Агроботлар фермерларни экин экиш, уни парваришлаш ва йиғим-терим каби вазифалардан халос қилиш, шунингдек, ишчи кучи етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда қўл келади.
EastFruit мева-сабзавот секторида қўлланишга мўлжалланган роботлар бозоридаги инновацияларга доим эътибор қаратади. Ушбу материалнинг I ва II қисмларида биз асосий қишлоқ хўжалиги роботлари ва GPS асосидаги автоматлаштирилган ўзиюрар қишлоқ хўжалиги техникасини, шунингдек, глобал қишлоқ хўжалиги роботлари бозорининг драйверларини кўриб чиқамиз.
Қишлоқ хўжалиги роботлари глобал бозори бўйича Кеnneth Reseach компаниясининг ҳисоботига кўра, 2050 йилга бориб, жаҳон аҳолиси сони 40 фоизга ўсиб, 9,7 миллиардга етади – мева етиштириш ҳажми эса икки баробар кўпаяди.
2050 йилга бориб, бутун жаҳон бўйлаб мева етиштириладиган ерлар икки баробар ошиб, 140 миллион гектарни ташкил этади. Қишлоқ хўжалигидаги бандлик 2050 йилга бориб, икки баробар қисқаради, натижада, 5 миллион нафар мева теримчиси етишмовчилиги юзага келади.
Теримчилар танқислиги ҳозирданоқ, бутун жаҳон бўйлаб мева-сабзавотларнинг 10% дан ортиғи дала ва боғларда терилмай қолиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ва бу Европа Иттифоқидаги йиллик истеъмол миқдорига тенг рақамдир.
Агроботлар фермерга нима учун керак?
Қишлоқ хўжалиги роботлари, агроботлар – экин сифати ва самарадорлигини ошириш, қўл меҳнатига боғлиқликни камайтириш ва умумий ҳосилдорликни ошириш учун ишлатиладиган автоном машиналар. Мисол учун, мева-сабзавотчилик ва мева ҳосили йиғим-теримида роботлаштирилган платформалардаги ишчилар нарвондан фойдаланувчи ишчиларга нисбатан икки баробар самаралироқдир.
Фермер-роботлар, агроботлар экинларни ўстиради ва ҳосилни йиғиб олади. Ва улар юклаш, суғориш, ўғитлаш, экинни бегона ўтлардан тозалаш, маълумотлар тўплаш, дала харитасини тузиш, тупроқ таҳлили, атроф-муҳит мониторинги кабилар билан боғлиқ инсон омили учун мураккаб ва зерикарли вазифаларни бажаради.
Роботларми ёки Коботлар?
Кўплаб соҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги учун роботлар «кобот» (инсон номидан вазифаларни бажариши мумкин бўлган коллаборатив роботлар)ларга айланди. Энди IоТ ечимлари ёрдамида коботлар янада аниқ вазифаларни бажариши мумкин. Коботлар 2021 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда ўртача йиллик темпи 43,4% ни ташкил этувчи саноат автоматлашувининг энг тез ривожланаётган сегменти бўлиб қолмоқда.
Бу қишлоқ хўжалигида «одам-машина» ўртасидаги ўзаро идеал таъсир борасида изланишдир.
Бугунги коботлар кўп қиррали ва мустаҳкам бўлиб, қишлоқ хўжалигига мослашган. Шаҳар деҳқончилиги ривожланаётган жойларда ҳам улар айни муддаодир. Сингапурда 2030 йилга бориб, маҳаллий фермер хўжаликлари ҳисобидан маҳаллий озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг 30 фоизига эришиш мақсад қилинган. Ҳукумат фермерларни маҳсулдорлик ва молиявий даромадни ошириш учун автоматлаштириш ҳамда коботларни жорий этишга фаол равишда рағбатлантирмоқда. Қишлоқ хўжалиги ландшафтига кўпроқ коботлар жорий этилиши билан робототехника технологиясини ўқитиш аввалгидан кўра кенгроқ тус олади.
Мисол учун, Сингапурнинг Singrow компанияси мева-сабзавот етиштириш учун инновацион агротехник ечимларни ишлаб чиқади ҳамда йиғим-терим ва чанглатиш тизимларида коботлардан фойдаланади. Universal Robots ва Аugmentus билан ишлаган Singrow қулупнай гуллари ва меваларини аниқлашга ёрдам бериш учун интеграциялашган сунъий интеллект моделидан фойдаланади. Коботдаги камерада гуллар аниқланиши биланоқ, вентилятор ишга тушади ва чанглатиш янада самаралироқ бўлиши учун тезроқ ҳаво пуркайди. Шу билан бирга, Singrow ўзининг камераси ва инфрақизил сканеридан фойдаланган ҳолда қулупнайни маълумотлар базасига мослаштиради ва пишган мевани танлаши учун коботни дастурлайди.
Коботлар кичик ва ўрта бизнес учун ўйин қоидаларини ўзгартирувчи воситадир. Сингапурда катта майдонлар йўқлиги сабабли, кичик ва ўрта корхоналар коботлардан фойдаланмоқда, чунки ушбу ускуналар одамларга яқин ишлашга мўлжалланган ва улардан фойдаланиш жуда осон.
Ericsson, Hitachi ва Georgia Теch компаниялари коботларнинг иш фаолиятини яхшилаш учун зарур ечимларни яратди. Ericssonнинг асосий 5G тармоғида робот ва оператор (инсон) ўртасидаги хавфсиз алоқани таъминлаш учун масофадан бошқарув пульти мижоз иловаси ёрдамида созланган бўлади, робот эса реал вақт режимида кўрсатмаларга амал қилади. Қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда роботлар кенг тарқалишда давом этар экан, корхоналар агротехнологиялар билан боғлиқ хавф-хатарлардан хабардор бўлишга ишонч ҳосил қилиши ҳам керак. Аксарият коботлар бир қанча хавфсизлик хусусиятларига эга бўлса-да, маҳсулот етиштиришдаги узилишларнинг олдини олиш учун етарли киберхавфсизлик таъминланмаса, улар кибержиноятчилар томонидан ўзгартирилган ҳолда созланиши эҳтимоли мавжуд.
Роботлар қанча кўп бўлса, хатолар шунча камаяди
Интернетга кира олиш хусусияти туфайли роботлар об-ҳаво шароитларини осонгина башорат қилиши ва шунга мос равишда ишлаши мумкин. Қолаверса, қишлоқ хўжалиги роботлари, масалан, учувчисиз тракторлар ва турли ўзиюрар машиналар куннинг исталган соатида, ҳосил ўсиши ва унинг пишиб етилиш хусусиятларига мослашган ҳолда инсон омили аралашувисиз ишлайди.
Агробизнеснинг роботлаштирилиши билан ҳал этиладиган масалалар қуйидагилардир:
— мониторинг ва прогнозлаш;
— қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таннархини пасайтириш;
— сифат кўрсаткичларини яхшилаш;
— қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида экологик юкламани камайтириш;
— кичик ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш;
— қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг хавфсизлигини ошириш;
– ишчилар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш;
— ишчиларнинг инсофсизлиги билан боғлиқ харажатларни камайтириш;
– қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш: роботлар ҳар қандай об-ҳавода ва куннинг исталган вақтида ишлаши мумкин.
Кеnneth Research компаниясининг Глобал қишлоқ хўжалиги роботлари бозори ҳисоботига кўра, глобал қишлоқ хўжалиги роботлари бозори 2024 йилга қадар 21,1% ўртача йиллик ўсиш суръатида (CАGR) ривожланиши кутилмоқда.
Шундай қилиб, 2016 йилда қишлоқ хўжалиги роботларининг жаҳон бозори 3,2 миллиард долларга баҳоланди.
2021 йилда глобал қишлоқ хўжалиги роботлари бозори 6,3 миллиард долларга етиб улгурган. IMARC Group прогнозларига кўра, бозор 2027 йилга бориб, 17,8 миллиард долларга етиши кутилмоқда, бу эса 2022-2027 йиллар давомида 18,6 фоиз ўртача йиллик ўсиш суръатини намоён этади.
Агроботлар бозори барқарор ўсиб боради
Географик жиҳатдан глобал қишлоқ хўжалиги роботлари бозори Шимолий Америка, Европа, Осиё-Тинч океани, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Африкани ўз ичига олган беш йирик минтақага бўлинган.
Шимолий Америка минтақаси глобал қишлоқ хўжалиги роботлари бозорида етакчилик қилади ва барча минтақаларнинг энг катта улушига эга.
Агроботлар ишлаб чиқариш ва қўллаш улуши бўйича Европа минтақаси инновацион агротехнологияларнинг иккинчи йирик бозори бўлиб, келгуси 5 йил ичида сезиларли ўсишни намоён этиши кутилмоқда.
Кеnneth Research ҳисоботига кўра, Осиё-Тинч океани минтақасидаги қишлоқ хўжалиги роботлари бозори 2024 йилга қадар 11,2% ўртача йиллик ўсиш суръатида (CАGR) ривожланади. Аҳоли сони ўсиши, қишлоқ хўжалиги ерларининг қисқариши, дон-дун ва сабзавотларга талаб ортиб бораётгани Осиё-Тинч океани минтақасида қишлоқ хўжалиги роботлари бозорининг ўсишига туртки бўлмоқда. Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкаси минтақаларида ҳам қониқарли ўсиш кутиляпти.
Шундай қилиб, аҳоли сони ортиши билан бутун жаҳонда озиқ-овқатга бўлган талаб тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Натижада, фермерлар ўз маҳсулдорлигини ошириш ва кўпроқ даромад олиш мақсадида қишлоқ хўжалиги роботлари каби замонавий асбоб-ускуналарни қўллашга ўтяпти. Бундан ташқари, бутун жаҳон бўйича ҳукуматлар фермерларнинг автоматлаштирилган технологиялардан хабардорлигини ошириш учун субсидиялар таклиф қилмоқда ва фермерлар ўртасида автоматлаштирилган технологиялар бўйича ташаббуслар кўрсатмоқда. Масалан, Европа Иттифоқи GRAPE ва МАRS (кўп меҳнат талаб қиладиган вазифаларни энг сўнгги автоматлаштирилган технологиялар билан алмаштириш бўйича сайтларга ҳаволалар) каби лойиҳаларни молиялаштирди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги технологиялари соҳасидаги етакчи компаниялар агроботларнинг инновацион ассортиментини жорий этиш учун тадқиқот ва ишланмаларга сармоя киритмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!