Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюЛогистика чекловлари: тўпланиб қолган муаммолар оқими жаҳон савдосини издан чиқарди
ДолзарбИнтервьюМахсусЯнгиликлар

Логистика чекловлари: тўпланиб қолган муаммолар оқими жаҳон савдосини издан чиқарди

Ўтган икки йил ичида содир бўлган воқеликлар бизнеснинг барча қонун-қоидаларини бузиб юборди. Бу ҳолат глобал логистика соҳасида ҳам ўз сўзини айтмай қолмади. Айни ҳолат қандай содир бўлгани ҳақида EastFruitга КTL Ukraineнинг тижорат директори, юк ташишда ҳарорат режимини назорат қилувчи мутахассис Андрей Кузмин сўзлаб берди.

– 2020 йилги логистика инқирозига биринчи навбатда Covid-19 пандемияси сабаб бўлди. Салкам 2 йил ўтгач, вазият яхшиландими?

– Нафақат яхшиланмади, балки йилдан-йилга оғирлашиб бормоқда. Менинг шахсий прогнозларимга кўра, бу ҳолат энг камида 2022 йилнинг мартигача давом этади. Шу билан бирга, йирик таҳлилий компаниялар экспертлари глобал иқтисодиётдаги воқеалар билан боғлиқ логистика инқирози бутун 2022 йил бўйи чўзилиши мумкинлигига ишонч билдиришмоқда.

– Таъминот занжири узилишининг асосий омили нима эди?

– Логистика инқирози бутун жаҳон савдосининг асосий двигатели бўлмиш Хитойдан бошланди. Хитой локдауни сабаб, дастлабки икки ойда жуда кўп юк яроқсиз ҳолга келиб қолди. Жумладан, тез бузиладиган маҳсулотлар – кўкатлар, тухум, мева-сабзавотлар. Хитой очилганида эса бошқа мамлакатлар ёпила бошлади. Ва Хитой бундай ҳажмдаги ишлов берилмаган юклар билан нима қиларини билмай қолди. Ишчи кучи танқислиги таъминот занжирлари узилишига ва талаб пасайишига олиб келди.

– Жаҳон логистикаси инқирозининг яна қандай сабабларини қайд этиш мумкин?

– Covid-19 пандемияси ушбу соҳада йиллар давомида йиғилиб ётган ва эътиборсиз қолдирилган жараёнлар учун катализатор бўлиб хизмат қилди. Ва компания ҳамда ташкилотларнинг ҳаддан зиёд юкламали шароитларда ишлай олмаслигини очиб берди.

  • Ҳаракат одамлар учун чекланди, лекин харидлар учун эмас. Иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида, масалан, АҚШ ҳукумати тахминан 6 триллион доллар сарфлади. Шунинг натижасида гипер-талаб юзага келиб, барча логистика воситалари – ҳаво, денгиз ва ҳатто автоуловларга ҳам катта юклама тушди. Шунга кўра, контейнер ускуналарига бўлган талаб таклифдан сезиларли даражада оша бошлади. Хуллас, Хитой-Европа йўналишидаги ставкалар ўртача 800% га ошди.
  • Мева-сабзавотлар ва чуқур музлатилган маҳсулотлар ташиладиган контейнерларга талаб катта бўлгани сабабли, худди шу контейнерлар қуруқ маҳсулотларни жўнатиш учун ҳам ишлатила бошланди. Контейнер оддийгина идиш сифатида ишлатилган, бу эса бутун жаҳоннинг турли нуқталарида контейнер ускуналари номутаносиблигини келтириб чиқарди.
  • Нархлар пасая бошлаши билан Сувайш каналида форс-мажор ҳолат юз берди – бортида 20 минг контейнер бўлган Ever Given кемаси саёзликка туриб қолиб, канални тўсиб қўйди. Каналда 400 га яқин пароход тўпланиб қолган, уни кесиб ўта олмасди, бу эса яна жадваллар бузилишига олиб келди.
  • Қанчалар парадокс бўлмасин, мева-сабзавотлар ва чуқур музлатилган маҳсулотлар ташиладиган контейнерларни улаш учун кемаларда ҳали-ҳануз етарли розеткалар мавжуд эмас. Шу муносабат билан биз квоталар жорий қила бошладик – ҳар бир мижозга пароходда маълум миқдорда розеткалар ажратилади, чунки, улар кўп эмас.

– Мева-сабзавотларни ташишда ҳарорат режимига амал қилиш ҳал қилувчи аҳамиятга эгами?

– Бу асосий омил. Масалан, банан + 2 ℃ ҳароратда ташилади. Агар портда уланиш имкони бўлмаса ва шу вақтда Эквадорда ҳарорат + 35 ℃ бўлса, маҳсулот сифати бузилади.

– Андрей, сиз логистика хизматлари нархи ва талаби контейнер бизнесининг сўнгги 50 йиллик кўрсаткичларидан ошиб кетганини айтяпсиз. Бу нимага олиб келиши мумкин?

– Чекланган миқдордаги товарлар нарх ошишига олиб келади, бу эса жаҳоннинг барча йўналишларида юк ташиш тарифлари ошиши муаммосини келтириб чиқаради. Бунда кўплаб мамлакатлардаги чекланган розеткалар, кемалар, контейнерлар ва узоқ вақт ушланиб қолишларнинг ҳам таъсири бор.

Кўпгина портларга узоқ вақт давомида кам юк ортилган ва улар узоқ йиллар модернизация қилинмаган, маблағ тикилмаган. Шунинг учун Хитой портлари 24/7 соат ишлайди, Америка портлари эса бундай ҳажмдаги юк контейнерларининг келишига тайёр эмас.

Шунингдек, портларни рақамлаштириш масаласи ҳам ечимини топмаган. Хизмат тизимлари ва ходимлар иш жараёнида рақамли тизимга ўтилишига тайёр эмас эди. Шу боис, бир гал Лос-Анжелес порти яқинида бортда умумий сиғими миллион контейнерлик 82 пароход туриб қолди, уларни тушириш учун жой йўқ эди. Ва шунга ўхшаш вазият жаҳоннинг кўплаб йирик портларида юз берди.

– Юкни портдан олиб чиқиш ҳам керак. Логистика муаммолари фақат портлардами?

– Covid-19 пандемияси билан боғлиқ чекловлар инсон омили инқирозига – автомобиль юк ташувларида зарур ҳайдовчилар сони етишмаслигига олиб келди. Мева-сабзавотларни ташишда бошқа давлатлар чегарасини кесиб ўтиш учун рухсат талаб қилинади. Улар бир йиллик квота сифатида берилади ва одатда, йил охирига бир неча ой қолганда муаммолар бошланади. Айтайлик, Польшага пиёз юкланган 300 та машинага талаб бор,  рухсатнома эса атиги 20 та –  демак, роппа-роса 20 та машина чиқиб кетади. Шунга кўра, таклиф бунда талабни қопламайди.

Буларнинг бари Украинада танқис бўлиб турган сабзавот базалари, омборларга қўшимча юкламадир. Киев яқинида А тоифасидаги чуқур музлатиш омборлари мавжуд – улар умумий ҳажмнинг тахминан 55%ини ташкил этади. Ҳудудларда бундай омборлар сони жуда оз ва қуйи тоифадаги омборлар ҳар доим ҳам мева-сабзавот маҳсулотларига мос келавермайди.

– Бутун жаҳон бўйлаб мева-сабзавот экспортининг истиқболлари қандай, у ўсадими ёки фақат нарх ошадими?

– Инфляция ва кўплаб маҳсулотлар нархининг ўсиш суръати оддий украиналик оладиган иш ҳақининг ўсиш суръатига мос келмайди. Айтайлик, Хитойдан помело мевасини етказиб бериш юк ташишнинг 4 дан 15 минг долларга ўсиши билан ошди ва бу, албатта, харидор оладиган помело нархига таъсир қилади.

Ўтган йили Дубайга Украина голубикаси экспорти 47 тоннани ташкил этган эди. Бу йил у Украина бозорида ҳам талабгир бўлди, шунинг учун юқори нархларни сақлаб қолишга муваффақ бўлинди.

Форс кўрфази ва Узоқ Шарқ мамлакатларига экспорт қилинадиган Украина олмалари контейнерлар ва кемаларда бўш жой етишмаслиги муаммосига дуч келмоқда. Биз пиёз экспорт қиладиган Бангладешдаги порт пандемия туфайли деярли тўхтаб қолди.

– Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи украиналиклар ҳозирги вазиятда нима қилиши керак?

– Бугунги кунга қадар бутун логистика сектори бир вақтнинг ўзида тўрт муаммога дуч келди: тўхтаб қолиш, қайта ишга тушиш, ортиқча эҳтиёж, портларда тирбандликка тайёр эмаслик.

Автомобиль транспорти билан солиштирганда Украина портлари меъёрида ишламоқда – кирувчи товарларни тез жўнатиш учун юк ташиш жойлари ҳозирча етарли. Чекловлар контейнер линиялари томонидан кемадаги жойлар сони, контейнер ускуналари ва портга кирувлар миқдори бўйича ўрнатилади – уларнинг баъзилари бекор қилинади ва баъзи кемалар Одессани шунчаки четлаб ўтади.

Ҳозирча товарлар жўнатилишини кутиш керак, чунки, бунинг учун ресурслар топилиши лозим. Муаммони ҳал қилишнинг бир варианти – қўшни давлатлар билан Украина маҳсулотларини қуруқлик орқали ташиш учун шаффоф шартлар олишни кўпайтириш бўйича келишувлардир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Мева-сабзавот учун картон қадоқ — ривожланган бозорларнинг фойдали сегментларига йўлланма

EastFruit

2022/23 йилги мавсумда саноат олмаси ва олма концентратининг нархи қандай бўлади?

EastFruit

Украинада органик маҳсулот етиштириладиган майдонлар сўнгги беш йил ичида 1,5 баробар ошди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин