Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси Gedepsa промоутерлик-консалтинг компанияси бош директори Алехандро Пастрана Молеро, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги иштирокида музокаралар ташкил этди. Бу хусусда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири хабар берди.
Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган учрашувда томонлар Ўзбекистонда зайтун плантацияларини яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.
Алехандро Пастрана Молеро унинг компанияси Ўзбекистон билан зайтун плантацияларини яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари иқлими зайтун дарахтларининг айрим навлари учун қулай бўлиши мумкин. Плантациялар Испаниянинг ҳарорат шароитлари билан бир хил бўлган ҳудудларда яхши ҳосил беради.
Испания томони вакили ўз мамлакатининг жаҳондаги энг йирик зайтун етиштирувчи эканини таъкидлади, унинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 6,5 миллион тоннадан ошади. Испания компаниялари плантацияларни яратишда жуда катта тажрибага эга. Улар зайтун дарахтини ўз ватанларининг турлича иқлим шароитига эга бўлган минтақаларида ҳам, хорижда ҳам етиштиришади. Шу муносабат билан Gedepsa компанияси бош директори Испаниянинг етакчи компанияларини кўчат етиштириш, томчилатиб суғориш тизимлари, шунингдек, зайтун ҳосилини йиғиш ва қайта ишлаш ускуналарини жалб қилган ҳолда плантациялар яратиш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишни таклиф этди. Лойиҳа тупроқ таҳлиллари, иқлим тақвими (ҳарорат ва ёғингарчилик), баландлик ва бошқа кўрсаткичларга кўра, зайтун навларини танлаш, шунингдек, 5 йил давомида агротехник тадбирларни технологик жиҳатдан таъминлашни ўз ичига олади. Ушбу юмушга испан мутахассислари жалб қилинади, қолаверса, ўзбекистонлик агроном ва технологларнинг Испанияда амалиёт ўташи ташкил этилади.
Ўз навбатида, Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Усмон Туропов Испания томонига вилоятнинг Олтинсой ва Шеробод туманларида умумий майдони 1000 гектарлик зайтун плантацияларини барпо этиш билан боғлиқ режалар ҳақида маълумот берди.
Шу билан бирга, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Акром Адизов бу борадаги лойиҳаларни амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил сўз юритди. Унинг қайд этишича, айни пайтда 50 гектар майдонда Испаниянинг Arbequina навли зайтун дарахти кўчатларини экиш билан бирга, зайтун плантацияларини яратиш бўйича пилот-лойиҳа бошланган. Мазкур навни Туркия компанияси етказиб берган. Лойиҳа Жаҳон банкининг кредит линияси ҳисобидан амалга оширилади ва уч йиллик техник кўмак беришни кўзда тутади. Акром Адизов зайтун плантацияларини барпо этишдан асосий мақсад, аҳолини ноанъанавий муқобил хомашёдан олинадиган ёғ билан таъминлашдан иборат эканлигини қайд этди. Зеро, республикадаги ёғ заводларини хом ашё билан таъминловчи пахта майдонлари камайиши натижасида ёғ-мой ишлаб чиқариш ҳажми камайиб бормоқда.
Испания компанияси раҳбари томонлар таклиф этган ҳамкорлик векторларидан келиб чиқиб, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги раҳбарлари ҳамда мутахассисларидан иборат делегациянинг
Испанияга ташрифи ташкиллаштирилишини таклиф қилди. Ташриф доирасида улар зайтун етиштириш ва қайта ишлаш бўйича мамлакат тажрибасини ўрганиш учун Испаниядаги етакчи компанияларнинг плантациялари ва зайтунни қайта ишлаш заводларига боришлари мумкин бўлади.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!