Кети Томеишвили хоним тахминан 10 йил аввал Туркиядан ўзи туғилиб-ўсган Имерети (Грузия) вилоятига қайтгач, қишлоқ хўжалиги билан фаол шуғуллана бошлади. Гап шундаки, у оиласини боқиш учун Туркияда бир неча йил ишлаган эди.
Кети Томеишвили EastFruit нашрига гапириб берганидек, йиққан капиталини иссиқхонада сабзавот етиштиришга сарфлади, чунки, тадбиркор аёл иссиқхонанинг кўп афзалликлари бор деб билади. Экстремал об-ҳаво шароитидан ҳимоя, кимёвий воситаларга бўлган камроқ эҳтиёж ва узоқ муддат сақлаш мумкин бўлган сифатли, бозор учун жозибадор маҳсулотлар етиштириш – шу афзалликлардан бир нечтаси, холос.
Кети ишни бодринг етиштиришдан бошлади, пандемия даврида эса Россия Федерациясига экспорт қилиш учун кўкатлар ўстиришга киришди. Бу етарлича қалтис ташаббус бўлса-да, Кети Россия Федерациясига кўкатлар экспорти жараёнини ишлаб чиқди ва ишончли бизнес-шериклар топди. 2021 йил охирида эса у қулупнай етиштиришга қарор қилди. Кети қулупнайни танлагани бежиз эмас, чунки, йилнинг исталган вақтида ушбу резаворга барқарор талаб мавжуд.
Аввалроқ биз Грузия Россия Федерациясига сархил қулупнай экспорт қилишни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга эканини ёзган эдик. Россия Федерациясида қулупнай импортининг энг юқори нуқтаси май ойига тўғри келади ва 2021 йилда у 20 минг тоннани ташкил этди.
Қуйидаги диаграммада: Россияга қулупнай импорти ҳажми, тоннада
Мартдан июнгача бўлган даврда Россия бозорига қулупнай етказиб берувчилар рўйхатида Туркия, Беларусь ва Сербия етакчилик қилади. 2021 йилнинг ушбу даврида Туркиядан қулупнай импорти улуши (миқдорий жиҳатидан) 50% дан ортиқни ташкил этди, Беларусь тахминан 20% улушни эгаллади, Сербия улуши эса ўтган йили 12% ни ташкил қилди. Ваҳоланки, бир йил аввал Сербия улуши ҳам 20%га етган эди. Россия Федерациясининг қулупнай импорти бўйича Грузия улуши ҳозирча 1% атрофидадир.
Кети компанияни «Ванис Нобати» деб номлади, бу грузин тилидан таржима қилинганда «Вани совғаси» деган маънони англатади, чунки, маҳсулот етиштириш Имерети вилоятининг Вани қишлоғида жойлашган. Турк тилини билганлиги Кетига Туркиядан бизнес-шерик ва маслаҳатчи – Мустафо Аласагини топишга ёрдам берди, у «Альбион», «Монтерей» навларининг юқори сифатли кўчатларини етказиб беради. Ушбу турдаги резаворлар йирик ҳажми, юқори таъм хусусияти билан ажралиб туради, шунингдек, бу навлар юқори ҳосилдор ҳамдир. Кети мазкур навлар кўчатларини етиштиришни режалаштириб, алоҳида иссиқхона ва музлатгич қурмоқда.
Айни пайтда қулупнай 2,5 минг кв.м. иситиш тизимига эга иссиқхоналарда етиштирилмоқда. Март ойидаёқ, Кети маҳаллий бозор учун 14 тоннага яқин сифатли резавор йиғиб олишни режалаштирган. Минтақада бир нечта шунга ўхшаш лойиҳалар мавжудлигига қарамай, тадбиркор аёл рақобатдан чўчимайди, чунки, у қандолатчилик дўконлари билан шартномалар имзолаб улгурди. Шунингдек, «Ванис Нобати» маҳсулотларини грузиялик истеъмолчилар Herbias Kalata онлайн-дўконидан ҳам топишлари мумкин.
Ҳаво исиб кетганида Кети резавор етиштиришни очиқ ерга – 0,6 гектар майдонга кўчиришни ва шу тариқа мартдан ноябрга қадар узлуксиз равишда қулупнай етказиб беришни режалаштирмоқда. Шундай қилиб, Кети йилига камида 50 тонна қулупнай ҳосилини йиғишни мақсад қилган ва шунда резаворлар экспорти долзарб аҳамиятга эга бўлади. Қайд этиш жоизки, Россияда март-апрель ойларида ўртача улгуржи нарх кг учун 8-8,5 долларни ташкил қилади. Аммо экспорт учун тадбиркор ҳали Global G.A.P. сертификатини олиши керак, бу эса унинг келгуси йил режалари қаторидан жой олган.
Тўғри, ишлаб чиқаришни кенгайтиришнинг асосий чекловчи омили Грузияда резаворлар ҳосилини йиғишда ишчи кучи етишмаслиги бўлиши мумкин. Ҳозирча бу ерда уч нафар доимий ишчи меҳнат қилмоқда ва Туркияга меҳнат миграцияси минтақада оммалашганига қарамай, Кети иссиқхонага ишга жойлаштириш шарти билан бир ходимани Грузияга қайтарди. Шуниси эътиборлики, соҳанинг келгусидаги ривожи ва шу каби лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиши кўпроқ кишиларга ўз юртида, оиласи бағрида яшаб, ишлаш имконини беради.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!