Брюсселда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ)ни имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Янги битим Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида 1996 йили имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги амалдаги Битимни алмаштириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга мўлжалланган.
Амалдаги Битим, асосан, сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари, маданий алоқаларни рағбатлантириш, молиявий ва техник ҳамкорлик, сармоя, товар ва хизматлар савдоси, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлик бўйича қоидаларни ўз ичига олган.
КШҲБ кенгроқ масалаларни қамраб олади. Буларга савдо ва тегишли масалалар, жумладан, божхона маъмурияти, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат, низоларни ҳал этиш ва бошқалар билан боғлиқ қоидалар киради. Бундан ташқари, Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини киритиш ҳисобига сармоявий ҳамкорлик, товарлар савдоси, хизматлар ва интеллектуал мулк соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик доираси сезиларли даражада кенгайтирилди.
КШҲБ, шунингдек, ташқи сиёсат, хавфсизлик, можароларнинг олдини олиш ва инқирозни назорат қилиш, шахсий маълумотларни ҳимоялаш, бошпана бериш ва чегараларни бошқариш, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, терроризмга қарши курашиш каби янги йўналишларни қамраб олган.
Мазкур Битим энди чегараланган бўлмайди, аксинча, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш, жумладан, савдо-иқтисодий алоқалар борасида ҳам тўлақонли механизм яратади.
КШҲБ лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йилнинг февраль ойида бошланган ва 2022 йилнинг июнь ойи охирида якунига етган. Бу даврда ҳам экспертлар, ҳам бош музокарачилар, ҳам ҳукумат аъзолари даражасида музокараларнинг 10 раунди ва 150 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди.
КШҲБ Ўзбекистоннинг кўп томонлама савдо тизимига янада интеграциялашуви, бозор иқтисодиёти механизмларини мустаҳкамлаш, хорижий инвесторлар ва ишбилармон доираларнинг мамлакатга ишончи ва қизиқишини оширишга ҳисса қўшади, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳамкорлари билан савдо ҳамкорлиги борасидаги янги имкониятлар эшигини очади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!