Бодом мевали дарахтлар ичида баҳорнинг энг биринчи нишонаси саналади. У, одатда, бошқа мевали дарахтлардан аввалроқ, яъни, февраль ёки март ойи бошларида гуллайди. Бу йил эса январь ойи охиридаёқ, бодом дарахти гуллаганига гувоҳ бўлдик. Шу боис ҳам, ушбу дарахт баҳорнинг кутилмаган совуқларига кўп учрайди. Шунга қарамай, Ўзбекистонда мазкур турдаги меванинг умумий ҳосили йилдан-йилга ортиб боряпти ва табиийки, бодом дарахти экиладиган ҳамда етиштириладиган боғ майдонлари ҳам тобора кенгаймоқда, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг матбуот хизмати.
Aгар 2020 йили мамлакат бўйича 8,8 минг гектар бодомзор мавжуд бўлиб, бир гектардан 9,7 тонна маҳсулот олинган бўлса, 2021 йилга келиб, ушбу майдонлар деярли икки баробар оширилиб, қарийб 15,7 минг гектарга етказилди ва гектаридан 9,8 тонна маҳсулот олишга эришилди. 2022 йилда эса Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида яна 2,7 минг гектар майдонда бодом боғларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Экспорт-импорт кўрсаткичлари қандай?
2021 йилда бодом Ўзбекистондан 34 мамлакатга, энг катта хажмда Қирғизистон (485 тонна), Франция (260 тонна), Қозоғистон (191 тонна), БAA (174 тонна) ва Италияга (74 тонна) етказиб берилди. Ҳаммаси бўлиб, 6,7 млн. AҚШ доллари миқдоридаги 1 520 тонна бодом экспорт қилинди.
Импорт эса 17 мамлакатдан 1,1 млн AҚШ доллари миқдоридаги 359 тоннани ташкил этди. Бунда маҳсулотнинг энг йирик ҳажми Aфғонистон (122,6 т), Озарбайжон (42,7 тонна), Жанубий Корея (38,5 тонна), Ирландия (37 тонна) ва Хитойдан (33,6 тонна) келтирилган.
Энг биринчи гуллайдиган дарахт
Бодом жуда эрта гуллагани учун ҳам баҳорда тўсатдан совуқ ҳаво оқими кириб келиши унинг нозик гулларига кўпроқ зарар етказади. Масалан, 2021 йили Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида ҳосилнинг бир қисми бой берилган эди. Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши туфайли аномал об-ҳаво ҳодисалари тобора кўпроқ рўй бермоқда. Мана шундай ҳолатларни инобатга олиб, агроном-олимлар кечроқ гуллайдиган навлар танлашни тавсия этишяпти. Чунки, гуллаётган боғларни қаттиқ совуқдан қутқариб қолиш деярли имконсиз.
Иссиқсевар, қурғоқчиликка ўта чидамли бодом йилига 500-700 мм.дан зиёд ёғингарчилик кузатиладиган Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг тоғ ва тоғолди қияликларида униб-ўсиб, ҳосил беради.
Республикамизда бодомнинг юқори сифатли маҳаллий ва хориж (AҚШ, Ғарбий Европа, Қрим, Туркманистон ва бошқа давлатлар)дан келтирилган ўнлаб навлари синовдан ўтказилган.
Экиш учун эрта ҳосилга кирувчи, қурғоқчилик ва баҳорги совуқларга чидамли, ҳосилдорлик даражаси мўътадил, мағзи мазали, бозор талабларига жавоб берувчи истиқболли навлар иқлим шароитимизга мослаштириб танлаб олинган. Мамлакатимиз шароитида экиш учун мослаштирилган навлардан “Колхозчи”, “Гўзал”, “Тянь-шянь”, “Самарқанд 56”, “Бўстонлиқ”, “Ўзбек ғалвираги”, “Ноёб-жойдори”, “Консой-жойдори”, “Малика”, “Зарина” кабилар тавсия қилинади.
Бодом етиштиришнинг афзалликлари
Бодом меваси йилнинг август-сентябрь ойларида пишиб етилади. У сақлаш учун ҳам, экспорт учун ҳам қулай маҳсулотдир.
Дарахти 3-4 ёшдан бошлаб ҳосилга киради, 12-18 ёшдан 35-40 йилгача яхши ҳосил беради. Агар у тўғри парваришланса, 60-100 йил умр кўриб, ҳосил бериши мумкин. Бир туп дарахтнинг ҳосилдорлиги 3-4 кг дан 10-20 кг.гача етади.
Шунингдек, бодом бошқа мевали дарахтларга нисбатан тупроқ шароитларига яхши мослашади, касаллик ва зараркунандаларга нисбатан чидамли. Тоғли ҳудудлардаги суғорилмайдиган (лалми) ерлар бодом учун жуда мосдир. Пўстлоғидан эса ёқилғи сифатида фойдаланиш мумкин.
Суғоришнинг самарадор усули
Бодом қурғоқчиликка чидамли ўсимлик бўлса-да, қўшимча суғориш орқали унинг ҳосилдорлиги янада ортади. Қолаверса, қўшимча суғориш дарахтнинг яхши ўсиши, мағзи шаклланиши, яхши мева беришига ҳам таъсир қилади. Суғориш усуллари ичида энг мақбули томчилатиб суғориш бўлиб, бу усул ҳар бир дарахт илдизига тўғридан-тўғри ва керакли миқдорда сув етказиб бериш имконини беради.
Видеотасвир ва суратлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий сайтидан олинди.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!