Бош саҳифаЯнгиликларШарқий Европадаги вертикал фермалар — қиммат хайпми ёки истиқболли келажак ва даромадли бизнес? (видео)
ВидеоДолзарбМахсусТехнологияларЯнгиликлар

Шарқий Европадаги вертикал фермалар — қиммат хайпми ёки истиқболли келажак ва даромадли бизнес? (видео)

«Вертикал ферма» — бу сўзлар сўнгги икки йил ичида ахборот майдонига шиддат билан кириб келди. Вертикал фермаларнинг биринчи лойиҳалари аллақачон Украина, Молдова, Грузия ва минтақанинг бошқа мамлакатларида амалга оширилган, аммо Ўзбекистон ва Тожикистонда улар ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Инвестицион департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак ўзининг «Вертикал фермалар – уларнинг келажаги борми? Вертикал фермер хўжаликларини шакллантириш стратегиялари»  мавзусидаги тақдимотида асосий саволга жавоб беришга ҳаракат қилди – вертикал фермерликка қизиқиш сабаби нимада ва бундай лойиҳаларнинг келажаги қандай бўлиши мумкин?

«Вертикал фермалар: тараққиёт стратегиялари, бизнес-моделлар ва рисклар» деб номланган онлайн конференция ФАО ва ЕТТБнинг «Мева- сабзавот етиштиришда иқлимга мос рақамли ечимлар» лойиҳаси доирасида EastFruit ва Sapienza Media кўмаги билан ташкил этилди.

Андрий Ярмак, биринчи навбатда, вертикал фермаларда сабзавот ва мевалар етиштириш ғояси жуда объектив сабабларга кўра пайдо бўлганига эътибор қаратди. Ахир, жаҳонда қишлоқ хўжалиги ерлари дақиқасига 23 гектарга қисқармоқда. Шу билан бирга, Ер аҳолиси ойига 5,5 миллионга ўсиб бормоқда ва бу одамларни озиқлантириш керак. Демак, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эҳтиёж тобора ўсиб боради, агар технология борасида ҳеч нарса ўзгармаса, албатта.

Бундан ташқари, иқлим ўзгариб бораётганини тушуниш жуда муҳим, зеро, бу ҳосиллар бой берилишига олиб келади. Одамларнинг дала ёки боғдаги оғир шароитларда ишлаш истаги камайиб бормоқда, аҳоли қишлоқдан шаҳарларга оммавий равишда кўчиб ўтяпти ва уларни маҳсулот билан таъминлаш логистикаси анчагина мураккаблашган.

Вертикал фермерлар, Андрий Ярмакнинг сўзларига кўра, камида назарий жиҳатдан бу муаммоларни қисман ҳал этишга ёрдам беради. Тўғри, ҳозирча ушбу ечимларнинг  нархи юқори, қолаверса, вертикал фермерлик технологияларини ишлаб чиқишда кам тажриба жиддий тўсиқ бўлмоқда. Бироқ, Украина, Грузия, Молдова ва бошқа мамлакатларда иш бераётган ва даромад келтираётган тижорий муваффақиятли лойиҳалар мавжуд. ФАО экспертлари муваффақиятли лойиҳалар нимаси билан ажралиб туришини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказишди.

Андрий Ярмакнинг сўзларига кўра, муваффақиятли лойиҳалар, одатда, маркетингга тизимли ёндашувлар (маҳсулот ва ҳажмнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда савдо каналларини оптималлаштириш), ноёбликка эътибор қаратган ҳолда экинларни тўғри танлаш (ишлаб чиқаришнинг қисқа цикли ва деярли бутунлай рақобат йўқлиги — қимматбаҳо экинлар), синергия эффекти (ишлаб чиқариш бизнеси бошқаси билан, масалан, ресторан ёки энергетик бизнес билан уйғунлашганда) билан ажралиб туради. Ва энг муҳими, вертикал фермерликда зарур бўлган хусусият — агрономия ёки технологиялар бўйича  чуқур билим ҳамда тажриба (ёритиш энергетика, суғориш ва бошқалар)га эга бўлиш жуда муҳимдир. Шунингдек, лойиҳанинг муваффақияти кўп жиҳатдан ишлаб чиқариш жойи билан белгиланади — бу аҳолиси нисбатан юқори даромадга эга ва умумий овқатланиш ҳамда туризм (ХоРеКа) сегменти ривожланган шаҳар бўлиши лозим.

«Қизиқарли томони шундаки, вертикал фермаларнинг асосий афзаллиги — уларга йирик инвесторлар қизиқиши юқори эканлиги ва бу бир вақтнинг ўзида уларнинг энг катта муаммосидир. Ахир, аксарият йирик инвесторлар технологиялар тафсилотларини ўрганмайди ва лойиҳага ҳеч қандай билим, тажриба олиб келмайди, улар шунчаки мен «сабрсиз пул» деб атайдиган маблағни тақдим этишади. Улар инвестицияларидан максимал даражада тез ва юқори даромад олишни исташади. Вертикал фермерлик технологиялари ҳали ишлаб чиқилмагани, худди шунингдек, маҳсулотлар маркетингининг барча каналлари мавжуд эмаслиги сабабли, бу глобал миқёсда мазкур соҳадаги кўплаб муаммо ва инқирозларга олиб келади», дейди Андрий Ярмак.

Жумладан, у вертикал фермаларнинг банкрот бўлишига олиб келган энг кенг тарқалган сабабларини санаб ўтади:

— «қайта инвестициялаш» – инвестор бир вақтнинг ўзида муҳим бўлмаган ва фақат лойиҳа қиймати ошишига олиб келадиган технологияларнинг барча элементларига сармоя киритишга ҳаракат қилади;

— «ҳаммаси бирданига» — кичик майдонларда технологияларни синаб кўрмасдан туриб, дарҳол катта ишлаб чиқариш ҳажмига эга йирик лойиҳа яратилади;

— нотўғри ўйланган маркетинг ёки нотўғри маҳсулот танлаш туфайли даромаднинг инвестицияга нисбати пастлиги;

— режалаштирилганига нисбатан электр энергияси нархининг кескин ошиши, чунки деярли барча лойиҳалар ҳам мустақил энергия ишлаб чиқармайди;

— лойиҳа асосчилари ва вертикал фермалар раҳбарларининг агротехник билимлари йўқлиги, ҳатто жараёнларни энг яхши технологиялар билан автоматлаштириш ҳам бунинг ўрнини боса олмайди;

— «сабрсиз пул» — лойиҳага хато қилиш ҳуқуқи берилмайди, бу эса инвестицияларнинг тўлиқ бой берилишига олиб келади.

Мутахассис Украинанинг ғарбий минтақаси мисолида вертикал фермада етиштириш учун қандай қилиб экин танлаш мумкинлиги ҳам ҳақида гапирди. Даставвал, EastFruit лойиҳаси мутахассислари 2022 йилнинг октябрь ойида  ўсиш цикли қисқа (20-50 кун) бўлган экинларнинг чакана нархлари таҳлилини ўтказди. Энг юқори нархлар истеъмол қилиш мумкин бўлган гулларга нисбатан бўлди. Кейинчалик, катта тафовут билан қуйидаги маҳсулотлар қайд этилди: микрокўкатлар, тархун ёки эстрагон, ҳар хил турдаги сархил райҳон, ялпиз, исмалоқ, беби-микс салатлар, баргли салатлар, кашнич ва руккола. Энг паст нархлар анъанавий кўкатлар — шивит ва майданоз учун бўлди.

Лекин, юқори нарх юқори савдони кафолатламайди, шунинг учун таҳлилга бозор ҳажми омилини ҳам киритиш муҳимдир. Бунда, кутилганидек, энг арзон маҳсулотлар энг юқори кўрсаткичларга эга бўлди. Бироқ, тархун, райҳон ва ялпиз каби маҳсулотлар, шунингдек, турли хил салатлар учун нарх ва бозор ҳажмининг оптимал нисбати кузатилди. Аммо барчаси лойиҳа кўламига боғлиқ ва ҳар ким ўз бизнес параметрларидан келиб чиқиб танлов қилиши керак.

Табиийки, бу нималар етиштиришни аниқлаб олишдаги биринчи қадам, холос. Буёғига қайси позициялар ноёб ва  қимматли эканини тушуниш учун ХоРеКа сегменти вакиллари билан ишлаш лозим. Бунда қайси позицияда импорт қилинадиган маҳсулотларнинг юқори улуши борлигини тушуниш жуда муҳим (демак, транспорт қиммат + маҳсулот сархиллиги ва сифат билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин). Қайси турдаги озиқ-овқатларнинг сархиллиги ва таъм сифати борасида энг кўп муаммоларга дуч келишни тушуниш ҳам муҳимдир, чунки мазали сархил салат одамларнинг ўша таом дастурхонга тортилган ресторанга (агар у ҳар куни яқин атрофда жойлашган вертикал фермадан маҳсулот олса) қайтишига сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, кўпгина этник ресторанлар бозордан топиб бўлмайдиган кўкатларнинг кенг ассортиментини талаб қилиши мумкин.

Дарвоқе, бунинг акси ҳам бўлиши мумкин — агар сиз бозорга йил бўйи кўкатларнинг кенг ассортиментини таклиф қилсангиз, бу ресторанларга меньюни кенгайтиришда ёрдам беради, яъни, меньюга ресторан илгари таклиф қила олмаган салатлар ва таомлар киритилади. Бундай ёндашувга мисол сифатида тўғридан-тўғри рестораннинг ўзида жойлашган Грузиядаги «Space Farms» вертикал фермасини айтиш мумкин.

Албатта, ҳозирги кунда вертикал фермерлик технологиялари эндигина ривожланиб бормоқда, бу эса уларда етиштириладиган экинлар турларини чеклайди. Бироқ, келажакда технологиялар арзонлашгани ва такомиллашгани сари янги имкониятлар эшиги очилади. Шу маънода вертикал фермалар ҳам келажак ва ҳам ишга оқилона ёндашилса, реал даромадли ва барқарор бизнесдир.

Қуйидаги видеода Андрей Ярмакнинг тақдимотини томоша қилишингиз мумкин.

 

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин