Бош саҳифаЯнгиликларАндрей Курский (Zakaz.ua): «Онлайн савдо сегментида фреш-гуруҳлар маҳсулотларининг оммабоплиги сезиларли даражада ортмоқда»
ДолзарбМахсусЯнгиликлар

Андрей Курский (Zakaz.ua): «Онлайн савдо сегментида фреш-гуруҳлар маҳсулотларининг оммабоплиги сезиларли даражада ортмоқда»

Мева-сабзавотларга онлайн буюртма бериш – харидорларнинг янги одати. Зеро, бугун онлайн озиқ-овқат маҳсулотлари бозори жадал ривожланиб бормоқда ва Zakaz.ua каби етказиб бериш хизматининг йиллик ўсиш суръати 70%ни ташкил этаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Онлайн савдо бозорининг ривожланиш трендлари, унинг асосий рақобатчилари, инвестициялар, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари савдосининг онлайн олди-сотдига таъсири ҳақида Zakaz.ua бош директори Андрей Курскийнинг EastFruit таҳлилий порталига берган эксклюзив интервьюсида ўқинг. Мазкур компания Украина, Молдова ва Ўзбекистон бозорларида фаолият юритувчи гипермаркетлардан озиқ-овқат товарларини етказиб берувчи энг йирик сервислардан бири ҳисобланади.

Истеъмолчиларнинг онлайн буюртмаларга ишончини ошириш е-commerce сегментининг асосий ўсиш омили бўлади

— Андрей, 2022 йилда қай бир онлайн етказиб бериш тренди интернет-савдо бозорига кўпроқ таъсир қилади ва умуман, сегментнинг кейинги икки йил ичидаги ривожини қандай тасаввур қилиш мумкин?

– Бизнинг прогнозларимизга кўра, 2022 йилда фаол фойдаланувчилар сони ўсиши, уларнинг харид тажрибасини яхшилаш ва онлайн буюртмаларга бўлган ишончни ошириш электрон тижорат сегменти ривожига таъсир кўрсатади. Пандемия даврида пайдо бўлган одат – Интернет орқали маҳсулот харид қилиш кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Шунинг учун фойдаланувчилар бундай хизматдан воз кечишмайди, аксинча, ундан янада фаолроқ фойдаланишади. Харидорлар онлайн-дўконлар ва етказиб бериш хизматларидан фаол фойдаланишда давом этишади.

Бошқа трендлар қаторида буюртмалар қабул қилиш вақти қисқаришини ҳам қайд этиш жоиз, яъни, бунда расмийлаштиришдан то уй эшигига қадар етказиб беришгача бўлган жараён назарда тутилмоқда. Электрон тижоратнинг ўсишига мобил қурилмалардан фойдаланиш частотасининг ошиши сабаб бўлади – фойдаланувчилар мобил иловалардан фойдаланган ҳолда смартфонлар орқали тобора кўпроқ буюртма беришади. Биз электрон тижоратнинг келажагини айнан шу йўналишда кўрамиз.

— 2021 йилда Zakaz.ua даромади қанчага ошди ва ўсишнинг сабаби нима?

— Zakaz.ua фаол ривожланмоқда ва бизнинг йиллик ўсиш суръатимиз тахминан 70% ни ташкил қилади. 2020 йилдаги карантин бизнинг жиддий ўсишимизни таъминлади – бу даврда янги мижозлар оқими уч баробардан зиёдроқ ошди. Zakaz.ua етказиб бериш хизматининг қулайлигини синаб кўрганлар 2021 йилда ҳам ундан фойдаланишда давом этишди. Ўтган йили 1 нафар мижозга тўғри келадиган буюртмалар частотаси ошди – ҳозир бу йилига 7,39 та буюртмани ташкил этмоқда, 2020 йилда эса мазкур кўрсаткич 6,94 та эди. 2021 йили Украинада ўртача буюртма чеки ҳам ўсди ва 1 783 грн. ни ташкил этди, 2020 йилда бу кўрсаткич 1 710 грн. миқдорида бўлган.

– Буюртмаларнинг энг кўп ўсиши қайси товарлар гуруҳида кузатилмоқда?

– Ўтган йили озиқ-овқат саватлари тўплами унчалик ўзгармади. Гўшт ва сут маҳсулотлари, ичимликлар, сархил сабзавотлар ва мевалар етакчи ўринларда қолди. Мижозларимиз ҳозир ҳам фаол равишда антисептиклар ва шахсий гигиена маҳсулотларини сотиб олишмоқда. Шуни таъкидлашни истардимки, буюртмалар орасида, кўпинча, органик маҳсулотларни учратиш мумкин: мева-сабзавотлар, ёрмалар, мюсли ва ун.

Соғлом овқатланиш тренди туфайли мева-сабзавотлар бўйича онлайн буюртмалар сони ошди

— Таҳлилчиларимиз жуда кўп бор қайд этишганки, супермаркетнинг мева-сабзавот бўлими – бу бадавлат харидор учун магнитдир. Мижозларингиз сархил мева-сабзавотларга қанчалик кўп буюртма беришади?

– Сўнгги пайтларда мижозларимиз, ҳақиқатан ҳам, сархил сабзавотларга тез-тез буюртма беришяпти, фреш-гуруҳ маҳсулотларининг оммабоплиги сезиларли даражада ошмоқда. Бунга соғлом овқатланиш тренди сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Шундай тенденцияларни кузатиб борган ҳолда мижозларимизга қулайлик яратиш учун 2021 йилнинг кузида Zakaz.ua Киевдаги «Столичний» бозори ва Днепрдаги «Озерка» бозоридан етказиб беришни йўлга қўйди. Сўнгги пайтларда авокадо, манго, личи каби экзотик мевалар буюртмаларда тез-тез пайдо бўлмоқда.

— Маълумки, Zakaz.ua Молдова ва Ўзбекистон бозорида ҳам ишлайди. Компаниянинг ушбу мамлакатлардаги фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапириб берсангиз – қандай қийинчилик ва имкониятларга дуч келдингиз?

— Украинанинг Zakaz.ua компанияси 2019 йилдан эътиборан, Молдова ва Ўзбекистон бозорларига экспансиясини бошлади. Даставвал, биз Молдовада озиқ-овқат етказиб бериш хизматини ишга туширдик. У ерда ҳамкоримиз МЕТRО тармоғи эди, биз кўп йиллардан буён Украинада муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.

2020 йилда Zakaz.uz хизмати Ўзбекистон бозорига кирди. Биз учун Тошкентдаги биринчи ритейл-ҳамкор Маkrо савдо тармоғи бўлди. 2021 йилда эса етказиб бериш хизматига Carrefour халқаро тармоғи ҳам қўшилди.

Zakaz.ua таҳлилчилари ҳар бир янги мамлакатда бизнес бошлашдан аввал минтақа бозорини синчковлик билан ўрганиб чиқишади ва кўплаб параметрларни ҳисобга олишади: маҳаллий электрон тижорат ривожи, рақобат, аҳолининг тўлов қобилияти ва ҳаттоки интернет мавжудлиги. Ушбу маълумотларга асосланиб, етказиб бериш хизматини ишга тушириш учун потенциал қизиқарли бозорни танлаш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Ўзбекистоннинг чакана савдо бозорида рақобат ҳозир анчайин жиддий.  Иқтисодиётнинг муттасил ўсиши туфайли хорижий брендлар сони, шунингдек, инвестициялар ҳажми йилдан-йилга ортиб боради.  Гарчи, Ўзбекистон ҳалигача тармоққа кириш бўйича Украина ва ҳатто Молдовага етиб олмаган бўлса-да, вазият жуда тез ўзгармоқда. Яқин вақтга қадар у ердаги озиқ-овқат дўконлар тармоқлари орасида фақат Маkrо ва Кorzinka ишлар эди. Ўтган йили эса халқаро Cаrrefour тармоғи, Қозоғистоннинг Маgnum ва Россиянинг «Доброцен» тармоғи ишга тушди.

Келгуси йил стратегиясининг бир қисми сифатида Zakaz.ua фаол ривожланишда давом этади. Биз янги ҳамкорлар орттириш ва Ўзбекистон ҳамда Молдова Республикаларидаги иштирокимизни кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз, шунингдек, бошқа мамлакатлар бозорларига кириш масаласини ҳам кўриб чиқяпмиз.

– Ўзбекистонда супермаркетларнинг асосий рақобатчиси  – анъанавий бозорлар. Бу Zakazнинг мамлакатдаги фаолиятига қандай таъсир кўрсатмоқда?

— Ўзбекистон, ҳақиқатан ҳам, жуда кўп қиррали бозорга эга. Бу мамлакат ранг-баранг шарқона бозорлари ва мустаҳкам анъаналарига эга. Бироқ, анъанавий бозорлар ўрнида озиқ-овқат супермаркетларини ўз ичига олган замонавий савдо мажмуалари ҳам тобора кўпроқ пайдо бўлмоқда, шунинг учун сўнгги йилларда бозорлар сони сезиларли даражада камайди.

Қайд этиш жоизки, бир томондан, Ўзбекистонда анъанавий бозорлардан харид қилиш маданияти ривожланган бўлса, иккинчи томондан, йирик шаҳарлардаги ёш авлод замонавий технологиялардан фаол фойдаланган ҳолда янги хизматларни синаб кўрмоқда.

«Ҳозирги пайтга келиб, бизнинг сегментда тобора кўпроқ янги иштирокчилар пайдо бўлмоқда ва бозор динамик равишда ўсиб боряпти»

— Бугунги кунда янги етказиб бериш хизматлари ва маркетплейслар фаол ривожланмоқда. Ритейлерлар ҳам катта ресурсларга эга бўлиб, ўз етказиб бериш хизматларига сармоя киритмоқда ва қизиқарли чегирмалар, таклифлар билан мижозларни жалб қиляпти. Ушбу фонда асосий рақобатчиларингиз кимлар эканини айта оласизми? Zakaz.ua нинг рақобатдош устунлиги нималарда намоён бўлади?

– Мазкур сегментда ягона бўлганимиз учун рақобатчиларимиз йўқ, дейиш мумкин. Бир қатор ритейлерларнинг кичик бозор улушига эга ўз онлайн-дўконлари бор, албатта.  Янги етказиб бериш хизматлари ва стартаплар ҳам пайдо бўлмоқда, бироқ, улар бошқа бизнес моделида ишлайди, масалан, маҳсулотларга ўз устамаларини қўшади.  Шуни қайд этмоқчиманки, бизнинг сайтдаги товарлар нархи супермаркетлар пештахталаридаги нархдан фарқ қилмайди. Бундан ташқари, Zakaz.ua хизматининг етказиб бериш оғирлиги бўйича ҳам рақиби йўқ. Бизнинг салоҳиятимиз катта ҳажмдаги буюртмаларни етказиш имконини беради. Мисол учун, буюртмамизнинг ўртача оғирлиги – 29 кг.

12 йиллик фаолиятимиз давомида биз мижозларга супермаркетлардан озиқ-овқат етказиб бериш хизматларининг афзалликлари ҳақида сўзлаб келмоқдамиз. Украинада интернет-савдони тарғиб қиляпмиз. Ва шуниси эътиборга лойиқки, ҳозир бизнинг сегментда тобора кўпроқ янги иштирокчилар пайдо бўляпти ва бозор динамик равишда ўсиб бормоқда.

– 2022 йилда қандай ресурс ва маблағларни сармоя сифатида йўналтирмоқчисиз? Компания ривожида маркетинг қандай роль ўйнайди?

— Бизнинг энг катта харажатимиз бу IT жамоаси,  чунки, мазкур соҳага катта маблағ сарфлаймиз.  Маркетинг ҳам биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга.  Zakaz.ua – бу онлайн хизмат, шу боис, бизнинг мулоқотимиз, асосан, дижитал йўналишда амалга оширилади. SММ, сайт, баннер, контекст-реклама, электрон почта хабарномалари шулар жумласидандир. Албатта, ташқи реклама каби мижоз билан мулоқот қилишнинг анъанавий каналларини ҳам унутмаймиз.

Аммо бугунги кунда тарғиботнинг барча усулларини уйғунлаштириш муҳимдир. Мижозларимиз орасида жуда кўп турли ёш тоифалари мавжуд ва бу ёндашув бизга Zakaz.ua сайтининг мақсадли аудиториясини иложи борича кўпроқ қамраб олишга ёрдам беради.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзия импортёрларида қизиқиш уйғотмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда тарвуз нархи бир ҳафта ичида 33 фоизга пасайган

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин