Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонда 2023 йилнинг ёзги суғориш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган сув тақчиллигига тайёргарлик кўрилмоқда
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Ўзбекистонда 2023 йилнинг ёзги суғориш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган сув тақчиллигига тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистон ҳукуматининг прогнозларига кўра, 2023 йилги вегетация даврида сув ресурслари ҳажми кўп йиллик меъёрга нисбатан Сирдарё ҳавзасида 10 — 15 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 — 20 фоизга кам бўлиши кутилмоқда. 2023 йилнинг ёзги суғориш мавсумида сув кам бўлиши кутилаётган шароитда қишлоқ хўжалиги экинлари майдонлари ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш мақсадида мамлакат ҳукумати сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича асосий йўналишларни белгилаб берди ва фермерлар учун сувни тежаш бўйича давлат қўллаб-қувватлови юзасидан янги чора-тадбирларни жорий этмоқда.

Ўзбекистон Президенти 2023 йил 1 апрелда “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Мазкур ҳужжатга кўра, бугунги кунда сувни тежайдиган технологиялар қамраб олган майдон суғориладиган майдонларнинг қарийб 25 фоизини ташкил қилиб, бунинг ҳисобига 2022 йилда 3 млрд куб метр сув иқтисод қилинди ҳамда 830 минг гектар такрорий экин майдонларини суғоришга йўналтирилди.

2023 йил ёзги суғориш мавсумида сув кам бўлиши кутилаётган шароитда қишлоқ хўжалиги экинлари майдонлари ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор сув билан таъминлаш, шунингдек, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида:

  1. 2023 йилда мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишлари белгиланди:
  • мавжуд сув ресурсларини сув истеъмолчилари орасида қатъий тақсимлаган ҳолда фойдаланиш;
  • сувни тежайдиган технологиялар жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш;
  • ирригация тизимларида сув йўқотишларни камайтириш;
  • сув ресурсларини фермер даласигача етказиб бериш харажатларини мақбуллаштириш орқали тўлов шаффофлигини ошириш;
  • сув ресурсларнинг бошқарувига замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий қилиш.
  1. Республика ҳудудларида сув манбаларининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда 2023 йилда ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини белгиланди.
  2. 2023 йил 1 апрелдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби белгиланди:
  • тижорат банклари кредитларининг гаров таъминоти 50 фоизгача, бироқ 2,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кафиллиги асосида таъминланади;
  • тижорат банкларининг миллий валютада ажратиладиган, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредитлари бўйича фоиз ставкасининг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация тақдим этилади.

Бунда, амалдаги қонунчиликда белгиланган сувни тежайдиган технологияларни жорий қилишни қўллаб-қувватлаш тартиби сақлаб қолинади.

  1. 2024 йил 1 мартга қадар Қашқадарё вилоятининг Касби туманида барча сув кириш нуқталари бошқарувини рақамлаштириш ва сувни фойдаланувчиларга етказиб бериш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади.
  2. Сув хўжалиги вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси билан биргаликда сув етказиб берувчи ташкилотлар ва сув истеъмолчилари ўртасида расмийлаштирилган далолатномаларни ҳар ой якуни билан электрон шаклда тўлдириш ҳамда электрон рақамли имзолар орқали тасдиқлаш имконини берувчи «Suv hisobi» ахборот тизими яратилади. 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида “Suv hisobi” тизими жорий этилади.
  3. 2024 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги сув истеъмолчилари учун сувни ўлчаш ва бошқаришнинг замонавий технологияларидан фойдаланилганда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларига камайтирувчи ва мазкур технологиялар ўрнатилмаган ҳолларда солиқ ставкаларига оширувчи коэффициентлар қўллаш бўйича 2023 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.
  4. 2023 йил август ойига қадар 2022 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилган ҳамда субсидия маблағларининг 50 фоизини олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига тизимларнинг ишлатилишига қараб белгиланган субсидия миқдорининг қолган 50 фоизи туман ишчи гуруҳи хулосаси асосида ажратилиши таъминланади.
  5. 2023 йил 1 майга қадар Вазирлар Маҳкамасига сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш ва сув хўжалиги объектларининг гидротехник иншоотларидан ноқонуний фойдаланиш юзасидан жавобгарликни кучайтириш бўйича таклиф киритилади.
EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин