«Молдова вертикал фермерлари?!» – Молдова Республикасида вертикал фермерлар мавжуд эканлиги ва муваффақиятли фаолият юритаётганини эшитиб, кўпчилик шундай ҳайрат билан сўз қотади. Аслида эса бундай фермаларни яратиш ва ривожлантиришга қизиқиш тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. EastFruit сизга вертикал фермаларга инвестициялар жозибадорлигини ошириш учун нима қилиш кераклигини ҳам сўзлаб, ҳам кўрсатиб беради. Албатта, бу ҳатто оддий иссиқхоналар ҳам нисбатан кам ривожланган Молдова шароити бўлса-да.
Эслатиб ўтамиз, EastFruitнинг Грузиядаги биринчи вертикал фермага видеотурини ушбу ҳавола орқали кузатиш мумкин. Ушбу ҳавола билан эса Бирлашган Араб Амирликларидаги қулупнай етиштириладиган вертикал фермага виртуал ташриф буюрасиз.
Келинг, энди юқори технологияли Молдовага қайтайлик. Даставвал, биз билан биргаликда кўкатлар ва салатлар етиштириш учун ташкил қилинган маҳаллий вертикал фермага назар ташлаб, видеони томоша қилишингизни таклиф қиламиз. Видео остида эса биз сизга вертикал деҳқончилик ва шаҳар қишлоқ хўжалигининг уйғунлиги феномени ҳақида кўпроқ маълумот берамиз (бу инглиз тилида «урбан фарминг» (urban farming) деб номланади), шунингдек, ушбу турдаги ишлаб чиқаришнинг иқтисодиёти ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз юритамиз.
Сабзавот, мева ва резаворларни «ҳимояланган тупроқ»да, ҳар хил турдаги иссиқхоналарда етиштириш қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланган кўплаб мамлакатларда бугун одатий ҳолга айланиб бормоқда. Ёпиқ тупроқ – иқлим ўзгариши ва хавф-хатарларини юмшатиш, маҳсулот сифати ҳамда экологик софлигини таъминлаш, маҳсулот етиштириш циклини тезлаштириш, узайтириш, мавсумдан ташқари пайтда ҳам маҳсулотларни истеъмолчига яқинлаштиришнинг яхши, аммо қиммат усулидир.
Молдова Республикасида иссиқхона сектори, афсуски, постсовет даврида муваффақиятсизликни бошдан кечирди ва ҳозирга қадар турғунлик давом этмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, иссиқхоналарнинг умумий майдони (энг оддийсидан то технологик жиҳатдан ривожланганигача) бир неча юз гектардан базўр ошади. Иссиқхона сабзавотлари, асосан, Туркиядан ва иссиқхона бизнеси ривожланган бошқа мамлакатлардан келтирилади. Бироқ, яқинда Молдовада бу соҳа тараққиётга юз тута бошлади – гидропоник иссиқхоналар, ҳатто вертикал фермалар пайдо бўлди.
2017 йилдан буён Croponix компанияси Молдовада гидропоник иссиқхоналар, вертикал фермалар қуриш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда ва амалга оширмоқда, шунингдек, консалтинг хизматлари (иссиқхоналар ва фермер хўжаликларининг бизнес лойиҳаларини агротехнологик қўллаб-қувватлаш)ни кўрсатмоқда. Айни пайтда мамлакатда иккита йирик гидропоник иссиқхона лойиҳаси амалга оширилди – салат ва қулупнай (экин материаллари ва тижорат резаворлари) Унгенда, шунингдек, икки вертикал фермер хўжалиги Кэлэраш ва Бэчой (яқин орада ишга тушишга тайёр)да ташкил этилган. Ўтган йили компания Украина бозорига кирди (вертикал фермер хўжаликларининг иккита тугалланган лойиҳаси – Винница ва Харьковдадир. Иккинчиси ҳозирги пайтда Украинадаги вазият туфайли тўхтатилган).
