозирги кунда у компаниянинг барча картошка далаларида қўлланмоқда.

Дронлар дастурий таъминот (Agremo’нинг дала таҳлиллари учун сунъий интеллекти) билан бирга компания агрономлари экинлар зичлиги ва турли навларни солиштириш учун фойдаланадиган маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади. Бу экин экишнинг муваффақиятини таъминлайди.

Компания доимий равишда картошканинг турли навларини синовдан ўтказмоқда. Қайси нав яхшироқ эканини аниқлаш усулларидан бири — ўсимликнинг бўйини аниқ ўлчашдир. Шу тариқа уруғларнинг реал маҳсулдорлигини яхшироқ тушуниш натижасида нав танлови амалга оширилади.

Картошка етиштиришда яна бир муаммо — тупроқ тури ва унинг сифати.  Картошка кўп миқдорда азот, калий истеъмол қилади ва тупроқдаги бошқа озуқавий моддаларнинг етарли миқдорда бўлиши муҳимдир. Бироқ, яёв кезиб далаларни ўрганиш ва мавсумий муаммоларни аниқлаш қийин. Дронлар ёрдамида далалардаги унумдор ўсимликлар камроқ жойларни аниқлаш ва тузатишлар киритиш осонроқдир.

Картошка ўсимликларини ҳисоблашнинг анъанавий усули қуйидагича: агроном далада бир нечта жойларни танлайди ва муайян узунликдаги қаторлар бўйлаб экинлар сонини қўлда санайди. Мазкур усул жуда чекланган, аммо бу ўсимликлар миқдорини мақсадли популяция билан солиштириш орқали ўсимликларнинг тахминий популяциясини ҳисоблашнинг ягона усули.

Намуна олиш бутун дала бўйлаб амалга оширилмагани учун агроном барча ўсимликлар ҳақида маълумотга эга бўлмайди. Бундан ташқари, ўсимликларни қўлда ҳисоблаш мақсадида танланган жойлар субъектив бўлиб, кўпинча,  ўзгарувчанликка олиб келади. Қолаверса, ушбу компанияга тегишли ҳар бир далада бир нечта навлар мавжуд ва далаларнинг кўпи турлича экиш зичлигига эга, шу боис, даланинг ҳар бир ноёб майдони учун экиш бўйича ҳисоб-китоблар керак.

Дрон тасвирлари далалар ва улардаги шароитларнинг тўлиқ манзарасини тез намоён этади. Уруғларнинг неча фоизи ҳосилдор ўсимликларга айланишини билиш фермер учун ҳам, селекционер учун ҳам қимматли маълумотдир.

Маълумотларга асосланиб, сунъий интеллект прогнозга таянган ҳолда якуний ҳосил ҳақида таҳлилий маълумотларни тақдим этади. Компания ҳосилдорлиги паст уруғлар миқдорини 20 фоизга камайтириб, яхши ҳосил олиш учун экилаётган уруғлар калибрини 30 фоизга ўзгартиришга муваффақ бўлди.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Пиёз — сабзавотлар нархи ўсиши бўйича мутлақ етакчи

EastFruit

Қуёш энергияси боғдорчилик соҳасидаги «ўйин қоидалари»ни ўзгартирмоқда!

EastFruit

Япония компаниясининг қалампир терувчи роботи CЕS 2023 кўргазмасида инновация учун мукофотланди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин