Бош саҳифаЯнгиликларҲар қандай дидга мос суперфудлар
Янгиликлар

Ҳар қандай дидга мос суперфудлар

Суперфудлар дунё бўйича бозорларни эгаллаб олишда давом этмоқда. Роса пиар қилинган чиа, киноа ва матчага амарант ва бинафшаранг жўхори рақобатга киришиши мумкин. “Фокус” нашри украин деҳқонлари ушбу трендларга қўшиладими ва чакана савдо вакиллари ўз ассортиментларини қай даражада кенгайтирмоқда, деган саволларга жавоб қидирдилар.

Суперфуд нима? Унинг қандай фойдали жиҳатлари бор?

Ҳозир ҳар қандай йирик супермаркетда спирулина сувўти, чиа, киноа ёки матча – бошқача қилиб айтганда, “суперфуд” деб аталувчи маҳсулотларни топиш мумкин. Улар анча машҳур бўлиб қолганига қарамасдан, ўзи бу нима эканлигини ҳамма ҳам билавермайди. Қолаверса, суперфудга ҳатто мутахассислар ҳам аниқ таъриф бермайдилар. Ҳар ҳолда, ушбу атаманинг илмий ёки тиббий тавсифи ҳозирча мавжуд эмас. Оксфорд луғатида бу борада анчагина мавҳум тушунтириш берилган: “Ўта тўйимли ҳисобланувчи ёки саломатлик ва ўзини яхши ҳис қилиш учун фойдали озуқа”.

2007 йилга қадар Европа Иттифоқидаги ишлаб чиқарувчилар ҳар қандай маҳсулотга “суперфуд” тамғасини қўйиши мумкин эди. Зотан, Британия диетологлари ассоциацияси ўтказган тадқиқотларнинг кўрсатишича, харидорларнинг 60 фоизи ушбу маълумотга ишонган ва бундай маҳсулотларни ҳақиқатан фойдалироқ деб билган. Натижада европалик ишлаб чиқарувчилар зиммасига у ёки бу озуқа юқори даражада фойдали моддаларга бой эканлигини исботлаш вазифаси юкланди.

АҚШ ва Австралияда ҳозир ҳам хоҳлаган маҳсулотингизга superfood деб ёзиб қўйишингиз мумкин. Бу қонун билан тақиқланмаган. Украинада эса маҳсулотларни маркировкалаш бўйича техник регламент мавжуд. Бу ҳақда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) халқаро консультанти Катерина Зверева сўзлаб берди. “Ушбу регламент ишлаб чиқарувчиларни чеклаб турибди. Маркировка харидорни чалкаштирмаслиги лозим. Демак, маҳсулот ёрлиғида у ҳақдаги барча маълумотлар акс эттирилиши керак”.

Звереванинг сўзларига қараганда, экспертлар бу борада бир тўхтамга келган: “суперовқат»нинг энг асосий хусусиятлари унинг маҳаллий эканлиги, экологик софлиги ва айниқса, фойдали бўлишидан иборат. Шуниси муҳимки, ҳамма биладиган биоқўшимчалар лабораторияларда ишлаб чиқарилса, суперфудлар – одамлар томонидан бир неча асрлар мобайнида истеъмол қилиб келинган ўсимликлар дунёсининг оддий маҳсулотларидир.

Артишокдан дуриангача: ҳар қандай дид учун мос суперфудлар

Суперфудларнинг рўйхати узун. Унга кўплаб мевалар, сабзавотлар, резаворлар, тўқ баргли кўкатлар, ёнғоқлар, сувўтлари ва ҳатто ичимликлар ҳам киради. Масалан, комбучани айтиш мумкин. Бироқ, баъзи сабабларга кўра, шу жумладан, маркетинг ўйинлари туфайли у ёки бу маҳсулотлар трендга айланиб, сотув етакчиларига айланиб олади. Катерина Звереванинг қайд этишича, ҳозир дунё бўйича кўк пиёз (йиллик ўсиш 12,5 фоиз), сельдерей (7,4 фоиз), артишок (6,3 фоиз), кольраби ва кейл карами (5,6 фоиз) савдо ҳажмларида энг кўп ўсиш кузатилмоқда. Экзотик дуриан (ўртача йиллик ўсиш 18 фоиз), голубика (14 фоиз) ва малина (13 фоиз) савдоларида эса экспорт ҳажмлари ошиб боряпти.

“Умуман, 2029 йилга қадар дунё бўйича суперфудлар бозори $229 млрдга етади”, — дея таъкидлади Катерина Зверева. Бу сегментда бошоқли ва дон экинлари етакчиликка чиқади.

Супермаҳсулотлар бозорида Шимолий Америка мамлакатлари илғор ўринларни эгаллаб турибди. Бунга бир неча сабаблар бор.

Биринчи навбатда, айнан АҚШда соғлом овқатланиш тренди жуда машҳур бўлиб кетди. Бунда ижтимоий тармоқларда соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни фаол равишда тарғиб қилувчи юлдузлар ва инфлуэнсерларнинг ҳам роли бор.

Иккинчидан, суперфудлар, одатда, қимматроқ туради. Яъни уларни фақат молиявий жиҳатдан ўзига тўқ истеъмолчилар доимий сотиб олиши мумкин. Шимолий Американинг суперфудлар бозорида савдо бўйича юқори поғоналарни чиа уруғлари, кейл карами, киноа, голубика ва қулупнай эгаллаган.

“Мазкур бозор нафақат Америка, балки Европа Иттифоқи ва Осиё мамлакатларида ҳам жадал ривожланиб бормоқда”, – дейди Зверева. Таҳлилчиларнинг фикрича, Европанинг суперфудлар бозори яқин 5 йил ичида йилига 6,9 фоизга ўсиб боради. Бу турдаги маҳсулотлар нафақат савдо тармоқлари ва чакана савдо дўконлари, балки интернет орқали ҳам сотилади.

Годжи ўрнига чаканда: Украинада ўсиб бораётган суперфудлар

Украинада супермаҳсулотлар соҳасидаги бум Ғарб мамлакатларидагидек яққол кўзга ташланмайди. Шубҳасиз, соғлом овқатланишга интиладиган ва ўз рационига чиа ёки киноани қўшиб оладиган одамлар тоифаси бизда ҳам бор. Бироқ аксарият украинлар озиқ-овқат борасида анча консерватив саналади. Бунинг афзал жиҳатлари ҳам бор. Чунки суперфудларнинг хусусиятларидан бири уларнинг маҳаллий эканлигидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти диетологлар ва нутрицологлар фикрига таянган ҳолда, овқат рационида маҳаллий ҳудудга хос бўлган анъанавий маҳсулотлардан фойдаланишни тавсия қилади.

Пиар қилинган экзотик маҳсулотлар ўрнига маҳаллий маҳсулотни топиш қийин эмас, дейди Катерина Зверева ишонч билан.

Гречиха ва у қадар машҳур бўлмаган, аммо фойдалилик жиҳатидан ундан қолишмайдиган амарант – киноага яхши муқобил вариант бўла олади.

Годжи мевалари ўрнига чаканда, чиа ўрнига – зиғир, макадамио ўрнига – кедр ёнғоғини истеъмол қилиш мумкин.

Амазон ўрмонларининг пальмаларида ўсувчи машҳур асаи мевалари ўрнига черника, тут, голубика, ежевика ва қора смородинани танлаган маъқул.

Экспертнинг айтишича, Украиналик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларни суперфуд бозорига ўзлари чиқариши ва шу йўл билан янги трендлар яратиши мумкин. Дунёда бундай мисоллар талайгина. Таркибидаги темир моддаси мол гўштдагидан кўп, кальций моддаси эса сутдагидан кўп бўлган, ҳозир анча оммалашиб кетган кейл карами яқин-яқингача чорва озуқаси сифатида ишлатилган.

“Украинада “қуён ўти” деб аталган ўша сарсабил кўкати ҳам бизда истеъмол қилинган бўлишига қарамасдан, ҳозиргидек кенг тарқалмаган эди”, дейди Зверева.

Бинафшаранг кашфиёт: хопи жўхориси

Биз учун одатий бўлган ширин бодроқ – яна бир суперфуд турларидан. Айтишларича, катта ёшли инсон учун уни истеъмол қилишнинг ўртача меъёри 34 кг ни ташкил қилади. Бироқ, жўхори етиштириш бўйича дунёнинг етакчи мамлакати бўлмиш Қўшма Штатларда ҳам ўртача истеъмол ҳажми йилига 17 кг дан иборат. Украинада бу рақамлар анча паст – киши бошига 3,5 кг холос.

Шунга қарамай, ушбу ширин маҳсулотга талаб муттасил ошиб бормоқда. Айниқса, HoReCA сегментида. “Мнагор” компанияси эгаси ва селекционер Михаил Нагорнякнинг қайд этишича, сўнгги 5 йил ичида жўхори савдоси ҳажмлари 17-20 фоизга ўсган. Украинада ҳозирги пайтда ширин жўхори қарийб 12 минг гектар майдонда етиштирилади. Бу эса ҳатто ички истеъмол талабини қаноатлантиришга ҳам етмайди.

“Масалан, ҳозир ҳамма жойда сотилаётган стакандаги бодроқ бизга Таиланддан келтирилади. Бу мамлакатда ушбу маҳсулотни етиштириш кўрсаткичлари дунёда энг катта тезликда ошиб боряпти”, дея фикр билдирди селекционер. Бу экин бизга бошқа мамлакатлардан, шу жумладан, Польша, Молдова, Венгрия ва Хитойдан ҳам импорт қилинади. Нагорнякнинг сўзларига қараганда, Украинадаги ички талабни қондириш учун ширин бодроқ етиштириладиган майдонлар камида 21,4 минг гектар бўлиши лозим.

Ҳозирда анъанавий сариқ жўхори ўрнини янги навлар эгалламоқда. Бир неча йил аввал healthy food бозорида бинафшаранг жўхори сўтаси — семизликка қарши курашиш ва артериал қон босимини пасайтиришда ёрдам берадиган хопи нави бирдан машҳур бўлиб кетди. Бинафшаранг жўхорига талаб 2030 йилга қадар ўсиб боради, дейди селекционер. Украина деҳқонлари жадал ривожлантириши керак бўлган бозор айнан мана шу.

Йирик савдо тармоқлари маҳсулотлар бозоридаги трендлардан ўзини четга олмайдилар ва ушбу сегментда ассортиментини кенгайтиришга тайёр. “Ашан Ритейл Украина”нинг кенг истеъмол товарлари харид бўлими раҳбари Виктория Шилонинг айтишича, ҳозирги пайтда компания дўконларидан суперфудларнинг киноа, чиа, годжи мевалари, амарант, кокос ёғи, зиғир уруғи, беби кейл сингари барча оммабоп турлари ўрин олган. Бундан ташқари, онлайн тарзда супермаркетдан у қадар машҳур бўлмаган товарлар, масалан, чиа уруғи, оқ киноа ёки арамант крупасини ҳам харид қилиш мумкин.

“Биз ҳозирда мазкур товарлар учун алоҳида тоифа ажратмаганмиз, бироқ бу пештахталарни доимий равишда тўлдириб, ривожлантириб боряпмиз, – дея изоҳ берди Шило. – Биз айнан суперфудларга эътибор қаратганмиз дея олмайман-ку, аммо соғлом овқатланиш билан боғлиқ бўлган, табиий ва маҳаллий маҳсулотлар диққат марказимизда эканлиги аниқ”.

Украина бозорида супермаҳсулотларни топиш қийин эмас. Аммо шуни ёдда сақлаш жоизки, шундай фойдали ва витаминга бой озуқа ҳам бутун рацион ўрнини эгалламаслиги лозим. Диетологларнинг қайд этишича, суперфудлар барча дардга даво эмас, катта эҳтимол билан улар асосий соғлом овқатланиш тарзини тўлдирувчи воситадир. Бу эса ҳар қандай ҳолатда ҳам мувозанатлашган бўлмоғи даркор.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Маrlena қизил смородина бозорида янги лидерга айланадими?

EastFruit

Марказий Осиё боғбонлари қора смородинани йошта билан, қизилини эса калина билан адаштиришмоқда!

EastFruit

Музлатилган резавор ва мевалар бозори 2023/24 йилги мавсумга тайёрми?

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин