Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиМуаллифлик блоглариЕр ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин
ДолзарбМахсусМуаллифлик блоглариЯнгиликлар

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Жорий йилнинг 23 май куни бўлиб ўтган «HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференцияда мутахассислар ер ости томчилатиб суғориш импульсли суғориш усули билан бирга Ўзбекистон мева- сабзавотларини етиштиришда барқарорлик ва рентабелликка қай тариқа таъсир кўрсатиши юзасидан батафсил маълумот беришди. Мен бу мавзуни мева-сабзавот сектори доирасидан чиқиб, кенгроқ форматда очиб бермоқчиман, чунки мазкур технологиялар Ўзбекистондаги бутун агробизнеснинг деярли барча асосий муаммоларини ҳал қилиши мумкинлигига ишонаман.

Аввало, ер ости ёки ер ости томчилатиб суғориш (ЕТС) нима эканлигига аниқлик киритиб олайлик. Бу суғориш ва фертигация технологияси бўлиб, унда тупроқ остига махсус томчилатувчи трубка қўйилади ва мазкур трубка у ерда камида 10-15 йилгача қолади. АҚШ ва бошқа кўплаб мамлакатларда бу технология узоқ вақтдан бери маълум бўлиб, у SDI (ер ости томчилатиб суғориш) деб номланади ва ҳозирги кунда айни усул янгича импульсга эга бўлди. Негаки, бу борада кўплаб янги ёндашувлар ишлаб чиқилган. Дарвоқе, АҚШнинг баъзи далаларида ЕОТС 30 йилдан зиёд вақтдан буён қўлланмоқда!

Импульсли томчилатиб суғориш (инглиз тилида: pulse drip irrigation) нима? Импульсли томчилатиб суғориш (ИТС) — бу ўсимликнинг илдиз қисмида ҳаво илдизларга киришига тўсқинлик қилмасдан доимий оптимал тупроқ намлигини сақлайдиган суғориш усулидир. Импульсли томчилатиб суғориш қисқа вақт давомида қўлланади ва тупроқ намлиги сенсорлари ҳамда метеостанциялар билан бирга энг яхши натижаларни кўрсатади. Дарвоқе, биз конференцияда бу ҳақида ҳам батафсил сўз юритдик.

ИТС ер ости ва ер устида бўлиши мумкин. Бироқ, у ЕТС билан бирга ишлатилганда юқори самарадорликни кўрсатади.  Ер ости импульсли томчилатиб суғориш усулини — қисқача қилиб ЕИТС деб атаймиз.

ЕТС ва ЕИТСнинг асосий афзалликлари қуйидагилардан иборат:

  • катта миқдорда сувни тежаш;
  • экинлар ҳосилдорлигининг кескин ошиши;
  • етиштириладиган маҳсулотлар сифати ошиши, айниқса, Ўзбекистон иқлимида;
  • катта миқдорда минерал ўғитларни тежаш;
  • суғориш насослари учун ишлатиладиган электр энергиясини катта миқдорда тежаш;
  • ўсимликларни ҳимояловчи воситаларни тежаш;
  • суғориш ва ўсимликларни ҳимоялаш учун ишчи кучини тежаш;
  • ёқилғи-мойлаш материалларини тежаш (кам миқдордаги операциялар ҳисобига);
  • атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, чунки, ўғитлар ер ости сувларига ювилиб кетмайди ва атроф-муҳитни ифлослантирмайди;
  • ЕИТС билан харажатлар кўпроқ камаяди.

ЕТС ва ЕИТСнинг асосий камчиликлари:

  • биринчи босқичда нисбатан юқори инвестициялар (аммо, улар жуда тез ўзини оқлайди);
  • тупроқ ва ҳудудни ўрганиш ҳамда тизимни режалаштиришга қўйиладиган юқори талаблар;
  • сув сифатига юқори талаблар (гарчи улар муваффақиятли қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун доимо юқори бўлса-да);
  • экин етиштириш технологияларини тизимнинг ўзига хос хусусиятларига мослаштириш;
  • агар бир йиллик экинлар ҳақида гапирадиган бўлсак, алмашлаб экишни пухта режалаштириш;
  • кемирувчилардан зарарланиш хавфи;
  • илдизга зарар етиши хавфи (осонлик билан ҳал қилинади).

Қандай қилиб ва ​​нима учун Ўзбекистонда ер ости импульсли томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш нафақат сабзавот ва мева етиштириш соҳасини, балки ушбу мамлакат агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин?

Ўзбекистон оқсил тақчиллиги мавжуд мамлакат.  Бу ерда чорва моллари учун озуқалар жаҳоннинг аксарият мамлакатларига қараганда анча қиммат. Ўзбекистон ҳар йили оқсилли озуқа компонентларини экспорт қилмасдан импорт қилиш учун 250 миллион долларга яқин маблағ сарфлайди.

Емнинг баланд нархлари гўшт, тухум ва сут каби таркибида оқсил миқдори юқори маҳсулотлар нархига ҳам таъсир этади. Аҳоли даромадлари нисбатан пастлигича қолаётган мамлакат учун қиммат сут, тухум ва гўшт ушбу муҳим маҳсулотларнинг етарли даражада истеъмол қилинмаслигига олиб келади ва бу аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

Яна бир муаммо — ўсимлик ёғининг анча юқори нархлари. Ўзбекистон ҳар йили ўсимлик ёғини импорт қилишда ярим миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфлайди.

ЕТСнинг мамлакатда оммавий равишда жорий этилиши ушбу икки муаммони ҳал этишга ёрдам беради.

