Ньюарк шаҳри (Нью-Жерси штати, АҚШ)нинг қоқ марказида жаҳондаги энг юқори технологияли фермалардан бири жойлашган. Маҳаллий Liberty аэропортининг тўғридан-тўғри парвоз йўли остида жойлашган AeroFarms вертикал фермаси кўкатларга лиқ тўла. Шифтга томон чўзилган поғонали минораларда руккола, пак-чой, карам, кресс-салат каби ўсимликлар ва микрокўкатлар ўсмоқда. Фрисби катталигидаги дрон ушбу агро-ишланмага шўнғийди ва топшириқни бажариб бўлгач, учиб кетади. Бу ҳақида Nokia Bell Labs’даги блогида Lead Technology Content Editor Кевин Фитчард ҳикоя қилди, деб хабар бермоқда EastFruit.
Дрон яшил япроқли пластик лотоклар олдидан учиб, юқори аниқликдаги камерани нафис баргларга қаратади — сариқ доғлар, нотекис ўсган жойлар, баргларнинг ноодатий ҳажми, поя узунлиги ёки рангдаги ўзгариш — хуллас, нуқсон қидириши керак. Учувчи қурилма бир неча сония ичида лотокни оптик сканердан ўтказади, бироқ ўсимликлар гуруҳида ўсиш сусайган жойга алоҳида эътибор қаратади. Машинанинг ўрганиш алгоритмлари микрокўкатларнинг бу кичик майдонини тадқиқ қилиш зарурлигини аниқлагач, AeroFarms мутахассисига юборилиши учун огоҳлантирув ҳосил қилади.
Қишлоқ хўжалиги, сунъий интеллект, автоматик ўрганиш, компьютерлашган кўриш қобилияти, симсиз тармоқлар ҳамда дронларни бошқаришнинг ушбу ажойиб бирикмаси AeroFarms ва Nokia Bell Labs ўртасидаги янги ҳамкорлик натижаси бўлди. AeroFarms вертикал деҳқончиликда кашшоф бўлиб, экологик назорат остидаги шароитларда экин етиштириш орқали шаҳар пейзажларини фермерлик муҳитига айлантиради. Қишлоқ хўжалигига бундай ёндашув жаҳонда озиқлантириш усулларини ўзгартириши мумкин. Масалан, донли экинлар етиштиришнинг асосий қисмини улар истеъмол қилинадиган аҳоли пунктларида ўстириш мумкин. Вертикал фермалар нафақат майдонларни оптималлаштиради, балки анъанавий фермер хўжаликларига нисбатан анча кам сув, энергия, ишчи кучи ва пестицидлар талаб қилади. Шунингдек, катта миқдордаги ифлосланишнинг олдини олиш ва ёқилғини тежаш мумкин, чунки бунда мева-сабзавотлар қишлоқ хўжаликларидан узоқ масофага бориши шарт бўлмайди.
Nokia Bell Labs инновацияси AeroFarms’га вертикал ферманинг муҳим қисмини, яъни, миллионлаб ўсимликлар ўсишини кузата оладиган мунтазам мониторинг ечимини тақдим этади. Дронлар вертикал ферманинг етиб бўлмайдиган бурчакларигача «назар ташлаб», инсон омилига нисбатан анча катта майдонни тезликда қамраб олиши мумкин. Сунъий интеллект билан ўқитилган компьютернинг кўриш қобилияти ўсимликлар ҳақида маълумотларни пикселлар даражасига қадар намоён эта олади. AeroFarms’га тегишли патентланган ўсиш платформасининг бир қисми сифатида ушбу технология нафақат ўсимлик ёмон ўсаётган жойларни, балки суғориш тизимларининг нотўғри ишлаши бўладими, ножоиз ёритишми, буларнинг сабабини аниқлайди. Деҳқончилик фаолиятининг ушбу шаклдаги кундалик, соатлик мониторинги ҳосилдорлик ва самарадорликни ошириб, вертикал деҳқончилик янада кўпроқ натижа беришига кўмаклашади.
Nokia Bell Labs’даги Интеграциялашган ечимларнинг тадқиқот лабораториялари вице-президенти Тьерри Кляйн шундай дейди: “Жаҳон бўйича аҳоли сони кундан-кунга ўсмоқда ва озиқ-овқат билан таъминланадиган одамлар сафи тобора кенгайиб боряпти. АeroFarms билан биргаликда биз ўсимликларнинг ўзаро таъсирини мисли кўрилмаган даражада кўриш ва аниқлаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини максимал даражада оптималлаштириш имконини берадиган, реал вақт режимида маълумотларни таҳлил қилувчи ечим яратмоқдамиз. Бу технология нафақат қишлоқ хўжалигини, балки бошқа кўплаб соҳаларни ҳам ўзгартириш имкониятига эга”.
Ўсимликларни кузатиш ва тушуниш
Дронлар, ўсимликлар ва таҳлилларнинг яхши ташкиллаштирилган синергияси бир муҳим омил билан боғлиқ. У ҳам бўлса, АeroFarms учун миллионлаб алоҳида ўсимликлар ҳолатини кузатиш заруратидир. Ўсимликларнинг аксарияти ердан 10 метр баландликда жойлашган. АeroFarms бош директори Дэвид Розенбергнинг сўзларига кўра, компания учун компьютерлаштирилган кўриш тизими бўйича мураккаб, аммо самарали ечим керак эди.
«Тасвирдан жуда кўп маълумот олиш мумкин«, дейди Розенберг. «Кенглик, узунлик, поянинг узунлиги, банд узунлиги нисбати, ранг, ранг хиралашиши, доғлар, ёриқ, эгрилик — булар кўз идрок этиши мумкин бўлган ҳолатлар. Аслида эса баъзи тасвирлар янада кўпроқ нарсани намоён эта олиши мумкин. Бу маълумотларнинг бари нафақат ўсимликлар биологиясини янги даражада тушунишга, балки бизнинг энг яхши фермер бўлишимизга (албатта, заруратга қараб, тижорат мақсадларида ўсимлик етиштиришни динамик равишда мослаштирган ҳолда) ҳам ёрдам беради”.
Аммо ҳар куни миллионлаб ўсимликларни фотосуратга олиш мураккаб логистик муаммодир. Ўсимликлар камера олдида ҳаракатлана олмайди. Шу боис, камеранинг ўзи ҳаракатланиши керак. Nokia Bell Labs компанияси АeroFarms’нинг ёпиқ вертикал фермаларидаги ҳар бир ўсимликка етиб бориши мумкин бўлган дронлардан фойдаланган ҳолда мобил камера тизимини ишлаб чиқди. Бундан ташқари, дронларнинг автоном ишлашига, лекин шу билан бирга унисон тарзда ишлашига имкон берувчи бошқарув тизими яратилмоқда. Ушбу тизим ҳар бир дронга ўзига хос мониторинг вазифалари юкланганини ва бу вазифалар бир-биридан фарқ қилишини таъминлайди. Дронни қайта қувватлаш керак бўлганида «дирижёр» платформаси уни қувватлаш станциясига йўналтиради ва керакли вазифаларни бажариш учун янги дронни тайинлайди.
