Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларОлма кўчатларини тупроқсиз шароитда етиштириш — Буюк Британияда инновацион тажриба ўтказилмоқда
ТехнологияларЯнгиликлар

Олма кўчатларини тупроқсиз шароитда етиштириш — Буюк Британияда инновацион тажриба ўтказилмоқда

Аэропоника технологиясини тарғиб қилувчи Британиянинг LettUs Grоw стартапи ва Bardslay England мева компанияси олма кўчатларини тупроқсиз шароитда ўстириш бўйича тажриба ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақида Fruit-inform нашри lettusgrow.com портали ҳаволасига таяниб ёзмоқда.

Bardslay England Буюк Британиядаги энг йирик мева етиштирувчилардан биридир. Компания 1892 йилда ташкил этилган бўлиб, асосан, чакана савдо тармоқларига олма, нок, олхўри ва ўрик етказиб беради. Унинг боғлари Кент графлигида жойлашган бўлиб, 850 гектар майдонни эгаллайди.

LettUs Grоw экин етиштириш учун аэропоника усулини ривожлантирмоқда. Стартап ультратовуш ёрдамида ўсимлик илдизларини суғорувчи ва озиқлантирувчи сув ҳамда ўғитдан иборат туман ҳосил қилади. Кислород таъсирида ўсимликни бундай етиштириш усули унинг ўсиш тезлиги ва соғломлик даражасини оширади, бу эса пестицидлардан фойдаланишга ҳожат қолдирмайди.

Ҳамкорлик тажрибасини ўтказишдан мақсад —  аэропоника усулида етиштирилган кўчат материалларидан фойдаланган ҳолда кўчат сифатини яхшилаш ва мева ҳосилдорлигини ошириш имкониятларини ўрганиш, шунингдек, кўчат етиштиришнинг ушбу усулига сарфланган харажатлар даражасини аниқлашдан иборатдир.  Тажриба давомида олинган кўчатларнинг ҳосилдорлиги, уларни етиштириш ва ўстириш учун сарфланган ресурслар назорат қилинади.

2021 йил давомида Bardsley компанияси боғларидан уч йиллик Gala навли олма дарахтларини кесиш натижасида олинган олма дарахти кўчатларини илдиз оттириш, кўпайтириш ва кўчириб ўтказиш имкониятлари ўрганилди.  Илдиз тизими бўлаклари ва ўсимликларнинг поялари гидропоник тизимда илдиз отган, сўнгра илдиз тизими ва поялари ривожланиши учун аэропоника тизимига ўтказилган. Шундан сўнг тайёр ўсимликлар кетма-кет вермикулит, компост ва сўнг бевосита очиқ ерга кўчирилган.

LettUs Grоw компанияси асосчиси ва бош олими Жек Фармернинг сўзларига кўра, бу компаниянинг нафақат баргли кўкатлар, балки мевали дарахтлар кўчатларини ҳам етиштиришда аэропоникадан фойдаланилган илк тажрибаси эди. Потенциал жиҳатдан ўрмонларни қайта тиклаш учун ҳам кўчат материалларини тайёрлашда аэропоника усулини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Аэропоника ўсимликларни кўпайтиришнинг анъанавий усулларидан кўра фойдалироқ бўлиши мумкин, чунки у бир қатор афзалликларга эга. У катта ер участкаларини талаб қилмайди, об-ҳаво шароити ва фасллар таъсирига тушмайди, суғоришни талаб қилмайди.  Аэропоника мосламасини ўрнатишда ўсимликларнинг илдиз тизими очиқ бўлиб, бу ўз навбатида, уларнинг ҳолати ва ривожланишини кузатиш имконини беради.  Мазкур усул экин материалининг тупроқда ўстирилган кўчатларга хос  касалликлар билан зарарланишининг олдини олишда ёрдам беради.

Тажриба шуни кўрсатдики, аэропоника туфайли олма дарахти кўчатлари 2 ой ичида ўсиш бўйича мўлжалланган кўрсаткичларга эришди. Келажакда компания мутахассислари ёруғлик беришдаги ўзгаришлар кўчатларнинг вегетация жараёнига қандай таъсир қилишини, олма дарахтларининг турли навлари аэропоникага қандай дош беришини ўрганишни режалаштирмоқда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин