Ҳосилнинг сифати ва ҳажми ўғитлар ва ўсимликларни ҳимояловчи воситаларни тўғри ҳамда ўз вақтида қўллашга боғлиқ. Йирик қишлоқ хўжалиги корхоналарида махсус пуркагичлар билан жиҳозланган бутунбошли техника парклари мавжуд бўлса-да, кичик фермер хўжаликлари, кўпинча, асбоб-ускуналарни ижарага олиши ёки самарадорлиги юқори бўлмаган эски машиналардан фойдаланишига тўғри келади. Шу нуқтаи назардан, муқобил ечимлар масаласи қизиқ, масалан, қишлоқ хўжалиги дронларидан фойдаланишни олайлик. Бундай машиналар нисбатан аниқ ишлайди ва ёқилғи ҳамда сувни тежашга ёрдам беради, деб ёзмоқда SЕЕDS.
Украинада бундай дронлар бозори қандай ривожланаётгани ва нима учун дронлар кичик фермер хўжаликлари ҳамда фермерлар учун жуда фойдали бўлиши мумкинлиги “Пуркагич-дронлар: 2022 йил қийинчиликлари шароитида харажатларни камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш” деб номланган вебинарда муҳокама қилинди. Ушбу тадбир Аggeek ўқув аграр платформаси ва ХАG Ukraine бренди кўмагида «Тайтен Машинери Украина» компанияси ташаббуси билан ташкил қилинди.
Тадбирнинг асосий маърузачилари Украинадаги “Тайтен Машинери Украина» компаниясининг Аниқ деҳқончилик бўлими бошлиғи Максим Романовский ва ДroneUA ҳаммуассиси Валерий Яковенко бўлди.
2021 йили Украинада дронлар ёрдамида миллион гектар далага дори сепилди. Бунинг самарасида ускунани сотиб олган ёки ижарага олган корхоналар 5,5 миллион литр ёқилғини тежаб қолишга муваффақ бўлди. Ўтган йилги нархларда ёқилғи харажатини тежаш 6 миллион еврога тенг бўлган. Шунингдек, дронларнинг анъанавий пуркагичлар каби 250 литр эмас, бор-йўғи 7 литр сув қуйиши ҳисобига 460 минг тонна сув тежаб қолинган. Бундан ташқари, ушбу техника туфайли фермерлар 158 минг тонна қўшимча ҳосил олишди, дея қайд этилди вебинарда.
Уруш бошланишидан аввал бу йил Украинада қишлоқ хўжалиги дронлари бозори тўрт баробар кўпайиши прогноз қилинган эди. Вазият кескин ўзгарган бўлса-да, Валерий Яковенко ушбу замонавий технологиялар бозори ўсишини кутмоқда. Экспертнинг ҳисоб-китобларига кўра, сотувлар ҳажми бир ярим баробар ошади.
«Бу йил робототехника ривожига таъсир этувчи бир қатор ноаниқликлар юзага келди. Аммо вазият у қадар пессимистик эмас. Бу йил об-ҳаво туфайли ўсимликларнинг ривожланиши бироз кечикди, шунинг учун бутун экиш мавсуми бир ёки икки-уч ҳафта кейинга қолдирилгандек таассурот қолдирди. Шу боис, бу йил бозорда дронларга бўлган талаб бироз «кечикди», аммо ҳозир талаб ортиб бормоқда, биз йирик агрокомпаниялардан пуркагич-дронлар бўйича рекорд буюртмалар бўлаётганини кўрмоқдамиз. Бу йил учинчи бор ушбу бозорда жуда кучли ўйинчиларни кўряпмиз. Ҳозирги мураккаб шароитда ёнилғи тежамкорлигини таъминловчи ушбу турдаги дронларга эътибор кучаймоқда», дея қайд этди Валерий Яковенко.
Кичик ва ўрта фермер хўжаликларининг бундай ускунани сотиб олишга ҳар доим ҳам маблағи етмайди. Шу боис, дронларни сотиб олиш учун улар турли грант дастурлари, масалан, USAID дастуридан фойдаланишлари мумкин.
Шунингдек ўқинг: Грузиядаги боғдорчилик «дронизацияси»: бодом плантацияларида DJI Аgras Т-30 дронининг тест жараёни (видео)
«Тайтен Машинери Украина» ўзиюрар пуркагичларни муваффақиятли сотмоқда. Эндиликда, Максим Романовскийнинг сўзларига кўра, компания дрон бозорини ўзи учун навбатдаги босқич сифатида кўряпти: «Пуркагич-дронлар ўзиюрар пуркагичларга жуда яхши қўшимча бўлиб, баъзан ҳатто фермерларнинг айрим гуруҳлари учун ўсимликлар ривожланишининг муайян босқичларида яхши муқобилдир».
«Бугунги кунда дронлар анъанавий пуркагичлар ўрнини босувчи эмас, балки уларга қўшимча, деган фикрни қўллаб-қувватлайман. Негаки, биз анъанавий техника билан ишнинг айрим қисмини амалга ошира олмаганимиз учун ҳосилнинг бир қисмини бой бердик. Масалан, анъанавий пуркагич кунгабоқар майдонларида фунгицидлар қўллашни таъминлай олмайди, лекин буни дронлар ёрдамида амалга ошириш мумкин», дейди Валерий Яковенко.
Бундан ташқари, дронлар оддий пуркагичларга нисбатан экологик жиҳатдан қулайдир. Улар углерод изи, яъни, атмосферанинг карбонат ангидрид билан ифлосланишини камайтиришга ёрдам беради. Шундай қилиб, 2021 йилги мавсумда Украинадаги қишлоқ хўжалиги дронлари туфайли CО2 эмиссиясини 14 минг тоннага камайтириш мумкин бўлди.
Бозор ўсиб бормоқда ва мутахассислар сафи ҳам тобора кенгайяпти. Украинада мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги дронларининг операторлари ва учувчилари мавжуд. Шу боис, фермерларни ихтисослашган кадрлар топиш муаммоси безовта қилмаса ҳам бўлади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!