Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиБизнес тарихиЎзбекистоннинг ультразамонавий 4-авлод иссиқхонаси: гидропоника, илғор ёритгичли технология ва роботлар (видео)
Бизнес тарихиВидеоДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистоннинг ультразамонавий 4-авлод иссиқхонаси: гидропоника, илғор ёритгичли технология ва роботлар (видео)

EastFruit жамоаси 2022 йилнинг май ойи охирида ТNА АgroInvest компаниясининг иссиқхона мажмуига ташриф буюрди. Бу Ўзбекистондаги энг замонавий иссиқхоналардан биридир.

Мана, иккинчи йилдирки, ТNА АgroInvest компанияси томонидан 3 гектар майдонда замонавий ва илғор Голландия технологиялари асосида барпо этилган иссиқхона фаолият кўрсатмоқда. Тез орада тўпланган тажриба асосида бизнесни янада кенгайтириш режалаштирилган. Бу мавжуд ресурслардан фойдаланиш ва маркетинг самарадорлигини ошириш учун зарурдир. Тўпланган тажрибага асосланган ҳолда фаолиятни такомиллаштириш ва ривожланишда давом этиляпти.

Корхонада хорижлик юқори малакали мутахассислар ишлайди ва улар ўз билим ва тажрибаларини маҳаллий агрономларга ўргатмоқда. Бу ерда иссиқхона технологиялари ва ускуналарининг энг замонавий элементлари ҳам қўлланмоқда.

Мазкур корхона қиш мавсумида юқори нарх сегментидаги юқори сифат параметрларига эга иссиқхона помидорларини етиштиради. Шу боис, ёз мавсумида ёзги – енгил иссиқхоналар билан маҳаллий бозорда нарх бўйича рақобатлашиш унга фойда келтирмайди. 2022 йил май ойининг иккинчи ярмидаёқ Ўзбекистон ички бозорида помидор нархи шу даражага тушдики, келгусида юқори нарх сегментидаги помидорни етиштириш иқтисодий маънога эга бўлмай қолди. Ваҳоланки, назарий жиҳатдан корхона ушбу маҳсулотни бутун йил давомида етиштириши ва бундан даромад олиши мумкин. Шунинг учун биз ўсимликлар ликвидацияси ва помидор ҳосилининг янги айланмасига тайёргарлик жараёнининг устидан чиқдик.

ТNА АgroInvest ўз иссиқхоналарида етиштириш учун Rijk Zwaan компаниясининг индетерминант дурагай помидори – ТROVANZO RZ F1ни таъм сифати учун танлади. Помидорнинг маҳсулдорлиги ва таъм сифатларини ошириш, шунингдек, қишда ўсимликлар стрессини камайтириш мақсадида қўшимча ёритиш ва иссиқхонанинг барча ойналарини яхшилаб ювиш учун робот харид қилинди. Кейинги циклдан бошлаб бу ерда “светокультура” деб номланган махсус ёритувчи технология қўлланади. Бунинг учун 15 000 люкслик лампалар сотиб олинган.

Компания иссиқхона помидорларини гидропоника усулида етиштиради, бунинг учун  импорт қилинадиган табиий кокос субстратидан фойдаланилади. У ўсимликлар учун идеал бўлиб, тупроқдан фарқли ўлароқ, зараркунандалар ва касалликлардан холис ҳисобланади. Иссиқхонада ишлатилганидан сўнг кокос субстрати тупроқ таркибини яхшилаш ва булғор қалампири ҳосилдорлигини ошириш учун очиқ далаларда ишлатилади.

Корхонада етиштирилган деярли барча маҳсулотлар экспорт қилинади ва улар юқори сифатга эгалиги туфайли анъанавий маҳаллий бозорлар эмас, супермаркетлар пештахталаридан жой олади. Бироқ, Ўзбекистондаги истеъмолчилар ҳам қиш мавсумида етиштириладиган иссиқхона помидорининг таъм сифатига эътибор қарата бошлагани сабабли, мамлакат ички бозорида ҳам савдо ҳажми ошиб бормоқда.

Иссиқхонадаги ҳар бир жараён автоматлаштирилган. Бунинг учун Нидерландиянинг Ridder  компанияси ускуналаридан фойдаланилади. Иссиқхона мажмуида сув сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарвоқе, EastFruit учун ўз блогида Марита Гайлите иссиқхона бизнеси бўйича муваффақиятга эришишда юқори сифатли сувнинг катта аҳамияти ҳақида ёзган.

Сув сифатини назорат қилиш учун ТNА АgroInvest компаниясида ҳатто ноёб лаборатория мавжуд. Бундай лаборатория Ўзбекистондаги бошқа иссиқхоналарда йўқ.

Шунингдек, корхонадаги барча бизнес-жараёнларда сезилиб турадиган сифат ва тараққиёт фалсафасини ҳам қайд этиш жоиз. Шу маънода айтиш мумкинки, бундай лойиҳалар Ўзбекистоннинг иссиқхона ва мева-сабзавотчилик бизнесини янада ривожлантиришда, шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.

EastFruit жамоаси ТNА АgroInvest компаниясига саёҳат ва тақдим этилган маълумотлар учун миннатдорлик билдиради ва компания фаолиятда ривож ҳамда муваффақиятлар тилаб қолади!

Компаниянинг алоқага оид маълумотлари жамланган сайти – https://agroinvesttna.uz/.

Иссиқхона мажмуига видео-саёҳатни қуйида кўришингиз мумкин:

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин