Украинада хўраки узумни йиғиб-териб олиш ва сотиш мавсуми бошланди. EastFruit томонидан аввал ҳам хабар қилинганидек, Украинанинг хўраки узум бозоридаги нархлар билан боғлиқ вазият таҳлиллари оқ навларнинг 2020 йилдаги худди шу даврдаги даражасига нисбатан кескин тушиб кетганини кўрсатмоқда.
Масалан, Украина бозорида оқ хўраки узумининг ўртача улгуржи нархи ўтган ҳафта охири ҳолатига кўра $0,94/кг ни ташкил қилган. 2020 йилнинг худди шу даврида украиналик миришкорлар ўз маҳсулотини бундан икки баравар юқори нархда сотгандилар.
Қора навларга келсак, ўтган йил билан қиёслаганда нархлар орасидаги фарқ у қадар катта эмас – 2020 йилда ушбу нав $1,08/кг дан сотилган бўлса, бугунги кунда унинг нархи $1,03/кг бўлиб турибди.
Украинадаги хўраки узум етиштирувчиларининг ушбу мавсумдан кутилмалари, келаси йил ҳосилининг истиқболлари, энг машҳур навлар, шунингдек, бозорнинг кичик иштирокчилари ўртасида кооперация нима учун муҳим эканлиги ҳақида EastFruit материалида ўқинг.
Хўраки узум етиштириш билан шуғулланувчи “ВИНС” компанияси (Украина, Одесса вилояти) директори Татьяна Шмаглюченконинг қайд этишича, 2021 йилда украиналик миришкорлар аввалги икки йилда юз берган қурғоқчилик оқибатларини ҳис қилдилар. Шу сабабдан ҳам жорий йил ҳосили учун ўтган йилдаги қаровлар у қадар муваффақиятли кечмади. “Масалан, бизда қишдан кейин бу йил умуман ҳосил бермаган навлар ҳам бор, чунки ток новдаларида мева тугадиган шоҳларни совуқ урган. Бундай ҳолат кузатилган хўжалик фақат биз эмас. Буларнинг барчасини ҳисобга оладиган бўлсак, бу йил катта ҳажмда хўраки узум ҳосилини оламиз, деб айта олмайман”, – дейди Татьяна Шмаглюченко.
Кўплаб украин миришкорлари ҳатто зарарсиз нуқтага ҳам чиқа олишмаяпти
Устига-устак, “ВИНС” компанияси директорининг сўзларига кўра, айрим фермерлар ёмғирли об-ҳаво туфайли чанглатиш яхши кетмаганлиги ва узум шингиллари бутун бўлиб шаклланмагани, чиройли кўринишга кира олмагани билан боғлиқ муаммога дуч келди. Шунингдек, ушбу мавсумдаги ёмғирлар туфайли узумзорларда кўплаб замбуруғли касалликлар вужудга келган.
Татьяна Шмаглюченконинг айтишича, ҳозир Украинадаги миришкорларнинг аксарияти фойда олиш у ёқда турсин, зарарсиз ҳолатга ҳам етиб бора олмаяпти. Шу боисдан, узум етиштирувчилар бор умидларини келгуси мавсумга боғлаганлар. “Албатта, келаси йил вазият яхшироқ бўлади, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Аммо ток новдаларининг шоҳларига қараб ҳосил ҳажми катта бўлади деб айтиш мумкин. Умуман олганда, об-ҳаво шароитлари ва бозордаги вазият ҳам ишлаб чиқариш ҳажмларига кучли таъсир кўрсатиши мумкин”, – дейди у.
“ВИНС” компанияси директорининг таъкидлашича, Украина бозорида бугунги кунда рангидан қатъи назар “Киш-миш”нинг данаксиз нави кенг шуҳрат қозонди. Ҳолбуки, истеъмолчилар ушбу навнинг Туркияда етиштириладиган оқ узумига ўрганган эдилар. “Биз қора “Киш-миш” ҳам етиштирамиз. Келаси йилдан эса бозорга унинг пушти ранглисини чиқаришни ният қилганмиз. Бундан ташқари, украиналик истеъмолчилар кўпинча катта-катта донали ва ўта мазали меваларни, масалан, “Ливия” навини хуш кўради. Украина жанубидаги об-ҳаво шароитлари – узумзорларнинг жойлашуви, ҳарорат, денгизга яқинликни инобатга олсак, бизда “Ливия” пушти тусга киради”, – дейди Татьяна Шмаглюченко.
Украина миришкорлари олдида турган муаммолардан бири – маҳаллий селекционерлар томонидан таклиф қилинаётган кўчатларнинг сифати
Умуман, “ВИНС” компанияси умумий 12 гектар майдонда узум етиштириш билан шуғулланади. Режада – яна қўшимча 6 гектарда плантация барпо қилиш. Компания энг аввало қайта ишлашга эмас, балки янги узилган мевалар бозорига асосий эътиборни қаратган, дейди директор.
Татьяна Шмаглюченконинг фикрича, Украина миришкорлари олдида турган муаммолардан бири – маҳаллий селекционерлар томонидан таклиф қилинаётган кўчатларнинг сифатидир. Европадан олиб келинадиган кўчатлар ҳам иқлим шароитларидаги тафовутлар туфайли Украина далаларида доим ҳам муваффақият келтиравермайди. “Бу ерда Европа тажрибасини ўзлаштириш зарур, аммо уни украин миришкорларининг талабларига мослаштириш керак. Шу боисдан ҳам, биз ўз питомнигимизни яратишга киришдик. Мана учинчи йилдирки, дала селекцияси ишларини олиб бормоқдамиз, тахталар остида тупларни ундирамиз. Ўзимизнинг эҳтиёжларимиз учун кўчат етиштирамиз”, – дея тушунтирди “ВИНС” компанияси директори.
Умуман олганда, Татьяна Шмаглюченконинг фикрича, Украинада узум бизнесида муваффақият қозониш учун, биринчидан, ўзининг бозорини яхши билиш керак. Чунки бутун ҳосилни келгусида ички бозорда сотиш мумкин, деб ўйлаб турли навларни етиштириш тўғри эмас.
“Кооперация томон ҳаракатланишимиз лозим. Бу борада яхши натижалар берган мисоллар талайгина. Масалан, турк миришкорлари ўз маҳсулотлари партиясини қандай тайёрлашини кўришимиз мумкин. Молдованинг Костешт қишлоғида ишлаб чиқарувчилар битта навни етиштириш учун бирлашиб, муваффақият қозондилар. Айни пайтда, улар ички бозорда сезиларли кучга эга бўлган иштирокчига айланиб, ўз маҳсулотини Украина ва ЕИга экспорт қилмоқда.
Бозорда кичик иштирокчилар учун осон эмаслигини тушуниш керак. Айнан шунинг учун ҳам уларнинг ягона йўли – кооперация”, – дея ўз фикрларига якун ясади Татьяна Шмаглюченко.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!