Масалан, 500 бош сигирга мўлжалланган ва маҳсулдорлиги – ҳар бир сигирдан ўртача 10 тоннага яқин сут олинадиган сифатли сут ишлаб чиқариш корхонасини – фермани ташкил этиш, ЕТС орқали ўз озуқасини етиштириш билан бирга тўлиқ ўз-ўзини ем билан таъминлайдиган ферма учун, агар маккажўхори ва сояга эътибор қаратадиган бўлсак, атиги 300 гектарга яқин ер керак бўлади!

Қизиғи шундаки, худди шу асосда ем етиштириладиган майдонни 500 гектарга кўпайтириш билан ёш буқаларни боқиш учун майдончаларни ҳам яратиш мумкин, бу эса тўғри ёндашув билан арзон нархда юқори сифатли мол гўшти олиш имконини беради. Худди шундай, парранда гўшти ва тухум фермалари ўзини озиқлантирадиган, мойли ўсимликларни қайта ишлайдиган ва қўшимча даромад олиш учун  ўсимлик мойларини сотадиган вертикал интеграциялашган корхоналар яратишда ЕТСдан фойдаланиши мумкин. Дарвоқе, бу технология Ўзбекистон шароитида ЕТСдан фойдаланган ҳолда Украинадагидан ҳам юқори ҳосил берадиган кунгабоқар сингари бошқа мойли экинларни етиштириш учун ҳам жуда мос келади.

Бундай корхоналарнинг ташкил этилиши мамлакатда соя ва бошқа мойли ўсимликларни қайта ишлаш корхоналарини яратиш, соя шротини асосий озуқавий таркибий қисмга айлантириш имконини ҳам беради. Шу билан бирга, соя ва кунгабоқар ёғлари импорт қилинадиган қиммат ўсимлик мойлари ўрнини босувчи мукаммал маҳсулотга айланиб, мамлакат савдо балансини кескин яхшилайди.

Табиийки, Ўзбекистонда сут, гўшт ва тухум ишлаб чиқаришнинг ўсиши ушбу маҳсулотлар нархини пасайтириб, истеъмол даражасини оширади ва мамлакат аҳолиси саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, бу мамлакат савдо баланси ва озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш ҳамда атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатади.

Энди Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг энг ўткир муаммоси – сув ресурслари ҳақида. Ёзда ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб кетадиган, нисбий намлик 20-30% бўлган мамлакатда жўякли суғориш усулини кўриб шахсан менинг юрагим эзилади! Шу билан бирга, мен Ўзбекистон фермерларининг 200 метр ва ундан кўпроқ чуқурликдан экин суғориш учун артезиан сувининг олтин захираларини тортиб олишига гувоҳ бўламан. Ваҳоланки, ер ости томчилатиб суғориш усулидан фойдаланилса ва яна уни импульсли суғориш билан уйғунлаштирилса, Ўзбекистон сув ресурсларини тежаш даражаси жуда ҳам юқори бўлади! Бу артезиан қудуқларидан олинадиган сувдан фойдаланмаган ҳолда, мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги ерлари майдонини сезиларли даражада кенгайтириш имконини беради! Шу сабабли, ЕТС усули нафақат ақлли инвестор учун ақлли сармоя, балки мамлакат келажагига бефарқ бўлмаганлар учун кўплаб муаммоларни ҳал қилишда ажойиб ечимдир.

Албатта, ерости суғориш Ўзбекистон мева-сабзавот бизнесига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ҳам гапирмасак бўлмайди.

Ўзбекистондаги мева ва сабзавот етиштирувчиларнинг асосий муаммоси нима? Кўпчилик менинг фикримни маъқулламаслиги мумкин, лекин мен республиканинг барча ҳудудларида бўлдим, фермерлар маҳсулотларини, экин етиштириш технологияларини кўрдим, харидорлар ва трейдерлар билан суҳбатлашдим ва шунга амин бўлдимки, асосий муаммо – мева- сабзавотлар сифати.

ЕТС ва ЕИТС мева-сабзавотларнинг сифати билан боғлиқ кўплаб муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради.

Амалий мисол келтираман.  Гилос – Ўзбекистон фахри.  Аммо, нега Ўзбекистон жаҳоннинг энг йирик гилос бозори – Хитойга гилос экспорт қилиш имконияти бўла туриб, йилига 150 минг тоннадан ортиқ гилос етиштиргани ҳолда Хитойга 200 тоннадан ортиқ гилос сота олмаяпти?  Жавоб оддий — сифат, биринчи навбатда, калибр. Мамлакатдаги мен кўрган деярли барча корхоналарда ҳаво жуда иссиқ бўлган пайтлар гилос плантацияларини  суғориш учун сув танқислиги жуда катта муаммо. Бу эса гилоснинг калибри Хитойга сотиш учун зарур ўлчамдан камроқ бўлишига олиб келади. Афсуски, Ўзбекистонда томчилатиб суғориш тизимлари энг юқори талабни ҳисобга олмасдан режалаштирилади – тизимларнинг ўтказувчанлиги (сув ҳажми бўйича) шунчаки етарли эмас. Ва, албатта, фертигация тизими ҳам қониқарли деб бўлмайди.

ЕТС ва ЕИТС бу муаммони бартараф эта олади! Дарвоқе, ер ости суғориш тизимларини мавжуд боғларда ҳам ўрнатиш мумкин!

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

2 comments

Sodiqjon 8 Июн 23 at 04:04

Zo’r men ham shu sohadaman imkonimyetsa 4 gektar maydonni qilmoqchim

Reply
Andriy Yarmak 8 Июн 23 at 11:01

Здесь прямая ссылка на презентацию эксперта по этой теме https://www.youtube.com/watch?v=sCzt7P_-mMw&t=1520s

Reply

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин