Бош саҳифаДолзарбEF Trade Alerts: пиёзнинг рекорд импорти, гулкарам ва брокколи экспорти ўсиши — Ўзбекистонда 2022 йил ноябрь ойидаги натижалар
Бозорлар шарҳиДолзарбМахсусЯнгиликлар

EF Trade Alerts: пиёзнинг рекорд импорти, гулкарам ва брокколи экспорти ўсиши — Ўзбекистонда 2022 йил ноябрь ойидаги натижалар

2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон сабзавот ва мевалар ташқи савдосида туб ўзгаришлар юз берди. Бу даврда Ўзбекистон пиёз импортини кескин оширган бўлса-да, бир вақтнинг ўзида ушбу маҳсулотнинг нетто-экспортёрилигича қолди. Шунингдек, ёнғоқ, яъни, грек ёнғоғи ва бодом ҳамда сархил узум импорти ортганини қайд этиш жоиз.

Бошқа томондан, 2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон гулкарам ва брокколи экспортини кескин оширди, лекин бодринг экспортини кескин қисқартирди. Буларнинг ҳаммаси ҳақида батафсил қуйида ўқинг.

EF Trade Alerts. Ўзбекистон. Импорт

2022 йил кузининг сўнгги ойида пиёз импорти календарь йилидаги ушбу даврда Ўзбекистон учун рекорд кўрсаткич бўлди. Мамлакатга деярли 3,7 минг тонна пиёз импорт қилинди, бу 2022 йилнинг октябрь ойига нисбатан 12,6 баробар кўпдир. Ушбу маҳсулотнинг асосий етказиб берувчиси Қозоғистон бўлиб, у ердан 3 минг тоннадан ортиқ маҳсулот импорт қилинган. Қайд этиш жоизки, 2021 йилнинг шу даврида Ўзбекистон қўшни Қозоғистонга пиёзни фаол экспорт қилган эди.

Шу билан бирга, 2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон 10,4 минг тонна пиёз экспорт қилган, бу октябрь ойига нисбатан 15 фоизга кам, лекин 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 27 баробар кўп кўрсаткичдир!

Шундай қилиб, 2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ушбу маҳсулотнинг нетто- экспортёрилигича қолди.

Бир йил аввал, яъни 2021 йилнинг ноябрь ойида мамлакатга грек ёнғоғи импорти умуман бўлмаган бўлса, 2022 йилнинг ноябрь ойида ушбу маҳсулот 254 тонна миқдорида импорт қилинган. Қайд этиш жоизки, мамлакатга пўстлоғли грек ёнғоғи Хитой (129 тонна) ва Қирғизистондан (126 тонна) импорт қилинган.

Ёнғоқ импорти ортишига асосий сабаб — 2022 йилнинг март ойидаги об-ҳаво аномалияларидир.

Худди шу сабабдан ноябрь ойида Ўзбекистонга бодом импорти янги рекорд даражага етди ва март ойидаги об-ҳавонинг кутилмаган ҳодисалари ҳам бодом ҳосилига салбий таъсир кўрсатди. Мамлакатга 715 тонна пўстлоғли бодом импорт қилинди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 8,5 баробар кўпдир. Маҳаллий бозордаги ушбу маҳсулот тақчиллиги, асосан, Афғонистон (464 тонна) ва Озарбайжон (152 тонна), Қирғизистон (58 тонна) ва АҚШ (41 тонна)дан етказиб бериш ҳисобига бартараф этилди.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Афғонистон (20 тонна) ва Қирғизистон (3 тонна)дан умумий ҳажми 23 тонна пўстлоғи тозаланган бодом импорт қилган. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2021 йилнинг шу даврида Ўзбекистон Афғонистон (15 тонна) ва АҚШ (10 тонна)дан умумий ҳажми 25 тонна тозаланган бодом импорт қилган эди.

2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга 200 тонна узум импорт қилинган, бу 2021 йилнинг ноябрь ойига нисбатан 10 баробар кўпдир. Ушбу маҳсулот Россиядан олиб келинган. Бизнингча, мазкур ҳолатда Россиядан реэкспорт бўлган ва бу ўринда қишда супермаркетлар тармоғида маҳаллий узумдан анча баланд чакана нархда сотиладиган йирик мевали уруғсиз навлар ҳақида сўз бормоқда.

EF Trade Alerts. Ўзбекистон. Экспорт

Сабзавотларнинг ташқи савдоси ҳажми ташқи бозорларда Ўзбекистон гулкарами ва брокколига талаб кескин ошганини кўрсатди. Ноябрь ойи учун ноодатий саналган ушбу маҳсулотлар экспорти икки баробар кўпайиб, рекорд даражадаги 4,3 минг тоннани ташкил этди.  Ўзбекистон гулкарам ва брокколини энг кўп Қозоғистон (2,8 минг тонна), Россия (1,1 минг тонна) ва камроқ миқдорда Қирғизистонга (318 тонна) экспорт қилди.

Агар 2021 йилнинг ноябрь ойида хорижга мандарин етказиб берилмаган бўлса, 2022 йил кузининг сўнгги ойида ўзбекистонлик экспортёрлар ушбу маҳсулотни қўшни Тожикистонга 54 тонна ҳажмда етказиб берган. Ўзбекистон мандарин етиштирувчи мамлакат бўлмагани учун (ҳаваскор боғбонларнинг кичик тажриба майдонларини ҳисобга олмаганда) реэкспорт ҳақида сўз бормоқда.

2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистондан бодринг экспорти кескин, яъни, октябрь ойига нисбатан 2,7 баробар, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан эса 2,4 баробар камайган. Ўзбекистон экспортёрлари ташқи бозорга 803 тонна маҳсулот етказиб берди. Ушбу сабзавотнинг анъанавий харидорлари Қозоғистон, Россия ва Қирғизистондир.

Бодринг экспортининг кескин камайиб кетишига асосий сабаб мамлакат ички бозорида ушбу маҳсулот нархи кескин ошгани билан боғлиқ. 2022 йилнинг 3 ноябридан 24 ноябрига қадар силлиқ калта бодрингнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 12 000 сўмдан 27 000 сўмгача, яъни, 2,3 баробар ошди.

Агар 2022 йилнинг ноябрь ойи бошида ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 баробар юқори бўлган бўлса, 2022 йилнинг ноябрь ойи охирига келиб, бу тафовут 2,7 баробаргача ошди! Ички бозордаги улгуржи нархларнинг бундай кескин кўтарилиши экспорт ҳажмини пасайишига сабаб бўлди.

EastFruit

East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин