EastFruit лойиҳаси таҳлилчиларининг хабарига кўра, россиялик фермерлар бу ҳафта сабзининг сотув нархини оширишга муваффақ бўлишди. Бозор иштирокчиларининг айтишича, нархлар ошишига ушбу сегментдаги савдо фаоллигининг сезиларли ўсиши туртки бўлмоқда. Шу билан бирга, кўплаб фермер хўжаликлари юқори сифатли сабзининг нархи ошишини кутган ҳолда савдони тўхтатиб қўйган ва ушбу сабзавотни март ойи бошидан сотиш режалаштирилган.
Хусусан, айни дамда сабзи 24-32 рубл/кг (0,31-0,42 $/кг)дан сотилмоқда, бу бир ҳафта аввалгидан ўртача 17 фоизга қиммат. Мутахассислар ушбу маҳсулот нархи ошишини кўплаб маҳаллий фермерларда бу йил ҳосили анчайин кам бўлган сифатли сабзининг етишмаётгани билан изоҳлашмоқда. Шундай қилиб, яхши талаб фонида бозордаги таклифнинг қисқариши фермерларга ушбу сабзавот нархини ошириш имконини берди.
Шу билан бирга, лойиҳа таҳлилчилари Россия бозорида юқори сифатли сабзи нархининг ўсиши тезроқ юз бериши мумкин эди, дея қайд этишмоқда. Бироқ, бозорда Беларусдан келтирилган ва маҳаллий фермер хўжаликларининг сабзиси билан деярли бир хил нархларда таклиф қилинаётган катта ҳажмдаги маҳсулотнинг мавжудлиги россиялик фермерларга ушбу сабзавот нархини янада интенсив равишда оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Шуни қўшимча қилиш жоизки, бугунги кунда Россияда сабзи нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 44 фоизга баланд. Шу билан бирга, яқин келажакда бир қатор фермер хўжаликлари ушбу сегментда юқори нарх даражасини ўрнатиш учун яна ҳаракат қилишни режалаштирмоқда.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!