Аслида, дастлаб вертикал фермер хўжаликларига компания раҳбарияти томонидан йирик мамлакатларнинг йирик шаҳарлари бозори учун мўлжалланган соф экспорт лойиҳаси сифатида қаралган эди. Бироқ, уларни ишлаб чиқиш жараёнида вертикал фермер хўжаликларини қуриш учун баъзи типик ечимлар Молдовада ҳам инвесторларни жалб қилишга қодир эканлиги маълум бўлди.
Компания узоқ вақт давомида юқори сифатли маҳсулот (яшил экинлар ва гиёҳлар)лар барқарор ишлаб чиқарилишини таъминлайдиган уч турдаги вертикал фермер хўжаликларини таклиф қилмоқда. Булар бошланғич даражадаги вертикал фермер хўжаликлари – «стартёр» (62 метр кв.), «оптимал» (120 метр кв.), «про» (180 метр кв.)дир. Ҳисоб-китобларга кўра, типик вертикал фермер хўжаликларига инвестициялар ҳажми мос равишда 39 минг евро, 69,5 минг евро ва 99,5 минг евро (ЕХW Киев/Кишинев)ни ташкил этади. Бошқача айтганда, вертикал иссиқхонанинг бир метр квадрат майдони учун иншоотлар нархини ҳисобга олмаганда, 555 дан 630 еврогача сармоя киритиш керак.
Ҳафталик маҳсулот етиштириш ҳажми – масалан, 125-150 грамм оғирликдаги салат ўсимлигини оладиган бўлсак, 1, 2 ва 3 минг донагача етади. Вертикал фермада ишлатиладиган технологияга қараб, йилига 26 маротабагача салат ҳосилини олиш мумкин. Арзон салат турининг улгуржи сотув нархи бир дона учун 0,6 евро (чакана нархлар, бизнинг мониторингимиз бўйича, бир дона учун 1 дан 2 еврогача)дир. Энг кичик фермер хўжалиги учун даромад йилига 31 минг еврони, каттароқ фермер хўжалиги учун 62 минг еврони ва энг йирик вертикал ферма учун 94 минг еврони ташкил қилиши мумкин. Албатта, фермер қадоқ учун қўшимча харажатлар қилишига тўғри келади. Бошқа томондан, кичик ҳажмда маҳсулот етиштириш ва чакана савдо билан даромад янада юқори бўлишига эришиш мумкин.
Вертикал фермер хўжаликларида маҳсулот таннархи, биринчи навбатда, электр ва сув тарифларига, шунингдек, уруғлик, ўғитлар, тайёр маҳсулот учун қадоқ материаллари, ишчи кучи каби омилларга боғлиқ. Умуман олганда, вертикал фермер хўжаликларининг барча вариантлари ишлаб чиқаришнинг деярли ҳар бир жараёнини автоматлаштиришнинг юқори даражаси ва масофавий (Интернет орқали) бошқарувни ўз ичига олади. Кичик вертикал фермер хўжаликларида уларнинг эгалари ўзини-ўзи иш билан таъминлаши, йирикларида эса оз сонли ишчилар ёлланиши мумкин. Вертикал фермер хўжаликларини қуриш бўйича типик инвестиция лойиҳалари ўрта ҳисобда бир ярим-икки йилни ташкил қилади. Тўловнинг реал муддати, албатта, бироз узоқроқ бўлиши мумкин.
Вертикал фермаларда қисқа вегетация даври ва юқори сотув нархига эга, сархилликка талабгир экинларни етиштириш фойдалидир. Биз кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган ва ресторан бизнеси яхши ривожланган Грузияда вертикал фермалар аллақачон ресторанларнинг ўзида фаолият юритаётганини кўрсатиб берган эдик. Бу харидорга ресторанда ўта сархил кўкатларни олиш имконини беради ва айни жиҳат мижозларни жалб қилишнинг қўшимча омилидир.
Croponix нуқтаи назаридан, тижорат маржиналлигига кўра, экинларнинг градацияси ва шунга мос равишда уларни вертикал фермалар шароитида етиштириш жозибадорлиги: каннабис (уни етиштириш ва сотишга рухсат берилган мамлакатларда), микрокўкат (ресторан таомларининг декоратив компоненти сифатида), ароматик гиёҳлар ва оммавий яшил экинлар, қулупнай, шунингдек, бодринг, помидор, қалампир каби сабзавотларда намоён бўлади.
Шу нуқтаи назардан, Croponix айни пайтда Молдовада 200 метр кв.лик, шифт баландлиги 8 метрдан иборат вертикал ферма лойиҳаси (ўзининг йирик лойиҳаси)ни амалга оширмоқда. Одатий ароматик гиёҳлар ва кўкатлар етиштиришдан ташқари, компания Молдовадаги вертикал фермер хўжаликлари учун янгилик саналган маҳсулотлар – помидор, бодринг, қулупнай етиштириш учун технологияларни синовдан ўтказади. Корхона раҳбарияти жорий йилнинг ёз фаслида фермер хўжалиги қурилишини якунлашни режалаштирган.
“Деярли ҳар қандай формат ва миқёсда вертикал фермер хўжаликларидаги маҳсулот таннархи гидропоник иссиқхоналарда етиштирилган маҳсулот нархига нисбатан йиллик цикл бўйича ўртача 20-25 фоиз юқоридир”, дейди Croponix компаниясининг тижорат директори Тимур Муродов. “Шу билан бирга, вертикал фермер хўжаликларининг катта афзаллиги шундаки, бутун календарь йили давомида барқарор маҳсулот етиштириш мумкин. Бундан ташқари, сотилаётган маҳсулотларни етиштириш жараёни истеъмолчига яқин жойлашгани туфайли улар ўта сархил бўлиб, бу юқори нархга эга бўлиш ва таннархдаги фарқни ортиғи билан компенсациялаш имконини беради. Мамлакатимизда анъанавий иссиқхоналар ва «солярий»ларни ҳисобга олмаганда ҳам, гидропоник иссиқхоналарда маҳсулот етиштириш мавсумий бўлса-да, аксарият ҳолларда цикл энг совуқ даврларда тўхтайди. Бу шуни англатадики, вертикал фермерларнинг маҳсулотлари қишда қимматроқ сотилади ва бундай лойиҳанинг ўзини-ўзи қоплаш муддати қисқароқ бўлади», дейди эксперт.
Шунингдек, у «вертикаллар»нинг яна бир катта афзаллигини қайд этди – маҳсулот етиштиришда қатъий дозаланган, минимал миқдордаги ўғитлар қўлланади ва пестицидлар умуман ишлатилмайди (қатъий изоляция ва ходимлар гигиена режимларига риоя қилган ҳолатда). Демак, экологик соф маҳсулотлар олинади.
Ва, эҳтимол, энг муҳими, Тимур Муродовнинг фикрича, вертикал фермер хўжалиги агроозиқ-овқат бизнесининг концепти сифатида маҳсулотни экспорт қилиш эмас, балки энг яқин маҳаллий бозорларни таъминлашга қаратилган. Шунга кўра, савдо нуқталарига жуда яқин жойлашган ерда вертикал хўжаликларни ташкил қилиш мантиқан тўғри – транспорт логистикаси, ҳатто катта шаҳар ичида ҳам тирбандлик туфайли қийин ва секин кечиши мумкин, демак, йўл харажатлари арзонга тушмайди. Шаҳарда, чакана савдо дўконлари (гипермаркетлар, супермаркетлар, дўконлар)дан бир неча километрлик масофада қурилган вертикал ферма бу муаммонинг мукаммал ечими бўла олади.
“Албатта, вертикал фермаларда етиштирилган маҳсулотлар ҳали масс-маркет эмас, балки премиум сегментнинг юқори горизонтидир. Аммо Молдовада ҳам бундай товарларга бўлган талаб ҳозирги кунда таклифдан сезиларли даражада ошмоқда”, дейди эксперт.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!