2021 йилнинг 24-ноябрь куни Тошкент Марказий вокзалида Россиядан келган биринчи «Агроэкспресс» поезди кутиб олинди, деб хабар қилмоқда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати.
Илк таркиб Тамбовда тузилган. Бу шартнома имзолангач, Ўзбекистонга йўл олган биринчи поезддир. Келгусида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини шу тарзда тезкор етказиб бериш мунтазам йўлга қўйилади.
«Агроэкспресс» – икки томонлама ҳамкорликни умумий кенгайтириш доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги логистика коридорини ривожлантириш бўйича ҳар икки мамлакат томонидан маъқулланган шартнома маҳсулидир.
Шу билан бирга, уч давлат – Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия транспорт хизматлари интеграцияси содир бўлади, чунки, юк Ўзбекистонга етиб келиши учун у Қозоғистон орқали транзит билан ўтиши керак.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг Халқаро транспорт йўлаклари тараққиёти логистикасини ривожлантириш ва уни рақамлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Рустам Муҳамедов маълумотига кўра, пилот лойиҳа доирасида божхона барьерлари ва чегараларидан ўтиш, шунингдек, транспорт воситаларининг юк ташишдаги хавфсизлик даражаси синовдан ўтказилади. Зеро, товарларни узоқ масофаларга олиб боришда бу муҳим аҳамиятга эга – «Агроэкспресс» озиқ-овқат маҳсулотларини ташийди. Натижага кўра, синовлар давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилади.
Хусусий тадбиркор Шерзод Аъзамов «Агроэкспресс» иш бошлагани муносабати билан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга тадбиркорлар маҳсулот ташишида берилган чегирмалар ҳамда етказиб беришдаги тезкорлик учун миннатдорлик билдирди. Чунки, авваллари юк автомобилда жўнатилган ва маҳсулотларнинг баъзилари йўлда сифатини йўқотган, баъзилари буткул яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шунингдек, тадбиркор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш билан беш йилдан буён шуғулланаётганини айтиб, шу вақт ичида кўплаб ижобий ўзгаришлар юз берганини, савдо-сотиқни осонлаштирган қатор ҳужжатлар имзоланганини ва ҳозирги кунда «Агроэкспресс» юк ташувчиларидан бири сифатида темир йўл компаниясининг алоҳида рағбатидан баҳраманд бўлганини эътироф этди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!