2021 йил бошидан Россияда иссиқхона сабзавотлари ҳосили 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 8%га ошди ва 1 млн. тоннани ташкил этди. Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, бодринг ҳосили 580 минг тонна (+ 1,7%), помидор – 400 минг тонна (+ 19,1%)ни ташкил этган. Вазирлик саноатнинг ижобий динамикаси 2021 йил охиригача сақланиб қолишини кутмоқда. Прогнозга кўра, қишки иссиқхоналарда ҳосил 1,4 миллион тоннадан ошади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги саноатнинг жадал ривожланишига давлат томонидан қўллаб -қувватлов чоралари, биринчи навбатда, имтиёзли кредитлар кўмак бермоқда, деб ҳисоблайди. Шунингдек, иссиқхоналарда қўшимча ёруғлик технологиясидан фойдаланган ҳолда сабзавот етиштираётган фермерлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш давлат дастури доирасида имтиёзли субсидиялар олишлари мумкин. Бундан ташқари, 2022 йилдан Узоқ Шарқ ҳудудлари учун иссиқхона мажмуаларини қуриш ва модернизациялаш учун капитал харажатларнинг 20 фоизи миқдорида компенсация тўланади.
Миллий мева-сабзавот уюшмаси директори Михаил Глушковнинг маълумотларига кўра, ишлаб чиқариш ўсиши 9%ни ташкил этди, бу аввалгидек майдонлар кенгайиши эмас, балки ҳосилдорлик ошиши ҳисобига юз бермоқда. «Шунингдек, 2019-2020 йилларда қурилган мажмуаларнинг лойиҳавий имкониятлари ҳам муҳим роль ўйнайди. Умуман олганда, саноат ривожланмоқда, илгари ривожланиш экстенсив йўл билан кечган, ҳозир эса ишлаб чиқариш интенсивлиги ошди», дейди у «Aгроинвестор«га.
«Қувватларнинг қайта тақсимланиши ҳисобига ялпи ҳосил ҳам кўпаймоқда: илгари помидор етиштирган баъзи компаниялар бодринг бизнесига ўтди. Шунинг учун бодринг ҳосилдорлиги ошди ва шунга мос равишда помидор ҳосили пасайиб кетди», дейди Глушков.
Гарчи, ҳозирги пайтда инвестиция фаоллиги 2018 йилга нисбатан анча паст бўлса-да, қурилиш омили ялпи йиғимга ҳам таъсир қилади. «Рост» ва «ЭКО-Културы» каби асосий иштирокчилар ривожланишда давом этмоқда. Бу тенденция сақланиб қолмоқда, лекин у ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас”, дейди Глушков. Унинг айтишича, бу йил иссиқхона сабзавотлари нархи ўтган йилга қараганда юқори, лекин 2019 йил даражасида турибди. “Ўтган йили таклиф талабдан сезиларли даражада ошди. Бу йил бундай ҳолат йўқ. Ишлаб чиқарувчилар учун нархлар жуда яхши, деб айтмаган бўлардим, сўнгги икки йил ичида жуда жиддий инфляция юз берди. 2020 йилда рентабеллик 2019 йилга нисбатан икки баравар камайди. Бу йил мазкур кўрсаткич юқорироқ бўлишига умид бор, лекин 2019 йил даражасига етиши даргумон ”, деб ҳисоблайди Глушков.
«Давлат сабзавот етиштирувчиларни қўллаб -қувватлаш учун янги чоралар кўрмоқда», дея сўзида давом этди Глушков. «Улар ёритиш технологиялари билан ишлайдиган заводларнинг операцион фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Биз буни ўз вақтида қабул қилинган чора деб биламиз ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан ушбу янгилик учун миннатдормиз», дея қўшимча қилди Глушков.
Тегишли фармон 6 сентябрда имзоланди. Ҳужжатга кўра, иссиқхоналарда сабзавот етиштиришда қўшимча ёритиш технологияларидан фойдаланувчи фермерлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш давлат дастури доирасидаги қўллаб-қувватлов учун ариза беришлари мумкин. Реализация қилинган маҳсулотнинг ҳар тоннасига субсидия шаклида ёрдам кўрсатилади.
Глушковнинг сўзларига кўра, ҳосилдорликни ошириш ҳисобига иссиқхонада сабзавотчиликни жадал ривожлантириш давом этади. «Бундан ташқари, самарасиз корхоналар бозорни тарк этиши мумкин, эффектив корхоналар эса иссиқхоналарнинг кичик мажмуаларини кўпроқ ўзлаштиради, банклардан муаммоли активларни сотиб олади. Умуман олганда, бу соҳага ижобий таъсир кўрсатиши керак. Бошқарув тўғри йўлга қўйилиши билан тажрибали иштирокчилар сотиб оладиган майдонлар ялпи ҳосилни сезиларли даражада оширади ва шунга яраша самарадорлик ҳам ортади», дея хулоса қилди у.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!