Узум етиштирувчилар ва экспортёрлар уюшмаси раиси Георге Габерь agroexpert.md муҳарририга Молдованинг ўзгарувчан иқтисодий шароитларида иссиқхона узумини етиштириш истиқболлари ҳақида гапириб берди.
– Нима деб ўйлайсиз, қурилиш материаллари ва энергия ресурслари нархларининг ошиши (яқин истиқболда нархлар ошишдан тўхташи даргумон) жараёни авваллари Молдова Республикасида машҳур бўлган бизнес – иссиқхонада хўраки узум етиштириш жараёнига таъсир этадими?
— Иссиқхонада хўраки узум етиштириш қуйидаги икки асосий муаммони ҳал этишга қаратилган, биринчидан, эртаги навли узумнинг пишиш муддатини олдинга суриш. Молдовада иссиқхона узуми бозорга классик очиқ плантацияларда етиштирилган худди шу навли узумларга нисбатан тўрт-беш ҳафта аввал чиқади. Иккинчидан, ўсимликларни атроф-муҳитнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш: баҳорги экстремал совуқлар, ҳаддан зиёд ёғингарчилик ва бошқалар – буларнинг барига иссиқхона энг яхши ечим бўла олади. Натижада, фермерлар юқори сифатли маҳсулотларни мавсумдан ташқари вақтда максимал нархда сотиш имкониятига эга бўлишади. Сўнгги пайтда содир бўлган жадал иқлим ва бозор ўзгаришлари иссиқхонада узум ҳамда бошқа экинларни етиштириш ҳажмини пасайтирмаяпти, аксинча, ушбу бизнеснинг жозибадорлигини янада оширмоқда. Бу жаҳоннинг қишлоқ хўжалиги соҳаси юксак ривожланган кўплаб мамлакатларида кузатилмоқда.
– Бироқ, рисклар (иқлим, энергетика, эпидемик, сиёсий ва бошқа омиллар билан боғлиқ) ортиб бораётгани сабабли, жаҳон бўйлаб деярли барча озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, мана, бир неча йилдирки, ошяпти. Хўраки узумни, айниқса, оммавий савдо мавсумидан ташқари, кундалик истеъмол билан боғлиқ асосий озиқ-овқат маҳсулотлари сирасига киритиш қийин. Ҳатто у яхши маънода «стереотип ва культ» элементи ҳисобланган Молдовада ҳам ҳолат шундай. Бу қиммат маҳсулотга талаб ҳамма жойда чекланган ва иқтисодий қийинчиликлар кучайгани сари у камайиб бораверади. Қандай қилиб, юзага келган ҳозирги вазиятда харажатларни камайтириш ва рақобатбардошликни ошириш мумкин?
— Молдовада узум иситилмайдиган иссиқхоналарда етиштирилади. Бироқ, фермерлар баъзан, яъни, баҳорги совуқлар даврида уни иситишларига тўғри келади. Бундан ташқари, нафақат иссиқхонада, балки бир қатор технологик процедуралар давомида экин материалини етиштириш жараёни кўп энергия талаб қилади. Биз бу вазиятдан энг кам харажат билан чиқиб кетиш йўлларини излашимиз керак. Лекин баъзан оптимал ҳароратни сақлаб туриш учун, масалан, электр конвекторлардан фойдаланиш керак бўлади. Истиқболда, шубҳасиз, харажатлар ошади. Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак? Масалан, иссиқхона учун замонавий кўп қатламли қоплама материаллари. Баъзи ҳолларда (Молдовада ҳозир мавжуд) иссиқхоналарни қисман қуёш батареялари панеллари билан қоплаш мумкин.
Бироқ, шу билан бирга, иссиқхонада фақат истеъмолчининг тўлов қобилияти юқори бўлган, бозорда талабгир – уруғсиз, йирик мевали хўраки узум етиштириш иқтисодий жиҳатдан оқилона эканлигини таъкидламоқчиман. Мисол учун, «Аватар» каби навларни айтиш мумкин. Айни пайтда мен жуда қиммат хўраки узум навлари учун патентга эга бўлган жаҳонга машҳур Америка компанияси билан энг яхши узум етиштириш хўжаликлари ўртасида салоҳиятли ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб бормоқдаман. Ишончим комилки, Молдова узумчилиги шу йўналишда ривожланади.
— Дарвоқе, маҳсулотлар сифати ва бозор жозибадорлиги масаласига тўхталсак. Молдова узумининг сифат кўрсаткичларини белгиловчи регламент ишлаб чиқилиши ғоясини асосли ва истиқболли деб ўйлайсизми?
— Бундай ғояларнинг келиб чиқиши сабабларини тушунаман. Очиғи, улар экспорт маҳсулоти сифатини ошириш, Молдова узумчилигининг жаҳон бозоридаги нуфузини юксалтириш каби эзгу мақсадларга йўғрилган. Бироқ, менимча, муаммога бошқачароқ ёндашилса, тўғри бўлади.
Узумнинг хавфсизлиги ва сифатини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани – мавжуд воқеликларни ҳисобга олган ҳолда – қайси бозор(ташқи ёки ички)га сотилишидан қатъи назар, ўзгартириш керак.
Менимча, фитосанитария сертификатларини сиртдан, маҳсулот юклангандан кейин ва бозорга жўнатиш кутилаётганда бериш мумкин эмас. Менимча, АNSA инспектори, албатта, узумнинг ҳар бир экспорт партиясини юклашда иштирок этиши лозим. Бу техник жиҳатдан осон эмас, лекин шундай бўлиши зарур. Ўшанда узум сифатига оид саволлар ва даъволарнинг аксарияти шунчаки пайдо бўлмайди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!