Nokia Bell Labs ва АeroFarms яна бир логистик тўсиққа дуч келди. Гап шундаки, дронлар ҳар куни ўн минглаб тасвирларни олиши керак бўларди, аммо ботаниклар армияси реал вақт режимида бунчалик кўп маълумотларни кўриб чиқа олмайди. Nokia Bell Labs сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ўсимликлар ўсишидаги изчиллик ва ўзгарувчанликни аниқлаш ҳамда ҳосилни прогнозлаш учун барг ҳажмини сегментациялаш, миқдорни аниқлаш ва пикселга асосланган сканерлашдан фойдаланган ҳолда ботаник маълумотларни алоҳида ўсимликлар даражасигача тўплаши мумкин бўлган машинанинг кўриш технологиясини ишлаб чиқди. Ишлов беришнинг булут платформаси талаб қилинадиган илғор алгоритмларни ишга туширишга қодир ва АeroFarms олимларига вақт ўтиши билан тизимни яхшилаш ҳамда мослаштириш учун Nokia Bell Labs яратган янги машина-ўрганиш воситаларидан фойдаланиш имконини беради.
“Бизнинг видеотаҳлил конвейеримиз тўлиқ модулли тизимдир”, дейди Nokia Bell Labs Drones and Robotics Research бош директори Пол Уилфорд. «Ҳар бир элемент тармоқ бошқаруви бўйича булут реализацияси учун созланган ва оптималлаштирилган. Аналитик механизмларимиз АeroFarms ўсимликшунослари ва олимларига натижаларни бир зумда тақдим этади”.
Боғдорчиликдан ташқари вазифалар
АeroFarms ва Nokia Bell Labs узоқ йиллик ҳамкорлиги доирасида AeroFarms’нинг жорий тижорат экинлари навларидан фойдаланган ҳолда синов тизимини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш орқали аллақачон муҳим босқичга эришди. Энди ушбу тизим АeroFerms’нинг барча экинлари ва келажакдаги ёпиқ вертикал фермалар, жумладан, Данвилле, Виржиния, Абу-Даби ва БААда режалаштирилган иккита объект учун кенгайишга тайёр.
Аммо Nokia Bell Labs ёпиқ жойда ўсимлик ўстириш билан чекланиб қолмайди. Комплекс тизим мослашувчан ва модулли лойиҳалаштирилган бўлиб, саноат мониторингининг бошқа иловаларини қўллаб-қувватлайди. Маълумки, фабрикалар, омборлар ва тарқатув марказлари каби йирик ёпиқ иншоотларда текширув, инвентаризацияни бошқариш ва жараёнларни оптималлаштириш зарурати бор. Автоном дронлар ушбу эҳтиёжларни қондиришнинг хавфсиз, кенгайтирилган ва тежамкор усулини тақдим этади. Қишлоқ хўжалиги дрони карам қаторидаги суст ўсаётган экинни аниқлай олгани каби инвентар дрон ҳам катта дўкон пештахталаридаги товарларни санаб, жараёнда нотўғри жойлаштирилган нарсаларни топади. Ёки объектни кузатувчи дронни олайлик. У омборнинг сизиб чиқиш билан боғлиқ ва бошқа муаммоларини кўра олиши мумкин.
Бироқ, дронлар келажакда саноат таҳлилини шакллантирувчи интеграциялашган ечимнинг фақат бир қисмидир. Nokia’нинг 4G/5G хусусий симсиз тармоқлари ушбу дронлар «тўдаси»ни аниқ назорат қилиш ва улар тўплайдиган катта ҳажмдаги маълумотларни ишга тушириш учун зарур бўлган кам кечикишли ишонарли уланишни таъминлайди. Булут таҳлилни ўз ичига олади, у барча тасвир ва датчик маълумотларини анализ қилиш, фойдали маълумотларни олиш ва ақлли қарор қабул қилиш имкониятини яратади.
«Вертикал деҳқончилик — бу ҳали бошланиши, бундай кенг кўламли, интеллектуал ва тўлиқ автоном платформанинг имкониятлари чексиздир. Биз ҳамкорлар ва мижозларнинг кенг экотизимини жалб қилишни интиқлик билан кутиб қоламиз. Зеро, ана шундагина ноёб вазифаларни ҳал қилишда технологияларимиздан фойдалана оламиз”, дейди Кляйн.
Фото: АeroFarms ва Nokia Bell Labs
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!