Совутиш ускуналари ва замонавий технологик мева-сабзавот омборларидан фойдаланиш маҳсулот сақлаш муддатини узайтиришга имкон беради. Бироқ, сабзавотлар, картошка, мева, резавор ва бошқа маҳсулотларни нафақат узоқ вақт, балки сифатли сақлаш учун ҳам бир қанча омилларни ҳисобга олиш керак, деб ёзмоқда SEEDS нашри.
Совутгич ва климатик ускуналар соҳасида 10 йилдан зиёд вақтдан буён фаолият юритаётган ва жаҳондаги 60 дан ортиқ техника ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг етказиб берувчилари билан ҳамкорлик қилиб келаётган Alternative Technologies PF компанияси мутахассислари самарадорликка эришиш учун тўрт асосий қадамни қайд этишди:
- сақлаш объектини малакали лойиҳалаш, унинг сиғими ва қувватини ҳосил ҳажми бўйича ҳисоблаш;
- сифатли маҳсулотларни саралаш ва танлаш, зеро, бузилган ёки «касалланган» мева-сабзавот маҳсулотлари юқори сифатлилари билан бир жойда турса, саралари ҳам қисман бузилади ва бу хўжалик учун қўшимча зарардир;
- зарур ускуналарни ўрнатиш. У барча муайян қувват параметрларига, ҳарорат шароитларига мос келиши, тегишли намлик даражасини таъминлаши ва хонани етарли даражада вентиляция қилиши керак;
- омбор ва маҳсулотларга қаровчи ходимларни жалб қилиш.
Ускуна танлаш масаласига келсак, «Alternative Technologies PF» компаниясининг лойиҳалаш бўлими бошлиғи Сергей Виставнойнинг сўзларига кўра, бугунги кунда мева-сабзавотларнинг ўрта ва паст ҳароратли сақлаш камералари, шок усулида совутиш, хусусан, гидрокулинг, ҳавони олдиндан совутиш тизими; шок усулида музлатиш, жумладан, музлатиш камералари ва шкафлар, флюидизацион ва спиралли тез музлатувчи ускуналар, шунингдек, маҳсулот қадоқланадиган ишлаб чиқариш объектлари долзарб аҳамиятга эгадир.
Агар фермер нафақат сабзавот етиштириш, балки уни қайта ишлаш билан ҳам шуғулланса, махсус сақлаш жойларисиз ишлай олмайди. Мисол учун, сабзини олайлик, ушбу сабзавотни музлатгичсиз сақлаш имконсиз. Шунинг учун ускунани ижарага олишингиз ёки ўз ускунангизни ўрнатишингиз керак бўлади.
Картошкани қутиларда ҳам, уюм ҳолатида ҳам сақлаш мумкин. Агар картошка уйилиб ётган ҳолда сақланса, бундай усулдаги сақлов ташқи ҳаво ёрдамида мажбурий шамоллатишни талаб қилади. Шу билан бирга, шамоллатиш вентиляция каналлари орқали амалга оширилади. Бу фаол шамоллатиш усули. Ҳаво оқими ҳарорат ва мавсумга қараб тартибга солинади. Сабзи учун бунинг зарурати йўқ. Бунда намликнинг юқори даражаси (тахминан 95%) ва омбордаги +2 даража ҳароратни ушлаб туриш муҳимдир.
Агар резаворларни сақлаш ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада замонавий технологияларни танлаш маҳсулотнинг яроқлилик муддатини узайтириши мумкин. Мисол учун, оддий шароитда голубикани совутгичда 3-4 ҳафта сақласак бўлади. НАМ (Назорат қилинадиган атмосфера муҳити) технологиясидан фойдаланган ҳолда ушбу маҳсулотни 10 ҳафтадан ортиқ сақлашга эришиш мумкин.
НАМда резаворларни сақлашнинг икки хил варианти бор: махсус тузилган герметик камера ёки герметик сумкали паллет тури. Иккинчи тур нисбатан универсалдир. Сақлашнинг бу усули самаралироқ ҳисобланади ва қолган резаворларни бузмасдан, аста-секин сотиш имконини беради.
Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.
Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!