Liquidseal компанияси (Нидерландия) мева ва сабзавотларга қатлам суриш бўйича янги технологияни тақдим этди. Айтилишича, ушбу технология маҳсулотни янги ҳолатда сақлаш муддатини икки баравар узайтириб, озиқ-овқат ва қадоқлаш чиқиндиларини камайтиришга ёрдам беради.
Қатламда Япониянинг Kuraray компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган юқори сифатли поливинил спирт (PVOH)дан фойдаланилади. Ушбу япон компаниясининг ваколатхонаси Германияда жойлашган бўлиб, у дунёнинг етакчи махсус химикатлар ишлаб чиқарувчиларидан бири саналади.
Kuraray томонидан ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли PVOH полимерлар тўпламидан фойдаланиб, Liquidseal ўз қатламларини турли пўстлоқларга нисбатан мослаштириши мумкин. Бундан ташқари, Kuraray рўйхатдан ўтиш жараёнида ва ушбу технологияни бошқа соҳаларда қўллаш имкониятларини очишда Liquidsealга кўмаклашади, деб ёзади АгроБизнес.
Liquidsealнинг маълум қилишича, ҳозирда улар янги PVOH нави — Kuraray Poval 5-88 FA асосида олхўри, олма ва шафтоли учун еса бўладиган қатлам устида иш олиб бормоқда.
“Мевалар ва сабзавотлар кислород билан алоқага киришганда, оксидланиш бошланади ва микроорганизмлар тезроқ кўпайиши мумкин. Ушбу жараённи секинлаштириш учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳозирга қадар асалари муми ёки шакардан тайёрланган қопламлардан фойдаланишган ёхуд маҳсулотни қўшимча пластик қоплам билан ўрашган. Кўпинча бу самара бермайди ва атроф муҳитга зарар етказади. Бизнинг янгича ечимимиз, масалан, авокадони сақлаш муддатини икки баравар узайтириши мумкин. Қолаверса, биз ишлаб чиққан қоплам инсонлар ва атроф муҳит учун ҳам анчагина фойдали”, дея тушунтириш берди Liquidsealнинг тадқиқотлар ва ишланмалар бўйича менежери Гленн Гроневеген.
Liquidseal қопламаларининг асосини сув ташкил қилади, уларнинг таркибида органик эритмалар мавжуд эмас. Гуруҳнинг таъкидлашича, Kurarayнинг PVOH материаллари туфайли улар тўлиқ биологик парчаланиши мумкин.
Liquidseal қопламалари бевосита мева пўстлоғи устидан жуда юпқа қилиб суртилади. Компаниядагиларнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари катта ҳажмдаги қўшимча инвестицияларсиз, мавжуд ускуналар ёрдамида ушбу янги қопламани ўз маҳсулотларига суртишни йўлга қўйишлари мумкин.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!