Бундан бир-икки йил аввал мен жуда футуристик блог ёзган эдим, у ҳозир ўша пайтдагидек ҳайратланарли эмас. Чунки, ўшанда қаламга олинганларнинг бари ҳозир мавжуд ва улар тижорат миқёсидадир.
Бугун мен сархил кўкатлар ва ароматик гиёҳлар сегментида нималар содир бўлаётгани ҳақида гапириб бермоқчиман. Бу сегмент бизнинг лойиҳаларимиз амалга оширилаётган мамлакатлар учун энг муҳимларидан биридир. Зеро, Грузия ҳам, Ўзбекистон ҳам жуда катта ҳажмда кўкат экспорт қилади.
Россия йилига 50 миллион доллардан ортиқ 50 минг тонна сархил кўкат импорт қилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Россия учун энг йирик кўкат етказиб берувчи ҳисобланади, Грузия эса йирик экспортёрлар қаторига кирган. Кўкат етиштириш ва унинг экспорти бўйича бизнеснинг келажаги қандай? Вертикал фермерларнинг унга қандай алоқаси бор?
Шу ўринда кичик бир чекиниш қилмоқчиман. Биз, яъни, ФАО ҳамда ЕТТБ сабзавот, мева, резавор ва ёнғоқ етиштириш, уларнинг логистикаси, маркетинги ва қайта ишлаш бўйича энг замонавий технологик инновацияларга бағишланган лойиҳани ишга туширмоқдамиз.
Ва бунда мева-сабзавот бизнесидаги хатарларни сезиларли даражада камайтирувчи ҳақиқий технологик ютуқларга эътибор қаратилади. Ва албатта, саноат учун қуйидаги долзарб вазифалардан бирини ҳал қилиш шарти билан: атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, маҳсулдорликни ошириш ва маҳсулот таннархини кескин пасайтириш, маҳсулот бой берилишини камайтириш, қазилма энергия манбаларидан фойдаланишни қисқартириш, қўл меҳнати харажатларини камайтириш, маҳсулот сифатини ошириш ва ҳоказо.
Энг илғор технологиялардан бири ва албатта, тренддагиси бу вертикал фермалардир. Албатта, ҳозир бу тренд атрофида жуда кўп шов-шувлар юрганлигини яхши биламиз. Шуниси аниқки, вертикал хўжаликларда маҳсулот етиштиришнинг иқтисодий жиҳатлари ҳали ҳам оқсоқ. Бироқ, ушбу саноат ўнлаб миллиард инвестицияларни жалб қилмоқда, демак, жаҳон бўйича бу муаммоларни ҳал қилиш йўллари фаол изланмоқда. Шу боис, EastFruit халқаро жамоаси ҳам минтақамиздаги вазиятни фаол ўргана бошлади, халқаро тажрибани эса биз анчадан буён ўрганмоқдамиз.
Шундай қилиб, мен вертикал фермер хўжаликларининг камида битта бизнес-форматини кўрмоқдаман, у бугунги кунда ва ҳатто бизнинг минтақамизда ҳам иқтисодий жиҳатдан мутлақо мақсадга мувофиқдир!
Бу яхши ресторан ёки унинг томорқасида кўкатлар ва хушбўй гиёҳлар етиштириш форматидир. Маълумки, ресторан учун маҳсулот таннархи асосий харажат элементи эмас. Шу билан бирга, ресторанлар ўртасида рақобат даражаси ошиши фонида маҳсулот сифати рестораннинг асосий афзаллигига айланиши мумкин.
Мен ўз вертикал фермасига эга бўлган эски Тбилиси марказидаги «Стамба» ресторани салатларидан татиб кўрдим. Кўкатлар дастурхонга тортилишидан бир неча дақиқа аввал узиб олинган. Ва улар ҳақиқатан ҳам жуда мазали эди! Бундан ташқари, ушбу вертикал фермада кўкатларнинг катта ассортименти етиштирилади, бундай хилма-хилликни бозордан тополмайсиз, чунки, уларни бошқа ҳеч ким етиштирмайди. Ишлаб чиқарувчилар ўз ошпазлари билан рецептлари учун энг мазали кўкатларни топишга муваффақ бўлишган ва бу тажрибалар доимий давом этади. Бундай услубда ишлаш ниҳоятда қулай ва жуда самарали. Пестицидлардан умуман фойдаланмаслик ҳам ўз соғлиғини қадрлайдиган мижозлар учун яна бир афзалликдир.
Иккинчи кутилмаган жиҳат – бу вертикал фермер хўжалигининг жуда чиройли эканлиги! Ҳа, бу интерьер учун ажойиб безак вазифасини ўтай олади. Кўпчилик «Стабма»га бинафша-пуштиранг кўкатлар гуркираб турган фермани суратга олиш учун келади.
Қизиғи шундаки, Грузиядаги бошқа ресторанлар ҳам ўз мақсадларини амалга ошириш йўлида шундай ихчам ечимларни сотиб олиш имконияти билан қизиқишмоқда. Грузиянинг Space Farms компанияси асосчиси Туся Гарибашвили ресторан ва супермаркетлар учун автоматлаштирилган вертикал ферманинг прототипини ишлаб чиқди. Унинг сўзларига кўра, икки метр квадрат жойдан ойига 25 килограммгача сархил кўкатлар ва хушбўй гиёҳлар ҳосилини йиғиб олиш мумкин.
Албатта, бу фақат бошланиши ва илк қадамлар. Бизга маълумки, кўплаб супермаркетлар тармоғи ўз вертикал фермаларини яратиб, уни савдо залларига, ташқи фасадга жойлаштириш ёки ҳамкор лойиҳаларга сармоя киритиш устида ишламоқда (жаҳондаги энг йирик супермаркетлар тармоғи Walmartнинг 400 миллион долларлик сармояси ҳақидаги материалга қаранг). Улар шу ернинг ўзида етиштирилган кўкатлар ҳар доим юзлаб ёки минглаб километр узоқликдан олиб келинганидан кўра сархил ва мазали бўлишини яхши билишади. Бундан ташқари, бундай ташув билан боғлиқ «углерод изи» ҳақида ҳам унутмаслик керак. Сотиладиган маҳсулотларнинг ташув нархини пасайтириш ва зарарли чиқиндиларни камайтириш ҳозир жаҳондаги ҳар бир ритейлер, жумладан, бизнинг мамлакатлар супермаркетлари учун ҳам энг муҳим вазифадир. Бу имтиёзли молиялаштиришнинг кўплаб манбаларидан фойдаланиш имконини беради ва айни имконият ритейл-бизнес ривожидаги муҳим афзалликдир.
Бундан ташқари, сиз яна бир қизиқарли тенденцияни сездингизми-йўқми, билмайман – кўплаб йирик мева-сабзавот компаниялари авиаташувдан бутунлай воз кеча бошлади! Эслатиб ўтаман, кўкатлар ва ароматик гиёҳлар, одатда, фақат шу тарзда ташилади, чунки, улар қиммат ва тез бузиладиган маҳсулотдир. Бу эса келгуси беш йил ичида кўкатлар экспорти, ҳатто шу сабабдан ҳам кескин қисқаришини англатади. Агар бунга истеъмолчини янада мазали кўкатлар ва уларнинг кенг ассортиментига ўргатадиган вертикал фермер хўжаликлари ривожини ҳам қўшсак, менимча, сархил кўкатларнинг халқаро савдосига нуқта қўйишга тўғри келади.
Айтганча, сўзларим тасдиғи сифатида шуни айтишим жоизки, сархил кўкатлар халқаро савдоси пасая бошлади. Менимча, 2021 йил кетма-кет тўртинчи йил бўлдики, кўкатлар экспорти, ҳатто қиймат жиҳатидан ҳам пасайди. Модомики, шундай экан, балки Ўзбекистон ва Грузия бошқа имкониятларни излай бошлаши керакдир, чунки, вертикал фермер хўжаликларини ривожлантириш тенденцияси Россияда ҳам мавжуд ва у тобора кучайиб бормоқда.
Хулоса сифатида шуни айтмоқчиманки, жаҳондаги сархил кўкатлар ва ароматик гиёҳларнинг энг йирик экспортёрлари Италия, Нидерландия, Хитой, Эфиопия ва Мексикадир. Минтақамиз мамлакатлари орасида Ўзбекистон жаҳондаги энг йирик йигирмата экспортёрлар қаторидан жой олган. Жаҳон миқёсида сархил кўкатларнинг халқаро савдоси 3 миллиард долларни ташкил этади. Ўн йилдан кейин эса ушбу савдо ҳажми минимал даражага тушиши эҳтимоли баланд.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!
1 comment
Juda ajoyib ishlar ammo Agrosanoat kelajagini sun’iylik tashkil etmasa bo’lgani Ayniqsa Sun’iy intelekt odamni daxshatga solmoqda